Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:49

OzodDayjest: Сенатор вояга етмаган қизлар орасида ҳомиладорлик ҳолати ортганидан ташвиш билдирди


Сенатор Тошмуҳамедова сўнгги икки йилда Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиш ҳолатлари икки баробарга кўпайганини қайд этди. Бензин нархининг ошиши бошқа ашёлар баҳосига таъсир ўтказиши мумкинлигидан хавотир билдирилди. Навоийнинг қўлига гитара тутқазиб қўйилиши ўзбек миллатига нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳоланди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Сенатор Тошмуҳамедова: “Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши икки баробарга ортди”

Охирги икки йилда Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиш ҳолатлари икки баробарга кўпайган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова маълум қилди (www.daryo.uz, 27 январь).

“Ёшларимизнинг, айниқса, ўспиринларимизнинг ўзининг саломатлиги тўғрисида билими етарли эмаслиги муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бунинг натижасида бир нечта салбий ҳолатлар учрамоқда. Мисол учун, Тошкент вилоятида эрта туғиш кўрсаткичи ўсиб бораётгани, баъзи бир вилоятларда ўсмир қизлар орасида абортнинг кўпаяётгани жуда аянчли ҳолат” деган Д.Тошмуҳамедова.

Сенаторнинг айтишича, биргина Самарқанд вилоятида вояга етмаган қизлар ўртасида сунъий аборт қилдириш сони 72 тагача кўтарилган. Тошкент вилоятида эса 2019 йилда 15-16 ёш оралиғидаги қизларда эрта туғиш ҳолати икки баробарга кўпайган.

Шунингдек, республика бўйича оналар ва болалар ўлими камаяётган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятининг айрим туманларда бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Эрта турмуш қурган қизларнинг ҳомиладорлик ва бола парвариши бўйича билими етарли даражада эмаслиги ҳам аниқланган.

Маълум қилинишича, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда ва кейинги ўқув йилларидан босқичма-босқич жорий этилади.

Platforma.uz: “1 февралдан бензин қимматласа, Ойпошша холанинг носи ҳам ошади”

Ўзбекистонда 1 февралдан бензин нархи ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Гап шундаки, 1 февралдан Ўзбекистон миллий валютасида белгиланган айрим акциз солиғи ставкалари оширилади. Жумладан, 1 тонна Аи-80 бензини солиқ ставкаси 200 минг сўмдан 240 минг сўмга, Аи-91, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензинлари ставкаси 250 минг сўмдан 275 минг сўмга кўтарилади. Юқоридаги ўзгаришлардан кейин республикада оммабоп бўлган Аи-80 бензинининг литри ўртача 110 сўмгача (ҚҚС билан) ошиши мумкин. Аи-90 ва ундан юқори маркали бензинлар нархи ўртача 60 сўмдан 90 сўмгача қимматлашиши кутилмоқда.

“Ўзи 30 йилдан буён ойлик ошса, одамлар қўрқадиган бўлиб қолган. Маош ва нафақаларнинг ошиши ҳақидаги хабарлар мудом хосиятсиз характерга эгалигича қолаётир. Минг афсуски, менталитет нуқтаи назаридан бензин қимматлаши бизда барча соҳага, ҳатто Ойпошша холанинг носига ҳам таъсир қилади. Бошқа нарсани гапирмасаям бўлади. Хўш, мулозимлар нега нарх оширишга “бошқоронғи” бўлган? Дунё биржаларида нефт нархи тушганда ҳам, бизда тушмаган ҳолатларниям кўрдик”, деб ёзган Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Реклама постерида Алишер Навоий гитара билан тасвирлангани танқидларга сабаб бўлди

Flyin Up ўзбек рок гуруҳининг реклама постерида шоир ва мутафаккир Алишер Навоий электрон гитара тутган ҳолда тасвирлангани танқидларга сабаб бўлди (“Ҳуррият”, 27 январь).

“Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз асарини кўчиришда битта нуқтани тушириб қолдиргани боис араб имлосида ёзилган “кўз” сўзи “кўр”га айланиб қолгани учун хаттотдан қанчалар норози бўлган эканлар. Биз кўриб турган, минг-минглаб одамларга тақдим этилаётган постдаги расм – илмсизлик, бефаросатлик ва нўноқлик касридан улуғ бобомиз қўлига гитара тутқазиб қўйилиши миллатимизга нисбатан беҳурматлик, давлатимизни тан олмаслик оқибатидир. Оқбилакларга муносиб келадиган ёқут кўзли тилла узукка бало борми?!” деб ёзади шоира Муҳтарама Улуғова.

Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри маъмурияти ҳам бу ҳолатга эътироз билдирган.

“Буюк мутафаккир ва файласуф олим, ўзбек тилининг асосчиси, донишманд бобокалонимиз Алишер Навоийни на динимиз, на миллатимиз ва на тарихимиз, қўйингки, ўзига ҳам алоқаси бўлмаган ҳолатда, бармоқларини бу кўринишда, бурни қизарган, ғалати белгилари бор мусиқа асбоби билан тасвирлангани тушунарсиз” деган театр маъмурияти.

Танқидлардан сўнг Flyin Up гуруҳи афишанинг янгиланган кўринишини ҳавола этган.

Аввалроқ Қарши шаҳрида шоир ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг пицца ушлаб турган катта реклама сурати ўрнатилган ва эътирозлардан кейин олиб ташланган эди.

XS
SM
MD
LG