Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:13

OzodDayjest: Сўконғич ҳоким раҳбарлик қилаётган ҳудуд “Энг намунали туман” сифатида тан олинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Йилнинг “Энг намунали тумани” танловида сўконғич ҳоким раҳбарлик қилаётган ҳудуд совриндор бўлди. Депутат браконьерларга нисбатан жазони кучайтирмоқчи. Жавоҳир Зокировнинг “Мендирман Жалолиддин”дан кўнгли тўлмагани маълум бўлди. Ортда қолган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ўлдирганлик учун жазони кучайтириш таклиф этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани ҳудудида номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган 14 бош жайрон ҳамда 5 дона қуённи ноқонуний равишда овлагани жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди (“Оила ва табиат” газетаси, 16 декабрь).

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ҳамда Тахтакўпир тумани ички ишлар бўлими ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида воқеа жойидан қочиб кетган браконьерларнинг шахси аниқланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экопартия фракцияси аъзоси Турғанбай Хожаназаровга кўра, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига тажовуз қилиш ҳолатларига ҳар қанча чора кўрилмасин, бундай жиноятлар такрор ва такрор содир этилмоқда. Шунга кўра депутат бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо турларини янада кучайтиришни таклиф этади.

“Бундан олдин Устюрт текислигида 11 бош жайронни овлаган браконьерлар 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Бу галги қонунбузар овчиларга ҳам жарима ёки ундан ҳам оғирроқ жазо тайинланиши шубҳасиз. Аммо бу билан нима ўзгаради? Отилган жайронлар тирилиб, ўлган қуёнлар оёққа туриб қоладими?” дейилади газетага чоп этилган бошқа бир мақолада.

Таъкидланишича, ноёб жониворларни муҳофаза қилиш учун масофавий, онлайн назорат тизимини жорий этиш, ҳудудларга кузатув камераларини ўрнатиш вақти келди.

Йилнинг “Энг намунали тумани” танловида сўконғич ҳоким раҳбарлик қилаётган ҳудуд совриндор бўлди

Республика Маънавият ва маърифат марказида маънавий-маърифий соҳадаги “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди (www.kun.uz, 15 декабрь). Шу кунларда ҳокими фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб машҳур бўлган туман ҳам ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Танловда 1-ўрин Элликқалъа (Қорақалпоғистон) ва Бувайда (Фарғона) туманларига топширилди. Иккинчи ўринга Янгибозор (Хоразм), учинчи ўринга эса Шаҳрисабз (Қашқадарё) тумани лойиқ кўрилди.

Танлов ғолиблари қуйидаги қимматбаҳо совға ва пул мукофоти билан тақдирланди: 1-ўрин – “Damas” автомобили ва 15 миллион сўмли китоблар тўплами; 2-ўрин – 40 миллион сўм пул мукофоти ва 12 миллион сўмли китоблар тўплами; 3-ўрин – 25 миллион сўм пул мукофоти ва 8 миллион сўмли китоблар тўплами.

Эътиборли жиҳати, танловнинг “Энг намунали туман ва шаҳар” танловида иккинчи ўринга муносиб кўрилган Янгибозор тумани ҳокими Ўктамбой Қурбоновнинг фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани аудиоси тарқалганди.

Маънавият ва маърифат маркази сайтида танлов ғолибларининг тўлиқ рўйхати кўп ўтмай ўчириб юборилди. Кейинроқ сайтга танлов ўтказилгани ҳақидаги умумий маълумот жойланди.

Тақдирлаш маросимида иштирок этган блогер, Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам ушбу танлов шаффоф ўтмаганига ишора қилган.

Очиқ манбаларда ғолибларнинг айнан қандай шарт ва талаблар асосида танлаб олингани билан боғлиқ маълумотлар ёки танлов регламенти келтирилмаган.

“Бир йиллик умримга ачиндим” – Жавоҳир Зокиров “Мендирман Жалолиддин” сериалидан кўнгли тўлмаганини айтди

Таниқли актёр Жавоҳир Зокиров “Мендирман Жалолиддин” сериалидан кўнгли тўлмагани ҳақида гапирди (www.daryo.uz, 14 декабрь).

“Умумий лойиҳадан кўнглим тўлгани йўқ. Сарфлаган бир йил умримга жуда ҳам ачиндим. Сабаби тасаввур қилганимдек бўлмади. Мен уни бошқача тасаввур қилгандим, бошқаларга ўхшамайдиган нарса бўлади деб ўйлагандим. Ҳар томонлама кўнглим тўлмади. Умумий жавоб шу, албатта, мен одамларни алдай олмайман, шунинг учун тўғрисини айтаман”, дейди актёр.

Ж.Зокиров “Мендирман Жалолиддин” сериалида Чингизхон ролини ижро этган.

Ўзбекистон маданият вазирлиги буюртмасига асосан Туркиянинг “Боздағ фильм” кинокомпанияси томонидан суратга олинган сериалнинг биринчи фаслига “Orient Finans Bank” хусусий банки ҳомийлик қилган. Дастлабки 13 серия учун 7 миллион доллар сарфлангани хабар қилинган.

Сериал жорий йил 14 февралдан “Миллий” телеканалида эфирга узатила бошлаган. Зиёлилар ва мутахассислар фильмда тарихий ҳақиқат бузилганини танқид қилган.

“Мендирман Жалолиддин” – ўз номи билан бадиий фильм. Бу унинг ҳар қандай тўқима воқеадан фарқи йўқ дегани. Агар мухлис кинодан тарихий фактлар ўрганаман, деса хато қилган бўлади. Чунки дунёдаги жамики ҳар қандай тарихий фильм сизни хатога олиб боради, барчасида хатоликлар топилади. Ҳақиқатни ўрганиш учун кинога мурожаат қилинмайди. Манбалар, тарихий фактларга мурожаат қилинади”, дея танқидларга муносабат билдирган маданият вазири Озодбек Назарбеков.

XS
SM
MD
LG