Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

OzodDayjest: Марказий Банк раиси Россияга қарши санкцияларнинг Ўзбекистонга салбий таъсири ҳақида гапирди


Марказий Банк биноси.
Марказий Банк биноси.

Россиянинг Украинага босқини ортидан амалга киритилган иқтисодий чекловлар инвестиция лойиҳаларни молиялаштиришни савол остида қолдирмоқда. “Ўзбеккосмос” раҳбари сунъий йўлдош учиришнинг манфаатли эканини савол остига олди. Сенатда маданият вазирлиги фаолияти танқидий баҳоланди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.


“Ўзбеккосмос” раҳбари сунъий йўлдош учиришнинг манфаатли эканини савол остига олди

“Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Қодиров Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон томонидан сунъий йўлдош учирилиши имкониятлари ҳақида гапирар экан, битта сунъий йўлдош учун 200-300 млн доллар маблағ сарфлаш нечоғли тўғри эканини савол остига олди (www.kun.uz, 29 март).

“Бугунги кунда НАСАнинг бир йиллик бюджети 20 млрд долларни ташкил қилади. Буни агентликка давлат ажратади. Биз бу каби ташаббусларни давлатга беришдан аввал яхшилаб таҳлил қилдик ва ён атрофдаги агентликлар фаолиятини ҳам ўргандик. Битта стационар (сунъий йўлдош) 36 минг километр баландликка кўтарилади. Унинг биттасини учириш эса 200 дан 300 млн долларгача туради. Бизда, шунингдек, уни ким ишлатади ва утилизациясини ким қилади, деган савол ҳам бор. Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжига битта сунъий йўлдошнинг 10 фоиз иши тўғри келадими ёки 5 фоизи, биз бунга ҳам жавоб тополмадик”, дейди Ш.Қодиров.

“Ўзбеккосмос” раҳбари сунъий йўлдош интернетидан кўра оптик тола орқали интернет тезроқ эканини ҳам қайд этган.

“Kun.uz” нашрининг эслатишича, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 2018 йилда яқин келажакда Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учиришини муҳим стратегик вазифалардан бири деб атаб, бунинг натижасида ҳаёт “бирданига кескин ўзгариши”дан баҳс этган.

Сенат қўмитасида Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилаётган вазирлик танқид қилинди

Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида маданият вазирлиги фаолияти муҳокамасига доир мажлис бўлиб ўтди (“Халқ сўзи” газетаси, 26 март). Муҳокама жараёнида соҳада ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланиб, вазирлик фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди.

Жумладан, тизимда олий маълумотли малакали кадрлар тақчиллиги жойларда маданият соҳасида давлат сиёсатининг самарали олиб борилиши, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Масалан, Хоразм вилоятида 2019-2022 йилларда маданият марказлари қурилиши ва таъмири доирасида 28 миллиард сўмли ишлар бажарилмаган. Президентнинг 2017 йилдаги қарорига кўра Хонқа, Урганч, Гурлан ва Ҳазорасп туманларида 2021 йилга қадар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиши белгиланган бўлса-да, бу вазифа адо этилмаган.

Маданият марказларида ташкил этилган тўгаракларга ёшларни жалб қилиш ишлари талаб даражасида эмас, аксар тўгараклар қоғоздагина ташкил этилган. Сўнгги уч йил давомида қурилган 13 та болалар ва мусиқа мактаблари ҳалигача жиҳозланмаган. Истироҳат боғлари фаолиятини ташкил этишда ҳам камчиликлар талайгина.

“Тизим бўлмагандан кейин натижа кўринмайди. Икки йилдан бери кутамиз, янги вазир ўзига келиб олсин, ўргатмайлик дедик ва ниҳоят чегарага етиб келдик”, дея тизимни танқид қилган Сенат қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Қўмита раиси вазирлик парламент билан бамаслаҳат иш олиб бормагани, муаммоларни бартараф этишда ёрдам сўрамаётгани, имкониятлардан фойдалана олмаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Озодбек Назарбеков 2020 йилнинг январидан маданият вазири лавозимида ишламоқда. 2017-2020 йилларда эса вазирликка Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўзи раҳбарлик қилган.

МБ раиси: Йирик инвестиция лойиҳалари учун янги манбалар излашга мажбур бўламиз

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуротов Ғарб мамлакатлари томонидан Россияга нисбатан жорий этилаётган санкцияларнинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 30 март).

“Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди”, дейди МБ раиси.

Қайд этилишича, Ўзбекистон импорт қиладиган нефть, металлар, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби қатор хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорида нархи ҳам ошмоқда. Бундан ташқари, анъанавий юк ташиш йўналишлари мураккаблашмоқда.

Россиянинг Украинага босқини ортидан амалга киритилган иқтисодий чекловлар инвестиция лойиҳаларни молиялаштиришни ҳам савол остида қолдирмоқда.

“Бўлиб ўтаётган воқеалар биз жойлашган ҳудудимизнинг (минтақамизнинг) инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги манбаларни излашга мажбур бўламиз ва бу, албатта, белгилаб олган таркибий ислоҳотларимизни тезроқ ва самарали амалга оширишни талаб этади. Эҳтимол, баъзи инвестиция лойиҳаларини кейинга қолдиришга тўғри келиши мумкин”, дейди М. Нурмуротов.
Жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди. Сўмнинг қадрсизланиши манзарасида валюта чекловлари жорий этилиши борасида тахминлар ҳам илгари сурилмоқда.
“Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, инфляцияни таргетлаш режимига ўтаётган Ўзбекистон учун тўғридан-тўғри валюта чекловларининг жорий этилиши орқага қадам бўлади”,
дея масалага ойдинлик киритган МБ раиси.

XS
SM
MD
LG