Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:55

OzodDayjest: “Uzbekistan Airways”нинг йўловчилар норозилигига сабаб бўлган янги тартиби қонунга зид экани айтилди


Олий Мажлис депутати мактабларда ўқитувчиларнинг конспект ёзиш тартиби бекор қилингани нотўғри қарор бўлган, деб ҳисоблайди. Омбудсман меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини тураржой билан таъминлаш муаммосини кўтарди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Олий Мажлис вакили: 600 га яқин меҳрибонлик уйи битирувчиcи тураржойга муҳтож

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини тураржой билан таъминлаш борасида камчиликлар борлигини танқид қилди (www.qalampir.uz, 1 апрель).

“Жорий йил 1 январь ҳолатига Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 610 нафари тураржой билан таъминланган, 578 нафар эса бугунги кунда ҳам тураржойга муҳтож бўлиб турибди. Бундан ташқари, 2020 йил давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда меҳрибонлик уйлари битирувчилари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига тураржой берилмагани ёки берилган тураржойлар уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги борасида 20 га яқин мурожаат келиб тушган”, - дейди Алия Юнусова.

Уй-жой билан боғлиқ аризаларга асосан мурожаатчилар билан туман ёки шаҳар ҳокими иштирокида суҳбатлар ўтказилган.

“Ачинарлиси, суҳбат давомида тураржой билан таъминлаш учун маблағлар йўқлигини (етишмаслигини) важ қилиб келтиришмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғида ушбу масала ўз ечимини топган”, - деб қўшимча қилди А.Юнусова.

“Uzbekistan Airways” йўловчилардан ноқонуний тўлов ундирмоқда

28 мартдан “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси кутилмаганда йўловчилардан багаж учун алоҳида ҳақ (ўртача 10 АҚШ доллари) ундира бошлади. Компания буни янгича қоидага ўтиш деб баҳоламоқда. Аммо бу қонунчиликка зид ҳисобланади, деб ёзади Kun.uz нашри.

Янги қоида бўйича авиаширкат олдингидай юк учун чиптага киритилган умумий оғирликка кўра эмас, балки биттадан ташқари ҳар бир багажга алоҳида ҳақ олмоқда. Бундан эса барча йўловчилар норози бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, компаниянинг ушбу ҳаракати қонунга зид бўлиб чиқди. Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни 7-моддасига биноан, янги нарх ёки тарифлар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Авиакомпания эса ўз сайтида янги тартиби қўлланиши ҳақида атиги бир кун олдин – 27 март куни эълон берган. Яъни бу ўринда ҳам қонун бузилган, ҳам истеъмолчиларга қатор ноқулайликлар юзага келтирилган. Истеъмолчилар эътирозига сабаб бўлган тўлов баҳоси чет эл валютаси – долларда белгилангани ҳам ғайриқонунийдир.

Нашр ушбу ҳолатга Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги эътибор қаратишини сўраган.

“Бу урушга қуролсиз киришдек гап” – депутат мактаблардаги муаммоларга эътибор қаратди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Зияев мактаб ўқитувчиларининг арз ва мурожаатларига асосланиб, Халқ таълим вазирлиги эътиборини тизимдаги айрим муаммоларга қаратди (“Маҳалла” газетаси, 30 март).

Қайд этилишича, мактабларда ўқитувчиларнинг конспект ёзиш тартиби бекор қилингани нотўғри қарор бўлган, бу билан ўқитувчилар гўё урушга қуролсиз юборилмоқда. Электрон кундалик жорий этишда ҳам шошқалоқлик қилинган. Аввало ўқитувчиларни ноутбук, ҳеч бўлмаганда планшет, мактабни эса тезкор интернет билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш керак эди.

“Мактаблар замонавий ўқув техникалари билан тўла таъминланганида ҳам бошқа гап эди. Лекин ўқитувчининг қўлида ҳамон бўр ва латтадан, ранги ўчиб кетган доскадан бошқа ҳеч нарса йўқ, ҳатто пойтахт мактабларида ҳам”,- дейилади мақолада.

Шунингдек, мактаблар рейтингини ўқувчиларнинг олий таълимга кириши билан белгилаш ҳам нотўғри қарор дея баҳоланган.

“Мактабларни ўқувчиларнинг олий таълимга кириши билан баҳолашни тўхтатиш керак. Бу мактабнинг эмас, репетиторнинг меҳнати экани вазирликдагиларга ҳам яхши маълум-ку. Қолаверса, бу билан яна таълимдаги муаммоларни яшираяпмиз, холос” , - деб ҳисоблайди депутат Ж.Зияев.

Халқ таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2019/2020 ўқув йилида эса олий таълим муассасаларга ҳужжат топширган 46528 нафар битирувчидан 5736 нафари, яъни 12,3 фоизи ўқишга кирди. 145 та мактабдан бирорта ўқувчи ОТМга кира олмаган.

XS
SM
MD
LG