Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Суриядаги ватандошларнинг қайтарилишига салбий муносабат “хавфли симптом” деб аталди


Халқ таълими вазири инглиз тилида cўзлашувчи ўқувчиларда кучли акцент сезилаётганидан ташвиш билдирди. Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров адолат пешволарининг пора олиши масаласига муносабат билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Вазир Шерматов: “Инглиз тилида cўзлашувчи ўқувчиларда кучли акцент сезилмоқда”

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Телеграмдаги саҳифасида ота-оналар ва ўқитувчиларга мурожаат қилиб, болаларни тил ўрганиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга чақирди, деб хабар беради бир қатор матбуот нашрлари.

Вазир инглиз тилини ўрганиш бўйича ўз тажрибаси билан ҳам ўртоқлашган.

“Таниш-билишлардан анча қидириб битта кассета топсак, қандай хурсанд бўлиб, роса эшитиб ўрганар эдик. Шунча қийналиб бўлса ҳам, репетиторсиз TOEFL топшириб, АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлгандик. Ҳозирги ёшларда тил ўрганиш учун имкониятлар жуда кўп. Лекин жойлардаги юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимда, улар бундай имкониятлардан етарлича фойдаланмаётгани билиниб қолмоқда. Улар билан мулоқот пайтида нафақат инглиз тилида сўзлашишга қийналишаётгани, балки маҳаллий акценти ҳам қаттиқ сезиляпти”, - дейди Ш.Шерматов.

Қайд этилишича, инглиз тили дарслари америкалик ўқитувчи томонидан ўтилишига эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, январь ойида Ўзбекистонга АҚШдан бир неча ўқитувчи келиши ва инглиз тили телевизион дарслари native speaker томонидан олиб борилиши кутилмоқда.

“Интернети бор оилаларда ёшларимизни вақтини бекор ўтказмасдан, кўпроқ инглиз тилини ўрганишга сарфлашига ундасак, жуда катта имкониятлар бор. Масалан, катта қизим мактабида 10-синфни тугатиб, ёзги таътил пайтида уй ишлари билан банд пайтида ҳам TED talks серияларини эшитиб юриб, IELTS Listening қисмидан 9 олган эди”,- деган таълим вазири.

Ш.Шерматовга кўра, инглиз тилини билган мактаб битирувчисининг келгусида муваффақиятга эришиш имконияти тил билмайдиган тенгдошиникига нисбатан анча юқори бўлади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзбек жамиятидаги хавфли симптом ҳақида гапирди

8 декабрь куни “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилди.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда “Меҳр-3” акциясига салбий муносабат ҳайратланарли даражада кўп эканига эътибор қаратди ва бу ҳолатни “хавфли симптом” деб атади.

“Одатда бошқаларга ачинишни билмайдиган, вазиятни тўғри қабул қилишни инкор этадиган қатлам кенг бўлса, бунинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари яхши бўлмайди”, - деб ёзади К.Раббимов.

Сиёсатшуносга кўра, Ўзбекистоннинг Сурия ва Ироқдаги, умуман, хориждаги ватандошларининг қайтишига рухсат бериши, қайтариши — фундаментал ўзгаришдир.

“Каримовнинг ёндашуви – муаммоларни тан олмаслик, бошқаларни айблаш, вазиятни куч ва зўрлик билан бошқариш, маҳрум қилиш ва курашиш, эшитмаслик ва мулоқот қилмаслик йўли эди. Ҳар қандай бошқача қараш, юқори диндорлик, мухолиф кайфият ва қарашларнинг жойи аниқ учта эди: ёки қабр, ёки қамоқ, ёки қочқинлик. Ҳокимиятга номақбул ватандошларни мамлакатдан чиқариб юбориш – давлат сиёсатининг онгли ёндашуви эди”, - деб ёзади у.

Таъкидланишича, ҳукуматнинг ўз фуқароларининг ватанга қайтариши давлат тафаккури ва бошқарув сиёсати ўзгара бошлаганини англатади.

“Давлат бу ватандошларни қайтариши билан диктатура ва репрессиялардан воз кечгани, диний эҳтиёжлар ва эркинликларга йўл очиш ниятида эканини кўрсатди”, - деб ҳисоблайди К.Раббимов.

Судьяларнинг пора олишига муносабат билдирилди: “Гап маошда эмас, маънавиятда!”

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров адолат пешволарининг пора олиши масаласига муносабат билдирди (www.qalampir.uz, 10 декабрь).

Кенгаш раҳбарига кўра, судьяларнинг маоши мунтазам оширилмоқда, бироқ тизим вакилининг коррупцияга қўл уриши фақат иш ҳақининг камлигига боғлиқ эмас.

“Бироқ гап биргина маошни оширишда эмас. Aйтишади-ку, ким бой деганда, қаноати бор одам бой, деб. Фикримча, гап – маънавиятда. Судья бировни ҳаққидан қўрқиши керак. Aдолат тарозисини тортаётганда, ким нима берар экан, деб ўтиришга унинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун биз коррупцион омилларни олдини олиш, тизимда судьяларни ҳалол, поклигини таъминлашимиз керак. Бунда ҳаммаси маънавиятга, одобга боғлиқ. Бугунги кунда судьяларимизнинг маоши фарзандларини боқишга ҳам, ўзига ҳам етарли даражада”, - деган Х.Ёдгоров.

Кенгаш раиси судья лавозимига номзодлар психологик тестдан ўтказилиши, ичкиликка ва коррупцияга мойиллиги аниқланиши ҳақида ҳам гапирган.

XS
SM
MD
LG