Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:29

OzodDayjest: Ўзбекистонда пандемия даврида коронавирус тестлари нархи икки бараварга ошди


Коронавирус тестлари нархи 250 минг сўмдан 400 минг сўмгача кўтарилган.
Коронавирус тестлари нархи 250 минг сўмдан 400 минг сўмгача кўтарилган.

Жиноятга қўл урган Ўзбекистон чемпиони айбига иқрор бўлиб ўз оёғи билан ИИБга борди. Пандемия даврида ковид тести икки баравар қимматлади. Меҳнат вазири ўринбосари ҳомиладор аёлларни ишга олмайдиганларни савияси паст раҳбарлар деб атади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Жиноятга қўл урган Ўзбекистон чемпиони айбига иқрор бўлиб ўз оёғи билан ИИБга борди

Taekwondo WTF бўйича Ўзбекистон чемпиони ва Осиё чемпионати совриндори, Миллий университет талабаси Ж. оғир жиноятга қўл урди (www.xabar.uz, 18 ноябрь).

18 ёшни қаршилаган спортчи Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИБга қарашли жарима майдонида сақланаётган “Jawa” русумли мотоциклни ўғирлаб кетган.

Ўғирлашга ўғирлаган-у, қилган ишидан афсусланиб, ўзи яшайдиган маҳалла профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб айбини бўйнига олган. Натижада мотоцикл жарима майдончасига қайтарилган, спортчи эса қамоққа равона бўлган.

Қайд этилишича, суд мажлисида мотоцикл эгаси судьядан мотоциклни деб спортчининг келажагини барбод қилмасликни, агар у озодликдан маҳрум қилинадиган бўлса, ўша мотоциклни ёқиб юборишини, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмида 10 йилдан 15 йилгача озодлиги маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Лекин маҳкама жиноят оқибатида жабрланувчига зарар етказилмагани, cудланувчининг спортда эришган ютуқлари, қилмишидан пушаймонлигини ҳисобга олиб унга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси Э.Ҳакимовга кўра, спортчи суд мажлисида Taekwondo WTF бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони бўлишга ваъда берган.

Меҳнат вазири ўринбосари ҳомиладор аёлларни ишга олмайдиганларни савияси паст раҳбарлар деб атади

Аёлларни ишга олишни асоссиз рад этган ёки ҳомиладор ходимага нисбатан меҳнат муносабатларини бузган раҳбарлар 10-12 миллион сўмгача жаримага тортилмоқда (www.daryo.uz, 17 ноябрь).

Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов маълум қилган.

Қайд этилишича, аёлларнинг ишдан кейинги вақтларда қолиб меҳнат қила олмаслиги, фарзанд кўргандан сўнг таътилга чиқиб кетиши важидан ишга қабул қилмаслик ҳолатлари аввалдан кўп бўлган.

“Бизда аёлларнинг асосий вазифаси бола туғиш деб қаралади. Университет, институтлардаги талаба қизларимиз асосан 3-4 курсда ўқиётган вақтда турмушга чиқади. Ўқишни тугатиб, ҳомиладор ҳолида иш сўраб боради. Савияси паст кўп раҳбарлар ҳомиладор аёлни ишга олмайди – бўш жой йўқ дейди. Ана ўша гаплар бўйича бориб текширсак, бўш иш ўрни бўлатуриб, атайин ишга олмаган бўлади”, - деган вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, аёлларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга 279 та даъво аризаси киритилган ва натижада 115 нафар аёл ишга тикланган, шунингдек, 199 нафар аёлнинг маоши ундириб берилган.

Расмий статистикага қараганда, жорий йилнинг 3-чорагида хотин-қизлар орасида ишсизлик даражаси 14,7 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонда пандемия даврида ковид тестлари нархи икки бараварга ошди

Пандемия даврида Ўзбекистонда дори-дармонга талаб юқори бўлгани сабабли хусусий дорихоналар вирусга қарши дориларнинг нархини оширган; ковид тестлари нархи ҳам деярли икки баравар – 250 минг сўмдан 400 минг сўмгача кўтарилган (www.spot.uz, 16 ноябрь).

Ушбу натижа Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил май-июнь ойларида 3670 нафар респондент ўртасида ўтказган сўров жараёнида қайд этилган.

Пандемия пайтида респондентлар аввало даромадларнинг камайиши ва йўқолиши муаммосига дуч келган. Шунингдек, сўров иштирокчилари маиший хизматлардан фойдаланиш (36 фоиз), мактабгача таълим (32 фоиз), мактаб таълими (31 фоиз), озиқ-овқат нархининг ўсиши (23 фоиз), коммунал тўловлар бўйича қарз (15 фоиз), стресс ва хавотир (9 фоиз) каби муаммоларга ҳам дуч келганини маълум қилган.

Респондентларнинг чорак қисмидан кўпроғи (25,4 фоиз) фаровонлиги ёмонлашаётганидан шикоят қилган. Сўров қатнашчиларининг 75,8 фоизи вазият тез орада яхшиланишига ишонч билдирган.

Тадқиқотга кўра, пандемия оқибатлари аҳоли зичлиги юқори бўлган ҳудудларга (Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари) кўпроқ салбий таъсир кўрсатган.

XS
SM
MD
LG