Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:17

OzodDayjest: Қарорлари ноқонуний бўлган ҳокимларни моддий жавобгарликка тортиш таклиф этилди


Навоий вилоятида кўп қаватли турар жой бинолари ва бошқа объектларнинг қурилишида йўл қўйилган қонунбузарликлар аниқланди. Ўзбекистонлик таниқли футболчилар Осиё футбол конфедерациясини адолатсизликда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Сенаторга тегишли ширкат қурилишда қонунбузарликка йўл қўйган

Ўзбекистон қурилиш вазирлиги Навоий вилоятида кўп қаватли турар жой бинолари ва бошқа объектларнинг қурилишида йўл қўйилган қонунбузарликларни аниқлади (www.gazeta.uz, 22 март).

Вазирлик қурилиш ишларини қонунга зид равишда олиб бораётган олтита компанияни санаб ўтган. Улар орасида Навоий вилоятидан сайланган сенатор Улуғбек Файзиев таъсис этган “Zarafshan Golden Group” ширкати ҳам бор. Мазкур ширкат шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан Зарафшон шаҳри 13-кичик туманда кўп қаватли турар жой объектида қурилиш-монтаж ишларини бошлаган.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий назорат инспекцияси томонидан қисқа муддатли текширув ўтказилган. Текширув натижасига кўра масъул фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар йиғилиб, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳри судига юборилган.

1993 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Zarafshan Golden Group” Навоий вилоятида ва Тошкент шаҳрида кўп қаватли турар жой биноларини, шунингдек, ишлаб чиқариш объектлари, ички автомобиль йўллари қуриш, боғчаларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июлдаги қарори билан “Zarafshan Golden Group” Зарафшондаги 650 ўринга мўлжалланган карантин зонасини қуришнинг тўғридан-тўғри бош пудратчиси этиб тайинланган.

Объект қурилиши 9,3 миллиард сўмга баҳоланган. Лойиҳа давлат бюджетидан молиялаштирилган.

Ноқонуний қарор қабул қилган ҳокимларни моддий жавобгарликка тортиш таклиф этилди

Ҳокимлар томонидан ноқонуний қарорлар қабул қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Масалан, 2019-2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ноқонуний деб топилган (“Маҳалла” газетаси, 22 март).

Қайд этилишича, ҳокимлар ноқонуний қарорлар қабул қилгани юзасидан таъсир чоралари кўрилмаяпти.

“Ушбу қонунсиз ҳаракатларда иштирок этган ҳокимдан тортиб ҳар бир масъул ходимни моддий жавобгарликка тортиш керак. Тортганда ҳам ўша қилмишига пушаймон қилдирадиган миқдорда жарима белгиланган маъқул. Чунки эртага шундай ишга қўл ураётганда ўйлаб қолсин ва фикридан қайтсин”, - деб ёзади “Маҳалла” газетаси.

Аввалроқ Cенат раиси Танзила Норбоева ҳокимларнинг қонун ҳужжатларига зид ҳаракатлари юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари назорат олиб бориши шартлигини таъкидлаган эди.

“Жойлардаги сенаторлар ҳокимият қарори ноқонуний бўлса, тўғрилаши, қайтариб юбориши, бу ҳақида ҳокимият раҳбарига айтиш керак. Буни Сенат ёки бошқа давлат идораси эмас, сизлар қилишингиз керак”, - деган эди Норбоева маҳаллий кенгаш вакилларига қарата.

Ҳоким қарорларини маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Аммо қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган кенгашларга ҳокимлар раислик қилади.

Бу ҳолат президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам танқид қилиниб, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлиги таъкидланган.

Ўзбекистонлик таниқли футболчилар ОФКни адолатсизликда айблади

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) томонидан ЖЧ-2022 гуруҳ босқичи сўнгги ўйинларини Саудия Арабистонида ўтказиш борасида қарор қабул қилиниши ўзбекистонлик футболчилар ва футбол мутасаддилари эътирозига сабаб бўлди.

Tribuna.uz нашрига интервью берган Ўзбекистон футбол ассоциацияси Терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаров ОФКни Саудия Арабистонига ён босишда айблади.

Собиқ футболчи ва ҳозирда футбол мулозими Ҳайдаровга кўра, гуруҳ босқичи масаласи ОФК мусобақаларни ўтказиш бўлимининг 7 нафар мутахассиси томонидан овоз бериш йўли билан ҳал этилган. Аммо 7 мутахассиснинг 5 нафари Саудия вакилидир. Ҳолбуки, Ўзбекистон томони ҳам ўйинларга мезбонлик қилиш учун барча харажатларни зиммасига олишга тайёрлигини билдирган.

“Женоа” ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳам ўйинлар Саудия Арабистонида марказлашган тизимда ўтказилишини салбий баҳолаган.

“Бу қарорни эшитганимда миямга келган илк фикр ОФКнинг футболчиларни ўйламагани бўлди. Саудия Арабистони ёзда қандай иссиқ бўлишини ҳамма билади. Мухлислар футболда тезлик ва чиройли ўйин кўриши керак. Бундай иссиқда бу қийин масала” , - деган Элдор Шомуродов Daryo.uz нашрига берган интервьюсида.

Таниқли футболчи, айни чоқда, терма жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун барча имкониятларни ишга солишини айтган.

“Биз охиригача курашамиз, ҳеч қандай қўрқув йўқ” , - деган у.

Эслатиб ўтамиз, Саудияда ўтказилиши режалаштирилган гуруҳ баҳслари 31 майдан 15 июнга қадар давом этади. Вадим Абрамов қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистони, Сингапур, Фаластин ва Яман билан бир гуруҳдан жой олган.

XS
SM
MD
LG