Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:11

Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар


LOOP Cover.mp4

Ўзбекистон расмийлари “аномал” деб таъриф берган бу йилги совуқ мамлакат энергетика тизимида йирик коллапсга сабаб бўлди.

Ўн минглаб хонадон ва ижтимоий объектлар қишнинг қаҳратон кунларида газсиз ва светсиз қолди, ис газидан ўлимлар кўпайди.

Охирги олти йилда энергетика соҳасига ўнлаб миллиард доллар маблағ ажратган президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати қарийб 2 триллион газ заҳираси устида яшаëтган ўзбекистонликларнинг нима учун ҳар йили қишда совуқ ва зимистонга маҳкум қилиниши борасида ҳануз маънили изоҳ бергани йўқ.

Энергетик инқироз авжида президент Мирзиёев, ўтган йиллардаги каби¸ яна махсус мажлис ўтказди¸ вазирларини турғизиб қўйиб¸ дашном берди. Фақат ўтгандагидан фарқли, бу йилги совуқда муз қотган тошкентликларни тинчитиш учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олди. Аммо энергетик коллапснинг асл сабаблари бу йилги мажлисларда ҳам очиқланмади.

Озодлик ўтказган янги суриштирув Ўзбекистонни жорий энергетик коллапсга етаклаган сабаблар ҳақида.

Озодлик кўрган махфий ҳужжатлар¸ тижорий келишувлар¸ вазирлик раҳбарларининг ички ëзишмалари¸ оффшорда регистрация қилинган компанияларнинг корпоратив ва молиявий ҳужжатлари¸ халқаро консалтинг ҳамда аудит компанияларининг конфиденциал ҳисоботлари ўзбек газининг қачон ва кимларнинг манфаати учун ўзбекистонликлар турмушидан йўқолиб қолганини очиқлайди.

Озодлик бир йилдан кўпроқ вақт давомида энергетика экспертлари¸ ҳуқуқшунослар¸ сиëсатшунос¸иқтисодчи ва молиячилар билан минглаб саҳифалик бу ҳужжатларни бирма-бир ўрганиб чиқди.

Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт билан ҳамкорликда бу ҳужжатлардаги фактларни махсус журналистик суриштирувга жамлади. (Ласслет тадқиқоти билан яқин кунларда бевосита танишиш имконига эга бўласиз.)

Ушбу суриштирув доирасида ҳукумат ишчи гуруҳининг махфий ҳисоботлари ва жамоатчиликдан сир тутилган президент ва ҳукумат қарорлари дохил юзлаб саҳифа ҳужжатлар илк бор эълон қилинмоқда.

Озодлик суриштируви ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўзбекистонликлар ҳаëтида йилдан йил танқислашиб бораëтган ўзбек газининг қайга ва қандай йўқолгани сирини фош қилади. Айни пайтда суриштирув оффшор ширкатлари тўри орқали ўзбек газини назоратига олган рус ва ўзбек корчалонлари билан таништиради.

Оффшор босқини...

Шавкат Мирзиëев 2016 йил сентябрида Ўзбекистон вақтинча президенти этиб тайинланганидан то ҳозирга қадар иқтисодиëтнинг энг катта сармоя ëтқизилган соҳаси энергетика бўлади.

1991-2016 йилларда нефт-газ секторига 30,7 млрд доллар сарфланган бўлса¸ Каримов ўлимидан сўнг бу соҳага пул қуйиш суръати фавқулодда тезлашди. Беш йил ичида Каримов 25 йилда берган маблағдан кўпроқ пул - 39¸784 миллиард доллар айнан нефть-газ¸ биринчи галда эса¸ газни кўпайтираман¸ деган лойиҳаларга ëтқизилди. Бу лойиҳаларга пул топиш учун давлат кафолати билан миллиардлаб доллар қарз олинди.

Кейинги олти йил ичида президент ва Бош вазир қарорлари билан Ўзбекистондаги газ ва нефть соҳасидаги каттаю кичик лойиҳалар берилган компаниялар рўйхатига қаралса¸ уларнинг деярли барчасида Eriell Group ва Enter Engineering деган “хорижий” номни кўрасиз.

Озодлик ихтиëридаги махфий ва ички ҳужжатлар 2016 йил сентябридан сўнг Ўзбекистонда бошланган умумий қиймати 24,693.4 миллиард долларлик 11 лойиҳадан 10 таси ëки 23 миллиард доллардан кўпроғи Natural Gas-Stream, Jizzakh Petroleum¸ Surhan Investment ва Gazli Gas Storage қўшма корхоналари¸ шунингдек¸ C.E. Civil Engines, Altmax Holding Ltd, Belvor Holdings Limited ¸ ҳамда улар ўзига пудратчи қилиб танлаган Eriell Group ва Enter Engineeringга берилганини кўрсатади.

+2¸5 миллиард доллар сарфлаб, газни камайтириш формуласи

Кейинги 5 йил ичидаги газ ва нефть соҳасидаги лойиҳаларнинг энг муҳими “2017-2021 йилларда углеводород хомаëшëси қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастури”дир.

Беш йиллик дастур Мирзиëевнинг 2017 йил 9 март кунги қарори билан тасдиқланади. Дастур қиймати 3,907 млрд доллар.

Мирзиëев қарори билан¸ Eriell ва Enter Engineeringга 502 та “янги бурғулаш қудуқларини қуриш ва уларни ишга тушириш”, 420 та қудуқни капитал таъмирлаш каби жами қиймати 3 049,7 долларлик ишни амалга ошириш топширилади.

Дастурнинг қолган 858,2 миллион доллари нефть конларини бурғулаш ва таъмирлашга ажратилади.

2017 йилнинг 3 ноябрь куни Мирзиëев айни Дастурга оид яна бир қарор имзолайди. Унга кўра¸ Дастур ижроси икки босқичга бўлинади ва 2017-2019 йиллар биринчи босқич қилиб белгиланади.

Дастурнинг биринчи босқичига 1 992¸77 миллиард доллар ажратилади. 248 та газ ва 48 та нефть қудуғини бурғулаб ишга тушириш¸ капитал ремонтдан чиқариш графиги тузилади.

Natural Gas-Stream МЧЖ Eriell ва Enter Engineering билан хизмат ва товарлар харидига оид 1,172 миллиард доллар ва қўшимча 2.11 триллион сўмлик контракт имзолайди.

Султонов раислигида инвестицион лойиҳалар ижроси бўйича 2018 йил 9 август куни ўтказилган мажлис протоколи

Бу контрактлар Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари¸ Энергетика вазири¸ Ўзбекнефтгазнинг йирик ва стратегик муҳим инвестицион лойиҳаларига хизмат ва товарлар харидини ўтказиш бўйича тузилган идоралараро қўмита раиси Алишер Султонов 2018 йил 9 август куни ўтказган ëпиқ мажлисда тасдиқланади.

Протоколда бу хизмат ва харидлар бўйича тендер ўтказилди¸ деб ëзилгани ҳолда¸ бундай тендер ўтказилгани ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.

Қобиқ ичидагиларни чўчитган Ишчи гуруҳ

Ўзбекистонда газ ва нефть соҳасидаги вазиятни таҳлил қилиш учун идоралараро ишчи гуруҳ тузиш янгилик эмас.

Озодликка энергетика соҳасининг бир-биридан мустақил бир неча мутахассиси¸ хусусан¸ 2018-2019 йилларда энергетик секторда бошланган мега лойиҳалар боришини таҳлил қилиш учун ўнга яқин шундай Ишчи гуруҳи тузилганини билдирди.

Шундай гуруҳлардан бири Мирзиëев 2019 йилнинг 14 ноябрида имзолаган 5517-сонли фармойиш билан иш бошлайди. Унинг таркибига Ўзбекнефтгаз¸ Ўзтрансгаз¸ Геология қўмитаси ва Ҳисоб палатасининг 20 га яқин мутахассиси киритилади.

Озодлик суриштирувига асос бўлган муҳим ҳужжатлардан бири - махфий ҳисоботни ҳозирлаган Ишчи гуруҳ Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 14 ноябрь кунги Фармойиши билан тузилган.
Мирзиëевнинг 2019 йил 14 ноябрь кунги Фармойиши билан тузилган Ишчи гуруҳнинг махфий ҳисоботи

Жараëн билан яқиндан таниш бўлган мутахассисларга кўра¸бу гуруҳ газ ва нефть соҳасида бошланган ëки режаланган инвестицион лойиҳаларни таҳлил қилиб¸ 100 саҳифага яқин ҳисобот ҳозирлайди.

Зайнилобиддин Низомиддинов 2022 йил июлида президент администрацияси раҳбари лавозимидан жамоатчиликкка очиқланмаган сабаб билан бўшатилди.
Зайнилобиддин Низомиддинов 2022 йил июлида президент администрацияси раҳбари лавозимидан жамоатчиликкка очиқланмаган сабаб билан бўшатилди.

Ҳисоботнинг асосий ўринлари жамланган 29 саҳифалик қисқартирилган варианти шахсан президент Мирзиëев танишиши учун Президент администрациясининг ўшандаги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга топширилади. Ҳисобот Ўзбекистон Республикаси нефть-газ соҳаси ҳолати тўғрисида” деб номланади.

Давлат ва ҳукуматнинг бошқа раҳбарларига ҳам ҳисобот нусхаси берилади.

Бу ҳисоботда¸ хусусан¸ Natural-Gas Stream қўшма корхонаси томонидан “2017-2021 йилларда углеводород хомаëшëси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури”нинг бажарилиши ҳам таҳлил қилинади.

Ишчи гуруҳ ҳисоботидан

Eriellга тўланган 1,16 млрд доллар¸ берилган улкан имтиëзлар натижаси ўлароқ 2017-2019 йилларда газ қазиб чиқариш кўрсаткичи 6,356 млрд куб метрга ошиши керак эди. Амалда эса¸ 2018 йилги ўсиш 2,121 млрд куб метр (прогнознинг 33 % ) ни ташкил қилди.
703 миллиардга бурғуланган 22 та қудуқдан умуман газ чиқмади¸ 23¸1 миллиард сўмга капремонт қилинган 111 қудуқдан 66 тасидан газ чиқиши тўхтаб қолди¸ 45 тасида эса¸ камайиб кетди.

Экспретлар таъкидича¸ Natural Gas-Stream оширилган нархлардаги хизмат ва товарлар учун Eriellнинг Дубайдаги ҳисобига бир миллиарддан кўпроқ пул тўлаган бир пайтда¸ Eriell бурғулаш ва ремонт ишлари учун Ўзбекнефтгаз таркибидаги корхоналарни арзонига субпудратчи қилиб ëллайди.

Хусусан¸ ҳисоботда ëзилишича¸ Eriell лойиҳа доирасида 283 та қудуқни бурғулаш учун 1,16 млрд доллар олган ва битта қудуқ нархи ўртача 4.1 (аниқ рақам 4 098 939.9) миллион долларга тушган. Ўзбурнефтгаз АЖ 11 та айнан шундай қудуқни 28,2 млн долларга қазиган ва битта қудуқ нархи ўртача 2 563 636 долларга тушган. Орадаги қарийб икки баравар фарқ¸ аниқроғи ярим миллиард доллар яна давлат ғазнасидан Eriell ҳисобига ўтган.

Бундан ташқари, Eriell 2017-2019 йилда 328 қудуқни 142,8 млрд сўмга капремонт қилади. Битта қудуқни ювиш учун Eriell 80,9 млн сўм олган бўлса¸Ўзбекнефтегаз корхоналари айни ишни 30,5 млн сўмга қилди. Eriell битта қудуқни қайта тиклашга 315,4 млн сўм нарх қўйган бўлса¸ Ўзбекнефтгаз корхоналари айни ишни 57,3 млн сўмдан бажаради.

Ишчи гуруҳ экспертлари президентдан газ ва нефть соҳасида “давлат манфаатига зиëн келтираëтган” бу каби инвестицион лойиҳаларни бекор қилишни сўрайди. Аммо “2017-2021 йилларда углеводород хомаëшëси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури” нафақат бекор қилинади¸ балки унинг иккинчи босқичи ҳам тасдиқланади ва Eriellга яна бир миллиард доллардан ошиқ пул тўланади. Бу маблағнинг каттагина қисми яна давлат кафолати билан қарзга олинади.

Озодлик ихтиëрида 2023 йил январи¸ орадан роппа-роса уч йил ўтиб ҳозирланган яна бир расмий ҳисобот бор. Унда келтирилган рақамлар 2020 йилги Ишчи гуруҳнинг негатив прогнози ошиғи билан рўëбга чиққанини кўрсатади.

2022 йил декабридаги ички ҳисоботдан

2022 йили жами заҳираси 1578¸8 миллиард куб метр бўлган 166 та кондан 51,5 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Маълумот учун: Республика бўйича жами 291 та кон бор ва улардаги жами заҳира 1874 млрд.куб метр.
Компаниялар кесимида 2022 йили:
Ўзбекнефтгаз томонидан 32,0 млрд.куб.м (прогноз 34,1 млрд.куб.м) газ қазиб олинди. 2021 йили бу кўрсаткич “Эпсилон” ва “Узкоргазкемикал”дан қарзга олинган 0,154 млрд.куб.м ни қўшганда¸ 33,9 млрд.куб.м бўлган.
Маълумот учун: Ўзбекнефтгаз балансида умумий заҳираси 890 млрд.куб.м. 116 та кон бор.
2015 йилдан 2022 гача Ўзбекнефтгаз томонидан жами 309,5 млрд.куб.м газ қазиб олинган бўлса¸ янги очилган 40 та кон эвазига олинган газ 6 млрд.куб.метрни ташкил этади ва бу қазиб олинган газдан 51 баравар камдир. 2015-2022 йилларда очилган бу 40 конда 109,6 млрд.куб.м. газ бор.
Бундан ташқари, 2017 йил 9 март кунги ПҚ-2822 билан тасдиқланган (2017 — 2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида) Дастурда 2021 йилга бориб Ўзбекнефтгаз томонидан 47 миллиард кубметр газ қазиб олиниши прогноз қилинган эди. 2022 йилги кўрсаткич¸ бу прогноздан 13,3 млрд.куб.метрга кам. Айни пайтда¸ бу Дастур ижроси учун 2¸5 миллиард доллар ажратилган.

Расмий ҳисоботда келтирилган фактларнинг кўрсатишича¸ ҳукумат мисли кўрилмаган имтиëзлар билан 2¸5 миллиард долларнинг деярли ҳаммасини газ қазишни кўпайтириш Дастури оператори Natural Gas-Stream орқали бош пудратчи Eriellга тўлаган. Бунча имтиëз ва пулни олган Eriell 2017-2021 йилларда Ўзбекнефтгаз конларидан газ олишни кўпайтириш ўрнига¸ йиллик миқдорни 13¸3 миллиард куб метргача камайтирган.

2023 йилнинг аномал совуғи ўзбекистонликларни қақшатиб турган 16 январь куни Шавкат Мирзиëев энергетик коллапс юзасидан фавқулодда мажлис ўтказди. Бу мажлисда Мирзиëев ҳам¸ кейинги 5 йил ичида газни кўпайтиришга 2¸5 миллиард доллар сарфланганини тилга олди. Аммо у на бу Дастур ва уни бажарамиз деб 2¸5 миллиард долларни ўз ҳисобига ўтказган компаниялар номини тилга олди.

Мирзиëев ДХХ раиси Абдусалом Азизов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни турғизиб қўйиб¸ энергетик сектордаги коррупцияни тафтиш қилиш¸ “қонун устувор¸ жазо муқаррарлиги”ни таъминлашни буюрди. Аммо айнан давлат бўйнига қарз бўлиб тушган 2¸5 миллиардни олиб¸ халқни газсиз қолдирган бу Дастур оператор ва бош пудратчиларини жазога тортиш ҳақида лом-мим демади. Ҳарқалай¸ мажлиснинг жамоатчиликка кўрсатилган бўлакларида бу ҳақда сўз ҳам бўлмади.

Нега Мирзиëев “жазо муқаррарлиги” принципини кейинги 5 йил ичида 2¸5 миллиардни олиб¸ келишувни ўзбекистонликларнинг бир йиллик истеъмолидан ҳам ошадиган даражадаги газ қазилмай қолиши билан якунлаган Eriell ва Enter Engineeringга тадбиқ қилишдан бошламади?

Бу саволга жавобни Eriell ва Enter Engineering корпоратив структурасидан излаймиз.

Ой чиқса ҳам¸ кун чиқса ҳам Eriell ва Enter Engineeringга

Ўзини халқаро нефть сервис гуруҳи деб тақдим этишига қарамай¸ расмий сайтида келтирилган лойиҳаларга қаралса¸ ERIELL асосан икки давлат – Россия ва Ўзбекистонда ишлайди.

Eriellнинг Прагадаги шўъбаси кўпдан мана шу бинода жойлашган.
Eriellнинг Прагадаги шўъбаси кўпдан мана шу бинода жойлашган.

Бугунга келиб “болалаб кетган” Eriell илк бор 1999 йили - ERIELL Corporation s.r.o. шаклида Чехия пойтахти Прагада рўйхатдан ўтган.

Компаниянинг Чехия ҳудудида нима иш қилгани номаълум¸ аммо 1999 – 2003 йилларда у асосан Ўзбекистондаги нефть ва газ компанияларига Россияда ишлаб чиқарилган бурғулаш ускуналари ва жиҳозларни сотиш билан шуғулланган.

2004 йилга келиб Eriell бошқаларга бурғулаш ускунаси сотувчидан ўзи бурғуловчи компанияга айланади. Шу йили давлатга қарашли Ўзбекнефтгаз компанияси билан Қашқадарëдаги 23 та конни бурғулашга оид битим имзолайди. 2007 йилга келиб¸ Ўзбекистон газ ва нефть конларини бурғулаш Eriell монополиясига ўта бошлайди.

2008-2010 йилларда бурғулаш ускуналари сони ортиши ортидан Eriell Россия нефть ва газ бозорига киради ва кира солиб катта ўйинчига айланади – Газпром, НОВАТЭК¸ Роснефть ва Газпром Нефть каби шахсан Путин ва унинг миллиардер ўртоқлари назоратидаги нефть ва газ компаниялари ўз йирик лойиҳаларига Eriellни бош пудратчи қилиб олади.

2011 йил декабрида Газпромбанк ERIELL Corporation, s.r.o. акцияларининг 46 фоизини 3.7 миллиард рубль ëки тақрибан 95.14 миллион еврога сотиб олади.

Ҳозирда Eriell Group Буюк Британия таркибига кирувчи Жерси оролида 2010 йили рўйхатга олинган Eriell Group International Limited компания томонидан бошқарилади. Гуруҳ таркибига кирувчи ўнлаб компания камида 8 давлат ҳудудида рўйхатга олинган.

Eriell Group International Limited компанияси мулкдорлари Кипрда рўйхатга олинган Erilico Limited (50% ), Россиядаги AMGA Consulting (25%) ва яна Кипрда таъсис этилган Cremore Investments Limited (25%).

Erilico Limited молиявий ҳисоботларида¸ Eriel Group International компаниясининг йиллик даромади давомли тарзда 1 миллиард АҚШ доллари қилиб кўрсатиб келинади.

Бахтиëр Фозилов ўзини Eriell Group ва Enter Engineering асосчиси ва асосий мулкдори сифатида тақдим этади.
Бахтиëр Фозилов ўзини Eriell Group ва Enter Engineering асосчиси ва асосий мулкдори сифатида тақдим этади.

Eriell компаниясининг жамоатчилик¸ айниқса Ўзбекистон жамоатчилигига кўрсатиладиган юзи Бахтиëр Фозилов.

Асли самарқандлик 47 яшар Фозилов Eriell Group бошқарув кенгаши раиси. Маҳаллий ва халқаро матбуотга берган интервьюсида у ўзини Eriell Group акцияларининг асосий мулкдори сифатида ҳам тақдим этади¸ шериклари ҳақида лом-мим демайди.

Асосан Кипр ва бошқа оффшор ҳудудларда рўйхатга олинган компаниялар занжири Eriell Group асл эгаларининг уч гуруҳга бўлинганини кўрсатади:

  • Erilico Limited (50% ) мулкдори сифатида кўрсатилган Бахтиëр Фозилов¸ компания молиявий ҳужжатлари¸ пул олди-бердиси ва акциялар савдоси орқали Шариф Иноятов¸ Равшан Убайдуллаевга боғланади.
  • Eriell Group International Limited компанияси 25 фоиз акцияси эгаси Россияда рўйхатга олинган AMGA Consulting. Унинг 100 фоизлик эгаси сифатида кўрсатилган Брикса Юлия Владимировна бошқа қатор компаниялар тўри орқали Норенко Денис Владимирович, Давид Савва ва Франк Глеб Сергеевичга олиб чиқади.
  • Eriell гуруҳидаги компаниялар учинчи эгаси Cremore Investments. Унинг 100 фоизлик мулкдори айнан Кипрда рўйхатга олинган яна бир компания - Espostoa Holdings Limited. Espostoa 100% акциялари эгаси эса Газпромнинг молиявий қаноти бўлган Газпромбанк.
Eriell Group бенефициарларини соддалаштирсак¸ унинг ярим мулкига Бахтиëр Фозилов¸ Шариф Иноятов ва Равшан Убайдуллаев учлиги¸ 25 фоиз активларига Брикса Юлия Владимировна , Норенко Денис Владимирович, Давид Савва ва Франк Глеб Сергеевичлар тармоғи ва яна қолган 25 фоизига Газпромбанк эгалик қилади. Бу шахслар¸ улар тармоғи (network) билан суриштирувимиз давомида яқиндан таништирамиз.

Чехияда туғилиб¸ дунëнинг яна 8 давлатига тарқаган Eriellни Сингапурда қайддан ўтган Enter Engineering эгизига айлантирувчи жиҳат - уларнинг таъсисчилари. Бу компания таъсисчилари тарихи ва бугунига қаралса¸ айрим номинал шахсларни истисно қилганда¸ яна айни номлар чиқиб келади.

2012 йили Сингапурда рўйхатдан ўтган Enter Engineering акцияларининг 51 фоизига 2019 йилга қадар Кипрда рўйхатга олинган ширкат орқали Бахтиëр Фозилов¸ 49 фоизига эса¸ Газпромбанк эгалик қилган.

Компаниянинг 2022 йилги мулкдори учта - Klintworth Investments Ltd (51%), Laboreno Ltd (30%) ва Gaudanio Holding Limited (19%).

Ўзбекистон Хоккей федерацияси биринчи вице-президенти Баҳодир Ғафуров Кипрда очилган ўнга яқин қобиқ компания бошқарувчиси.
Ўзбекистон Хоккей федерацияси биринчи вице-президенти Баҳодир Ғафуров Кипрда очилган ўнга яқин қобиқ компания бошқарувчиси.

Klintworth Investments Ltdга Eriell раиси Бахтиëр Фозилов эгалик қилади. Gaudanio Holding Limited эгаси Газпромбанк. Банк 2019 йили ихтиëридаги 49 фоиз акциянинг 30 фоизини Laboreno Ltdга ўтказиб берган. Бу компания таъсисчиси Ўзбекистон хоккей федерациясининг биринчи вице-президенти Баҳодир Ғафуров номига расмийлаштирилган бошқа бир оффшор - Epamina (Nominees) Ltd. (Хоккей федерацияси президенти ўша Бахтиëр Фозилов.)

Баҳодир Ғафуров¸ бугунги суриштирувда номи келтириладиган аксар Кипр компаниялари иш юритувчиси бўлган Epamina Corporate Ltd.¸ айни пайтда Eriell Holding Company Limited, Erililico Limited, Epamina Holdings Limited¸ Tracklead Consultants Limited каби оффшор компаниялари директори ҳам.

Йиллик даромади¸ молиявий ҳисоботига кўра¸ 1 миллиард АҚШ долларига яқин бўлган Enter Engineering компаниясининг учдан бир қисм акцияларига Хоккей федерацияси расмийси Ғафуровнинг эгалик қилиши ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ. Қолаверса¸ Ғафуров маҳаллий матбуотга ўзини Eriell бошқарувчиларидан бири сифатида тақдим этар экан¸ бирор жойда Enter Engineering га алоқаси борлиги ҳақида оғиз очган эмас.

Eriell ва Enter Engineering 2016 йил сентябридан бошлаб нафақат Ўзбекнефтгаз бошлаган йирик лойиҳалар¸ балки Ўзбекистонда пайдо бўлган “қўшма корхоналар”га берилган йирик инвестицион лойиҳалар ижросининг таркибий қисмига айланади.

2020 йил январида ўз ҳисоботини тақдим этган Ишчи гуруҳ хулосасига кўра¸ Eriell ва Enter Engineering ўз хизмати учун бозор нархидан бир неча баравар қиммат нарх қўяди¸ айни пайтда¸ контрактдаги асосий ишни Ўзбекнефтгазнинг ўзига қарашли корхоналарга арзонига қилдиради.

Хўш¸ нега унда Ўзбекнефтгаз ўз корхоналарини пудратчиликка ëллаб¸ давлат ва халқ пулини тежамайди? Нега Ўзбекнефтгаз шерик бўлган “қўшма корхона”лар фақат ва фақат битта лойиҳа нархини қарийб ярим миллиардга шиширган Eriell ва Enter Engineeringни бош пудратчиликка олаверади?

Бу саволга жавобни Eriell ва Enter Engineering буюртмачиларидан излаймиз.

Легаллаштирилган чайқовчилик

2016 йилнинг 22 сентябрь куни – Сенат раиси ўрнига муваққат президент бўлганидан роппа-роса икки ҳафта ўтиб, Мирзиëев Устюрт чўлларидаги йирик конларни Газпром¸ аниқроғи унинг Швейцарияда рўйхатдан ўтган шўъбаси Gas Project Development Central Asia AGга бериш тўғрисида қарор чиқаради.

2607-сонли бу қарор «Сечанкўл¸Оқжар ва Чимбой инвестиция блокларида геология-қидирув ¸ шунингдек¸ Урга¸ Оқчалак ва Чандир гуруҳи конларини қазиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Орадан икки ҳафта ўтиб¸ Мирзиëев қарори асосида Ўзбекнефтгаз Газпром шўъбаси билан Natural Gas-Stream деган янги қўшма корхона таъсис қилади.

Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 10 май кунги 2962-сонли қарори
Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 10 май кунги 2962-сонли қарори

Орадан 6 ой ўтиб эса, Мирзиëев 22 сентябрь кунги қарорининг узундан-узун сарлавҳасига “қўшимча” деган сўз қўшилган яна бир қарор чиқаради.

Бу қарор билан у Natural Gas-Stream (NGS) қўшма корхонасининг Устюртдаги номи саналган конлардан “қазиб олинадиган табиий газнинг барча ҳажмини камида 10 йил давомида экспортга сотиш”ига рухсат беради.

2017 йил 10 майда Мирзиëев айни конларнинг NGS ва Eriellга берилишига оид яна бир қарор чиқаради. Бу қарорнинг 7-9 бандлари нафақат жамоатчилик¸ балки Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, аксар вазирлик ва агентликлардан ҳам сир тутилади.

Газпромбанк берган 200 миллион долларлик кредитни вақтида қайтариш иддаоси билан Natural Gas-Stream га аҳоли эҳтиëжидан қийилган газ экспортга сотиш учун сувдан 6 баравар арзонга берилади.

Ишчи гуруҳ ҳисоботидан

Natural Gas-Stream” МЧЖ қўшма корхонаси Муборак газни қайта ишлаш заводидан ички истеъмолга берилиши керак газни декларация қилинган (кейинроқ белгиланган) нархда экспорт қилиб¸ харид нархидан 6 дан 22 бараваргача фойда олмоқда.
2017 йилда газ минг куб метрига 9 доллардан сотиб олинган (ўша пайтда ички бозор учун газ нархи минг куб метрига 31,5 долларни ташкил қилган) ва 180 доллардан экспорт қилинган (декларация қилинган нарх), кейин эса 2018 йилда минг куб метр газ 35 доллардан сотиб олиниб, 200 доллардан экспорт қилинган.
Олинган даромад асосан операцион харажатлар ва “Eriell” фаолияти учун “Газпромбанк”дан олинган кредитларини қоплаш учун сарфланмоқда.
Бунинг оқибатида “Natural Gas-Stream” фаолияти қўшимча даромад ёки ресурс келтирмаëтир, фақат “Ўзбекнефтгаз” АЖга зарар етказмоқда.

Расул Кушербаев ҳали Олий Мажлис депутати бўлиб турган 2022 йил 10 июнь куни қўйган Телеграм постида¸ 2022 йили Ўзтрансгаз Natural Gas-Streamдан ички эҳтиëж учун газни энг қиммат нарх - 1320 сўмдан сотиб олаëтганини ëзган эди. Ўз постида депутат бу хориж компаниялари “нега ўзимизни газни қазиб олиб, яна ўзимизга "едир"моқда?”¸ деган савол қўйди. Аммо ҳукумат Кушербаев келтирган маълумотни на инкор қилди ва на депутат саволига жавоб берди.

Ҳукумат Ишчи гуруҳи келтирган рақамлар

2020 йил январидаги ҳолатга кўра¸ ўзбек газини четга сотиш билан деярли тўлиғича хориж капиталига тузилган компаниялар шуғулланмоқда. 2019 йили хорижийлар 12¸19 миллиард куб метр газ (97,5 %) экспорт қилган бўлса¸ Ўзбекнефтегаз 0,31 млрд куб.метр (2,5 %) газни четга сотган.

Natural Gas-Stream олиб сотган газ ўрнини қоплаш, совуқ жонидан ўтгач¸ магистраль йўлларни тўсишга мажбур бўла бошлаган халқни тинчлантириш учун 2018 йили Ўзтрансгаз «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани», Uz-Kor Gas Chemical қазиëтган 2 миллиард куб метрдан кўпроқ газни тортиб олиб¸ аҳолига беришга мажбур қолади.

Оқибатда¸ Ўзтрансгаз 2018 йили бу икки компаниядан 1,012 млрд доллар қарз бўлади. Қарздорлик ошиб¸ у на пул ва на газ шаклида тўланавермаганидан сўнг¸ бу икки компания халқаро арбитраж судига чиқиш билан пўписа қилади. Шундан сўнг ëпиқлиқ қозон қопқоғи очилади ва Мирзиëев қарз борлигини тан олишга мажбур бўлади. Аммо қарздорликнинг асосий сабаби Natural Gas-Stream МЧЖнинг халққа берилиши лозим газни экспорт қилаëтгани эканини тилга олмайди.

Хўш¸ Natural Gas-Stream қандай қўшма корхонаки¸ унга ўзбекистонликларга берилиши лозим газни сувдан бир неча баравар арзонга олиб¸ уни қимматига экспорт қилиш¸ ëки Ўзбекистонга қайтариб сотиш каби эксклюзив ҳақ берилди?

Бу савол жавобини унинг "хорижий" таъсисчиларидан излаймиз.

Газ ва газ конларининг “матрëшкалар”га ўтиши: Natural Gas Stream

Natural Gas-Stream МЧЖ қўшма корхонаси 2016 йилнинг 6 октябрида Тошкентда рўйхатга олинган.

Мирзиëев вақтинчалик президент сифатида иш бошлаганининг биринчи ойидаëқ тузилган бу компаниянинг 50 фоизи Ўзбекнефтгазга қарашли. Қўшма корхона тузилган пайтда Ўзбекнефтгазга Алишер Султонов раис эди.

Президент қарорида қўшма корхонанинг иккинчи таъсисчиси Газпромнинг Швейцариядаги шўъбаси этиб кўрсатилади. Аммо қарордан кўп ўтмай¸ унда учинчи таъсисчи пайдо бўлади ва дарҳол қолган 50 фоизнинг 49¸90 фоизига эга чиқади. Бу Кипрда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd.

Gas Project Development Central Asia AGнинг 2013 йилдан бошлаб бош ижрочи директори Бахтиëр Фозилов. Бахтиëр Фозилов билан айни пайтда компания бошқарув кенгашига Matthias Arthur Warnig деган шахс раисликка тайинланади.

2022 йилга келиб Gas Project Development Central Asia AG бош ижрочи директори ҳам¸ бошқарув кенгаши раиси лавозими ҳам Фозиловнинг ўзига ўтади.

Natural Gas-Streamнинг иккинчи йирик таъсисчи Altmax Holding Ltd. оффшорда рўйхатга олинган қобиқ¸ яъни матрëшка компания.

2015 йил 18 ноябрда рўйхатга олинган Altmax Holding регистрация тарихига қаралса¸ унинг бирламчи эгаси яна ўша Бахтиëр Фозилов экани кўрилади.

Ҳозирда Altmax Holding акцияларининг 50 фоизи Сингапурда рўйхатга олинган Eres Blu Pte Ltdга қарашли. Бу оффшор компания aкцияларининг 100 фоизи Бахтиëр Фозилов қўлида.

Eres Blu Pte Ltd акцияларининг аввалги эгалари Epamina Corporateга қарашли бўлган Epamina (Nominees) Ltd. Epamina Corporate акциялари эса¸ унинг директори Баҳодир Ғафуров номига расмийлаштирилган. Баҳодир Ғафуров¸ аввал айтилгани каби¸ Eriell бошқарувчилари¸ Enter Engineering таъсисчиларидан бири¸ Ўзбекистон Хоккей федерациясида Бахтиëр Фозиловнинг ўринбосари.

Altmax Holding акцияларининг қолган 50 фоизи Кипрда рўйхатга олинган Brighttree Holding Ltdга қарашли. Компаниянинг асл бенефициарлари номи камида тўртта қобиқ ширкат ва траст (trust - бир томон иккинчисига асл бенефициарлари очиқланмайдиган учинчи томон активлари ëки мулкини бошқариш ваколатини берадиган юридик тузилма) ичига беркингани боис¸ бирор ҳужжатда кўринмайди.

Айни пайтда¸ россиялик миллиардер Андрей Филатов Altmax Holding акцияларининг 50 фоизини Бахтиëр Фозиловдан сотиб олганини айтиб келади. Аммо корпоратив ҳужжатларда буни тасдиқловчи маълумот кўринмайди.

Андрей Филатов Путинга жуда яқин олигарх ва амалдорлар билан ҳамкор. Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Филатов президентлик қиладиган Россия Шахмат федерацияси васийлик кенгаши раиси бўлган.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Андрей Филатов билан.
Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Андрей Филатов билан.

Геннадий Тимченко билан Филатовни узоқ йиллик бизнес ва ҳобби бирлаштиради. Тимченко ва Филатов Россиядаги нефть ташиш билан шуғулланувчи энг йирик Трансойл компаниясида ҳамкор¸ айни пайтда¸ иккала олигарх Россия спорти¸ шахмат ва санъатининг йирик меценатлари сифатида бирга фаолият юритади.

Андрей Филатов ва Геннадий Тимченко Европада ўзини Россия спорти ва санъати меценатлари сифатида тақдим қилиб келган.
Андрей Филатов ва Геннадий Тимченко Европада ўзини Россия спорти ва санъати меценатлари сифатида тақдим қилиб келган.

Мазкур суриштирув доирасида Озодлик Андрей Филатовга Altmax Holding асл бенефициарлари номини кўрсатувчи ҳужжат тақдим этиш¸ Бахтиëр Фозилов билан олди-бердиси тафсилотларига ойдинлик киритишни сўраб мурожаат қилди. Шунингдек Озодлик Филатовдан Altmax Holding асл бенефициари Геннадий Тимченкоми¸ деган саволни ҳам сўради.

Андрей Филатов Озодлик юборган саволлар ортидан Россия шахмат федерацияси расмий сайтида ҳали эълон қилинмаган суриштирувга муносабат билдирди.
Андрей Филатов Озодлик юборган саволлар ортидан Россия шахмат федерацияси расмий сайтида ҳали эълон қилинмаган суриштирувга муносабат билдирди.

Филатов Озодлик саволларига бевосита жавоб юбормади. Бунинг ўрнига 3 февраль куни ўзи президент бўлган Россия Шахмат федерацияси расмий сайтида фақат инглиз тилида баëнот эълон қилди.

Бу баëнотида Филатов¸ номи тилга олинмаган "Европа матбуоти"ни ўзининг Altmax Holding Ltd.даги иштирокини “сохта талқин” қилаëтганликда айблади.

Бу баëнотида Филатов¸ Altmax Holding акцияларини Бахтиëр Фозиловдан сотиб олгани ва бу акциялар эгаси ўзи эканини таъкидлади.

Айни пайтда¸ корпоратив ҳужжатлар Филатовнинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа доирасида Бахтиëр Фозилов ва унинг бошқа қатор компаниялари билан бевосита ҳамкор эканини кўрсатади.

Молиявий ҳисоботлар¸ Кипрдаги Altmax ¸ Дубайдаги Eriell ва Сингапурдаги Eres Blu ўртасида юзлаб миллион долларнинг инвестиция ва қарз шаклида ҳаракатланганини кўрсатади. Бу айланмалар¸ Мирзиëевнинг газни кўпайтириш дастурининг бош оператори Natural Gas- Streamнинг хориждаги эгаси Altmax Holding асосан мазкур дастурнинг бош пудратчиси Eriell Group ва Eriellнинг таъсисчиларидан бири Газпромбанкдан келган пулга фаолият юритаëтганини кўрсатади.

Энергетик мустақиллик VS “Ўзбекистон мустақиллиги”

Андрей Филатов Бахтиëр Фозилов билан Ўзбекистонда ҳамкорликда ишлаëтган яна бир лойиҳа “Ўзбекистон Мустақиллиги” деб аталади.

Бу инвестицион лойиҳа Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Москвага қилган биринчи давлат ташрифи доирасида Путин иштирокида ўтказилган маросимда Газпром ва Altmax Holding Ltd.га тақдим этилди.

Тасдиқланган заҳираси бўйича минтақадаги энг йирик (109 миллиард кубметр) ҳисобланган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони баробарида Сурхондарëда улкан газ-кимë комплекси қуриш Ўзбекистон Республикаси ва Gas Project Development Central Asia AG, Altmax Holding Ltd ўртасида ҳали тузилмаган консорциумга берилди.

Москвада имзоланган келишув ижроси кўп пайсалга солинмади – Кремлдаги тантанадан бир ой ўтиб-ўтмай¸ 2017 йилнинг 3 май куни Мирзиëев 2948-сонли қарорни имзолади.

Бу қарор имзоланганининг эртасига Ўзбекистонда Surhan Gas Chemical Operating Company деган МЖЧ рўйхатдан ўтди. Устав капитали 150 минг доллар бўлган бу МЧЖ таъсисчиси Ҳонгконгда расмийлаштирилган Surhan Investments Limited. Компания оддий акцияларининг 75 фоизига Кипрда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd. ¸ 20 фоизига Ўзбекнефтегаз ва қолган 5 фоизига Gas Project Development Central Asia AG эгалик қилади. Концорциумга Бойсун туманидан қарийб 50 гектар суғориладиган ва яйлов ер ажратилади.

Акцияларининг асосий улушига Altmax Holding эгалик қилувчи Surhan Gas Chemical Operating Company тасарруфига Бойсун туманидан улкан яйлов ер ажратилган.
Акцияларининг асосий улушига Altmax Holding эгалик қилувчи Surhan Gas Chemical Operating Company тасарруфига Бойсун туманидан улкан яйлов ер ажратилган.

Бу консорциумнинг асосий кредитори¸ молиявий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸ Natural Gas-Stream, Eriell, Enter Engineering мисолида кўрилгани каби яна айнан Газпромбанк.

Surhan Investments Limited бошқарувчиларининг деярли барчаси Бахтиëр Фозиловга қарашли бошқа компаниялар¸ хусусан¸ Eriell, Jizzakh Organic директор ва таъсисчилари рўйхатидаги шахслар. Ҳонконгда тузилган консорциумга Ўзбекистон Республикаси номидан директорликка тайинланган Ўзбекнефтгаз раиси биринчи ўринбосари Шаҳзод Алиризаев ҳам Фозилов кадрларидан -у 10 йил давомида Eriellнинг Россиядаги офисида ишлаган.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар нафақат Surhan Investments Limited таъсисчиларининг Natural Gas-Stream, Eriell, Enter Engineering, Газпромбанк тасарруфидаги бошқа компанияларга алоқадорлиги, балки юзлаб миллион долларнинг бу компаниялар орасидаги сирли ҳаракатини ҳам кўрсатади.

Қарийб 6 миллиард долларлик лойиҳанинг асосий эгаси сифатида Андрей Филатов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиëсий муносабатлардаги муҳим шахслардан бирига айланади.

2018 йилнинг 19 октябрь куни Филатов Владимир Путиннинг Ўзбекистон ҳукумати билан Тошкент музокараларида бевосита иштирок этади. Бу музокаралар натижасида¸ Altmax Holding билан яна қўшимча келишув тузилади.

Шавкат Мирзиëев Altmax Holding эгалари деб кўриладиган Андрей Филатов ва Бахтиëр Фозилов билан.
Шавкат Мирзиëев Altmax Holding эгалари деб кўриладиган Андрей Филатов ва Бахтиëр Фозилов билан.

2019 йил 30 апрелида Андрей Филатов яна Ўзбекистонга келади ва шахсан Шавкат Мирзиëев билан учрашади.

Altmaxга берилган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” лойиҳаси шахсан Путин ва Мирзиëев назоратида экани¸ 2020 йил ноябрида тузилган Ишчи гуруҳни лойиҳанинг давлат манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлашдан тўхтата олмади.

Ишчи гуруҳ ҳисоботидан

Лойиҳа оператори – Surhan Gas Chemical Operating Company таъсисчиси Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган Surhan Investments Limited оффшор ширкатидир. Ўзбек томони улуши ҳам айни шу компанияга расмийлаштирилган ва бу шаффоф молиявий фаолият юритиш ҳамда хорижий таъсисчилар улушини баҳолашга имкон бермайди.
Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим доирасида ўзбек томони фақат 10 йилдан кейингина даромаднинг 10 фоизини олиши мумкин. Ташқи инфраструктуранинг давлатга фойда келтирадиган (10%) маҳсулот ҳисобидан қурилиши инобатга олинса¸ лойиҳадан давлат учун бирор фойда келиш эҳтимоли йўқ ҳисоби.
Бундан ташқари¸конлардан олинадиган заҳира тасдиқланмай туриб¸ биринчи навбатда газни қайта ишлаш заводи қуриш режаланмоқда.

Ишчи гуруҳ Мирзиëевга тақдим қилган бу хулосалардан сўнг “Мустақилликнинг 25 йиллиги” лойиҳаси нафақат қайта кўриб чиқилади¸ балки Surhan Gas Chemical Operating Company ўз фаолиятини яна кенгайтириш¸ Мирзиëев ҳукуматидан янада каттароқ имтиëзлар олишда давом этади.

Жиззахда туғилган “аждаҳо”

Ўзбекистон газ ва нефть конларини оффшор компаниялар қўлига тутқазиш жараëни Jizzakh Petroleum деган ном билан иш бошлаган яна бир қўшма корхонада бутун бўй-басти билан намоëн бўлади.

2017 йилнинг 27 апрель куни Шавкат Мирзиëев ота юрти Жиззахга боради. Бу ерда у маҳаллий матбуот томонидан “мустақил Ўзбекистон ҳаëтидаги тарихий воқеа” деб аталган маросимда қатнашади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Зафаробод туманига ташриф буюрди. Туманнинг "Чимқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди.

Жиззахликлар билан учрашувда Мирзиëев бунақа завод собиқ СССРда йўқлигини таъкидлади. Бошланғич баҳоси 2.2 миллиард доллар дейилган бу “мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, иқтисодиётга алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади”¸ дейилади расмий хабарда.

“Тарихий завод тамал тоши” қўйилганини хабар қилган маҳаллий телеканаллар бу лойиҳанинг буюртмачиси киму¸ уни ким қуриши ҳақида лом-мим демайди.

Жиззахдаги “тарихий маросим”да Газпромбанк раиси ўринбосари Алексей Матвеев ҳам қатнашади. Мирзиëев сафари ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳозирлаган видеоматериалда Матвеев¸ “бу улкан лойиҳани биргаликда ниҳоясига етказамиз”¸ дейди. Матвеевнинг Жиззахда ҳозир бўлиши ва унинг бу баëноти Газпромбанкнинг бу лойиҳага бевосита алоқадорлигини таъкидлайди.

Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилишига тамал тоши қўйилганидан бир ойдан кўпроқ ўтиб¸ 2017 йил 8 июнда Ўзбекистонда Jizzakh Petroleum¸ ўзбекчалаштирилса¸ Жиззах нефть деб аталган қўшма корхона рўйхатдан ўтказилади. Фаолият тури “хом нефть қазиб олиш”¸ устав капитали 3 миллион АҚШ доллари деб ëзилган бу компания ҳам аввалига Natural Gas-Stream каби Ўзбекнефтегаз ва Газпромнинг яна ўша Швейцариядаги шўъбаси Gas Project Development Central Asia AG шериклигида тузилади.

Аввалига Ўзбекнефтгаз қўшма корхонанинг 60 фоиз¸ Россия томони эса 40 фоиз улушига эгалик қилди.

Қўшма корхона номи унинг айнан Жиззахда нефть заводи қуриш мақсадида тузилганига ишора қилса-да¸ бу компания ва 2¸2 миллиард долларлик завод қурилиши битта лойиҳа экани 2017 йил сентябрида ошкор қилинди.

2017 йил 13 сентябрда Enter Engineering Pte Ltd Jiizzakh Petroleum қўшма корхонаси билан Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи қурилишига оид келишув тузгани ҳақида хабар ёйинланaди.

2017 йил 2 ноябрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Москвада Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашув сўнггида Газпромбанк билан тўртта йирик келишув имзолайди. Улардан бирини Jizzakh Petroleum бош директори Шокир Файзуллаев имзолайди. Бу келишув “Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш комплекси қурилиши” инвестицион лойиҳасини молиялаштириш ҳақида бўлади.

Айни пайтда Jizzakh Petroleum ўз фаолиятини битта завод ëки битта вилоят билан чеклаш нияти йўқлигини тез орада намоëн қилaди.

Ўзбекистонда Jizzakh Petroleum деган компания иш бошлаганидан кўпчилик 2017 йил охирига бориб хабар топaди. Ўзбекнефтгаз АЖ 28 декабрь куни импорт қилинган бензин ва дизелни сотиш Jizzakh Petroleum ҚКга берилгани ва компания мамлакат бўйлаб ўз АËҚШ тармоғини очишини маълум қилaди.

Озодлик ихтиëридаги расмий ҳужжатлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 декабрь кунги йиғилишининг 171-сонли протоколида берилган топшириқ билан Jizzakh Petroleumнинг нефть маҳсулотлари импорт қилиши ва уни эркин бозор нархида сотишига рухсат берилганини кўрсатади.

Биринчи галда мавжуд заводлар — Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари модернизациясига эътибор қаратишга қарор қилинди.
Ҳусниддин Тўраев

Kўп ўтмай, Жиззахда мисли кўрилмаган замонавий завод қурилиши ҳақидаги эҳтиросли баëнотлар тўхтаб қолaди. 2019 йил 15 март куни деярли барча маҳаллий нашрлар «Нефтегазинвест» директори ўринбосари Ҳусниддин Тўраевнинг Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши вақтинча тўхтатилди, деган баëнотини тақдим этади.

Озодликдаги ҳужжатлар¸ туғилмай туриб ўлган Жиззах нефтни қайта ишлаш заводини лойиҳалаштиришга солиқ тўловчининг 20 миллион доллардан кўпроқ пули сарфланганини кўрсатади.

Тўхтатилган завод учун товон – Ўзбекистон конлари¸ Тошкент ва Самарқанд аэропортлари

Газпромбанк-Enter Engineering-Jizzakh Petroleumнинг Жиззахда нефть заводи қуриш режаси амалга ошмади. Аммо лойиҳани амалга ошириш учун махсус тузилган Jizzakh Petroleum Ўзбекистонда қолди. Нафақат қолди¸ балки бошқа йирик энергетик лойиҳалар¸ мамлакатнинг нефть ва газ конлари¸ қолаверса стратегик ҳаво дарвозаларига қўл узатишни бошлади.

2018 йил 23 ноябрь куни Шавкат Мирзиëев фуқаролик авиациясидаги аҳволни “тубдан такомиллаштириш” ҳақида фармон чиқаради. Унга кўра¸ Ўзбекистон аэропортларини бошқариш¸ ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда давлат-хусусий шериклик тизими жорий этиладиган бўлади.

Бу фармондан бир ойча вақт ўтиб - 2019 йилнинг 2 январь куни¸ Озодлик ихтиëридаги расмий мактубнинг гувоҳлик беришича¸ Дубай амирлигига қарашли ENOC компанияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат юборади.

Хатда ENOC Aviation Ўзбекистон аэропортлари¸ хусусан Тошкент аэропортидаги ëқилғи қуйиш мажмуасини ривожлантиришга қизиқаëтгани ва бу лойиҳаларга сармоя ëтқизишга ҳозирлиги айтилади.

Йилига 4 миллион тонна авиабензин ишлаб чиқарувчи ENOC ўз мактубида Тошкент аэропортига йирик халқаро авиакомпанияларни жалб қилиш учун авиаëқилғи нархини икки бараварга арзонлатиш - ўша пайтдa галлони 3¸5 доллар бўлиб турган бензинни 1¸5-1¸7 долларга туширишни таклиф қилади.

Айни пайтда, Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ENOCдан бошқа Lukoil¸ шунингдек, Швейцариянинг Vitol ва Mercuria компанияларидан ҳам Ўзбекистон аэропортларидаги ëқилғи қуйиш мажмуаларини бошқариш учун инвестиция киритишга қизиқиш билдирилган мактублар келади.

Бу таклифлар кўриб ҳам чиқилмасдан¸ Ўзбекистон асосий ҳаво қўналғасига учиб- қўнадиган самолётларни ëқилғи билан таъминлаш ваколати Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига берилади. Бунинг учун Энергетика вазири Алишер Султоновнинг Абдулла Ариповга 25 январь куни ëзган биргина мактуби кифоя қилади. Бу мактубда Султонов¸ Жиззах заводи қурилиши тўхтатилганига товон тариқасида¸ қўшма корхонадаги оффшор компанияга давлатнинг 30 фоизлик улушини ўтказиб беришни ҳам сўрайди.

Арипов ўша куниëқ Султонов таклифини қабул қилади ва тегишли қарорлар чиқариш ҳақида топшириқ беради. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига ўз эътирозини билдиради. Улар халқаро аэропортлардаги ëқилғи қуйиш мажмуасини хусусий компаниялар бошқарувига бериш Жаҳон банки тавсиясига кўра ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро компаниялар иштирокидаги очиқ тендер орқали танланиши кераклиги¸ жараëнда концессия принципи қўлланиши лозимлиги ҳақида хат юборади.

Ариповнинг 2019 йил 15 август кунги Фармойиши ХДФУ деб таснифланган.
Ариповнинг 2019 йил 15 август кунги Фармойиши ХДФУ деб таснифланган.

Бундай огоҳлантирув ва тавсияларни инобатга олмаган Арипов 2019 йилнинг 15 август куни 678-сонли Фармойиш имзолайди. Бу фармойиш билан Jizzakh Petroleum таъсисчилари улуши ўзгаради – Ўзбекнефтгаз ўз тасарруфидаги 60 фоиз акцияларнинг 30 фоизини оффшордаги Belvor Holdings Ltd.га ўтказиб беради. Қўшма корхона таъсисчилари Ўзбекнефтгаз - 30 фоиз¸ Belvor Holdings - 68 фоиз¸ Gas Project Development Central Asia AG – 2 фоиз нисбатида ўзгаради.

Шундан сўнг¸ 70 фоизи хорижликларга ўтган Jizzakh Petroleum Тошкент халқаро аэропортидаги трафик юраги – учиб-қўнадиган самолëтларни авиабензин билан таъминлашни қўлга олади. Султоновнинг Ариповга ëзган мактубида таъкидланишича¸ Ўзбекистон аэропортларида истеъмол қилинадиган авиабензиннинг 80 фоизи айнан Тошкент аэропорти ҳиссасига тўғри келади.

Тошкент аэропортини ëқилғи билан таъминлаш, бу соҳада мутлақ тажрибага эга бўлмаган Jizzakh Petroleumга берилиши ортидан ENOC компанияси Ўзбекистон билан бошқа ҳамкорлик қилмаслиги айтилган мактуб юборади.

2019 йилнинг 15 декабрь куни Бош вазир Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг 1002-сонли қарорини имзолайди. Бухоро-Хива ва Фарғона минтақаларида нефть қазиб олишнинг камайиб бораëтгани ҳақида бошланган қарор билан Ўзбекистонда 2020-2030 йилларда нефть қазиб олишни кўпайтириш дастурини бажариш Jizzakh Petroleumга топширилади.

Арипов қарори билан Jizzakh Petroleumга берилган конлар рўйхати
Арипов қарори билан Jizzakh Petroleumга берилган конлар рўйхати

Бу қарор билан қўшма корхона таъсисчилари орасидаги улуш нисбати яна ўзгаради – Ўзбекнефтгаз улуши 30 фоиздан 49 фоизга чиқади¸ Belvor Holding улуши 68 дан 49 га тушади. Gas Project Development Central Asiaни AG улуши 2 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолади. Ўзбекнефгаз улушининг ошиши давлатнинг қўшма корхона активларига қўшган дастмояси - газ ва нефть конлари сонининг ҳам ошишини англатади.

Яна айни сценарий – на бирор тендер¸ на бирор конкурс ўтказилади¸ Энергетика вазири Алишер Султоновнинг сўрови билан бир йил олдин тузилиб¸ ҳали бирор лойиҳага инвестиция ëтқизмаган компания Ўзбекнефтгаз тасарруфидаги 106 та нефть ва газ конини ўзлаштириб¸ газ ва нефть олиш ваколатини олади.

ХДФУ деб таснифланган бу қарорнинг 9-банди¸ Мирзиëев ва Ариповнинг суриштирув давомида кўрилган аксар қарорларига хос равишда¸ махфий деб таснифланади. Ҳукуматдаги саноқли шахсларгагина маълум бу махфий бандлар билан Jizzakh Petroleumга ҳам мислсиз нарх чегиримлари¸ солиқ¸ бож ва бошқа имтиëзлар берилади.

Келтириладиган расмий рақамларга кўра¸ Jizzakh Petroleumга топширилган 2020-2030 йилларда нефть қазиб олишни кўпайтириш дастури 801 қудуқни бурғулаш¸ 502 тасини капитал ремонтдан чиқаришни кўзда тутади. Бирламчи ҳисоб-китобга кўра¸ лойиҳа нархи 2¸7 миллиард доллар. Ҳам стратегик¸ ҳам молиявий қиймати бу қадар улкан дастур бир йил олдин 3 миллион доллар устав капитали билан тузилган¸ 68 фоиз акциясининг эгаси ва бирорта нефть қудуғи қазиб ҳам кўрмаган махфий компанияга тутқизилади.

Jizzakh Petroleum бу лойиҳа ижросига яна ўша таниш қаҳрамонларимиз - ERIELL Group ва Enter Engineeringни жалб қилади. Сабаби жуда оддий. 2021 йилга келиб Jizzakh Petroleum акциясининг 98 фоизини қўлга олган Belvor Holding Ltd.нинг қоғоздаги эгаси яна таниш қаҳрамон – Eriell, Enter Engineering, Natural Gas Stream, SURHAN INVESTMENTS LIMITED компанияларининг мулкдори бўлган Бахтиëр Фозиловдир.

Jizzakh Petroleumнинг энергетика соҳасидаги қамрови фақат кенгайиш йўлига кирaди – Jizzakh Petroleum нафақат Ўзбекистон нефть қудуқлари¸ балки нефтни қайта ишлаш саноатини ҳам қўлга олади.

Улардан биринчиси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўлса¸ иккинчиси Бухоро вилоятида қуриладиган МТО (метанолдан олефин олиш)заводидир.

Каримовалар кўксидан юлинган “қора марварид”

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистонда нефтни қайта ишловчи икки корхонадан бири. Асосий иншоотлари 478 гектар майдонда жойлашган заводда мамлакат иқтисодиётининг мотори бўлган бензин¸ дизель¸ мазут ва керосин ишлаб чиқарилади. “Йиллик лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тонна”гача бўлган ФНҚИЗ йилига 2 миллион тонна ëқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқаради.

1959 йили ишга туширилган завод Каримов давридаëқ катта кўламдаги ўғрилик¸ коррупция ва пул ювиш тимсолига айланган эди. 2014 йил кузи¸ ҳали Ислом Каримов ҳаëтлигида Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг қизи Гулнора Каримова бошчилигидаги “уюшган жиноий тўда”ни биргина ФНҚИЗнинг 40.1 миллиард сўмлик (2014 йилги курс бўйича 17.056 миллион АҚШ доллари) активини ўзлаштирганликда айблаган эди.

Бу завод Шавкат Мирзиëевнинг номи очиқланмаган “фарғоналик келинлар” шаънига айтган истеҳзоли сўзлари билан 2018 йил ëзида яна ўзбекистонликлар тилига тушди.

  • "27 йилда Фарғонада битта янги корхона пайдо бўлгани йўқ. Ўша эски ФНПЗни шундай таги билан металлоломга ташласак, бизга фойда бўлади, мен сизларга айтайин. Бу чиқараётган маҳсулоти бир тийинга қиммат. Агар бу зўр ишлаганда, бу маҳсулотни ўша одинги бу ердаги, кечирасизлару қўпол бўлсаям, каламушлар эгаллаб олмаганида эди... Бу заводни дабдала қилиб кетган фарғоналик келинлар. Қўпол бўлсаям. Ҳаммаларинг тушуняпсизлар ким тўғрисида айтганимни"¸ деган эди жаҳл билан 2018 йил 12 июнь куни Фарғонада ўтказган учрашувида Мирзиëев.

Тошкент ҳукумати берган маълумотлар асосида 2021 йил ëзида ФНҚИЗ фаолиятига оид ҳисоботини тақдим этган KPMG халқаро аудит компанияси ҳам¸ 2000 йиллардан 2013 йилга қадар заводнинг Каримовлар оиласи назоратида бўлганини ëзади.

KPMG ҳисоботида ФНҚИЗ тарихи ҳақида ҳам маълумот берилган.
KPMG ҳисоботида ФНҚИЗ тарихи ҳақида ҳам маълумот берилган.

Каримоваларни нафақат ФНҚИЗ¸ балки бутун Фарғонани “тўда бўлиб эгаллаган¸ дабдала қилган каламушлар¸ хиëнаткорлар” деб ëзғирган Мирзиëев 2018 йили заводда катта ўзгаришлар бўлишини ваъда қилади.

Бу “ўзгаришлар”дан бири ўлароқ¸ Озодлик ихтиëридаги расмий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸ ФНҚИЗ нефтни тўғридан-тўғри сотиб олиш орқали йўқотишларни камайтириш ўрнига¸ ўртакаш компаниялaр билан келишув тузади.

Boston Consulting Group 2019 йил февралида ҳозирлаган ҳисоботга кўра¸ 2018 йили Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари, асосан Сингапурда рўйхатга олинган Pinolio (80.1%)¸ Швейцарияда рўйхатдан ўтган Crudex (6¸5%) ва Эстониядаги Zein Trade OU (3¸2%) орқали хомашë импорт қилади.

BCG ҳисоботида Pinolio ва Crudex каби ўртакашлардан оширилган нархда хомашë сотиб олиш ФНҚИЗ ва БНҚИЗга 100 миллион доллар қимматга тушгани келтирилади.
BCG ҳисоботида Pinolio ва Crudex каби ўртакашлардан оширилган нархда хомашë сотиб олиш ФНҚИЗ ва БНҚИЗга 100 миллион доллар қимматга тушгани келтирилади.

ФНҚИЗ фаолиятини тақдим этилган расмий ҳужжатлар асосида тафтиш қилган BCG, завод ҳаëт-мамоти учун белгиловчи бўлган хомашëни Pinolio компаниясидан ўртача бозор нархидан бир неча баравар қимматига олгани оқибатида давлат компаниясига етган молиявий зиëнни ҳисоблаб беради.

Ҳужжатга кўра¸ ФНҚИЗ импорт қилинадиган ҳар бир тонна нефть учун Pinolio га 114 долларгача ортиқча ҳақ тўлаган. ФНҚИЗ¸ Бухородаги завод ҳам қўшиб ҳисобланганда¸ ўртакаш трейдерга ортиқча тўловлар туфайли давлатнинг жами йиллик йўқотиши 103 миллион долларни ташкил этган. Турли имтиëзлар туфайли давлат бюджетига тушмаган солиқлар бунга кирмайди.

  • Таъминотнинг 80% дан ортиғи бирор нефтни қайта ишлаш заводи ёки нефть етказувчига алоқаси бўлмаган Сингапурдаги Pinolio орқали амалга оширилади. Хомаëшни тўғридан-тўғри сотувчилар (Petronas, Туркменнефть, Litasco (ЛУКОЙЛ), Роснефть, Газпромнефть) яхшироқ тўлов шартлари таклиф қилиб турган бир пайтда¸ Pinolio хомашë учун 100% олдиндан тўлов талаб қилади. Ўртакашлар завод учун бирор қўшимча қиймат бермайди”¸ деган BCG завод маҳсулоти рентабеллигини таъминлаш учун бу каби ўртакашдан воз кечишни тавсия қилади.

Pinolio қандай компанияки¸ Шавкат Мирзиëев Фарғона ва ФНҚИЗни "каламуш ва ўғрилар"дан тозалаш ҳақида гапириб турган айни 2018 йили мамлакатдаги иккала нефть заводини импорт нефть билан таъминлашни ўз монополиясига айлантирди?

Сингапурда рўйхатга олинган Pinolio Pte Ltd расмий регистрациясига кўра¸ унинг ягона таъсисчиси БААнинг Шаржа шаҳрида яшовчи Dominic John Lewis Christopher. Табиийки¸ бундай шахсни Ўзбекистонда на кўрган¸ на эшитган бор.

ФНҚИЗ нега айнан ëнгинаси – Қозоғистондаги нефтни Дубайда яшаб туриб олис Сингапурда компания очган бу сирли хорижликдан қимматига сотиб олди¸ деган савол жавобини компаниянинг 2019 йилги молиявий ҳисоботидан топиш мумкин. Бу ҳисоботда Pinolio Pte Ltd нинг бенефицари қилиб ўшанда 33 яшар бўлган Санжар Самиев келтирилган.

Очиқ манбалардан 1986 йилда туғилган Санжар Самиевнинг Кардиффда (Буюк Британия) 2016 йил февралида рўйхатга олиниб¸ 2017 йил июлида ëпилган WING APPS LTD компанияси таъсисчиларидан бири бўлгани кўрилади.

2013 йили гуруҳ таркибига кирувчи компаниялар рўйхатида Galaxy Drilling Solutions Fze ҳам бор. 2013 йили 27 ëшида бўлган Самиев Шаржа эркин иқтисодий ҳудудида рўйхатга олинган шу компаниянинг директори сифатида кўрсатилган. Айланма йўллар¸ қобиқ ва оффшор компаниялар траекторияси яна Бахтиëр Фозиловнинг Eriell компаниясига олиб чиқади.

Молиявий ҳисоботлар Pinolio Pte Ltd Шотландияда рўйхатдан ўтган Avard Invest LP ва БААдаги Gillard Middle East FZE дан қарз олганини кўрсатади. Avard Investнинг 100 фоизлик мулкдори яна Бахтиëр Фозилов бўлса¸ Gillard Middle East FZE Eriell гуруҳининг БААдаги шўъбаларидан биридир.

2018 йили нефтнинг асосий қисмини Pinolioдан қимматига олиб ишлаган ФНҚИЗ келажагига оид сиëсий қарор 2019 йил 11 апрель куни чиқади.

Шу куни Мирзиëев Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини “тўғридан-тўғри хорижий инвестиция” ҳисобига модернизация қилиш ҳақидаги қарорни имзолайди. Лойиҳа қиймати 875 миллион долларга баҳоланади. Бу қарор билан мамлакатнинг энг йирик нефть заводини модернизация қилиш Индонезияда рўйхатга олинган РТ Trans Asia Resources компаниясига топширилади.

Шавкат Мирзиëев Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олиши эълон қилинган Аъзам Асланов билан.
Шавкат Мирзиëев Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олиши эълон қилинган Аъзам Асланов билан.

6 май куни заводга ташриф буюрган Мирзиëев компания эгаси¸ асли самарқандлик Аъзам ва Омон Аслановлар билан учрашади. Аслановлар компанияси заводга “300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция” ëтқизишини айтган Мирзиëев¸ Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ”янги давр” бошланишини ваъда қилади.

РТ Trans Asia Resources 16 миллион доллар дастлабки тўлов билан олди-сотди жараëнини расман бошлайди.

Мирзиëев қароридан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб¸ 25 май куни Абдулла Арипов ФНҚИЗдаги давлат улушини РТ Trans Asia Resources компаниясига сотиш шартларини тасдиқловчи 431-сонли қарор чиқаради. Президент ва Бош вазирнинг мазкур қарорлари¸lex.uz порталидаги нусхасига қараганда¸ ҳамон кучини йўқотмаган.

Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги харид шартномасини имзолашни¸ Ишчи гуруҳ таъкидича¸ атайлаб чўзади¸ оқибатда инвестор синов ишларини бошлай олмайди.

2020 йил январида Президент Администрациясига тақдим этилган ҳисоботдан

Бу жараëннинг оқсашига Энергетика вазирлигининг РТ Trans Asia Resources компаниясига нисбатан дискриминация ва дезинформация сиëсати олиб боргани асосий сабабдир. Шу йўл билан вазирлик РТ Trans Asia Resources ни жараëндан чиқариш ва ФНҚИЗни Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига олиб беришни кўзламоқда.

ФНҚИЗни Jizzakh Petroleumга олиб бериш йўлидаги қадамлардан бири 2019 йил 25 декабрида қўйилади. Арипов 106 та нефть ва газ конини Jizzak Petroleum га топширганидан икки ҳафта ўтиб¸ ФНҚИЗ Jizzakh Petroleum билан нефть ва газ конденсати сотиб олиш бўйича бошланғич нархи 339,6 млрд. сўмлик келишув имзолайди ва Jizzakh Petroleum завод ҳаëт-мамотини белгиловчи асосий таъминотчига айланади.

Ишчи гуруҳ ўз ҳисоботида огоҳлантирган яширин мақсад – ФНҚИЗни турли схемалар орқали Jizzakh Petroleumга бериш йўлидаги навбатдаги қарор 2020 йилнинг 7 февралида имзоланади.

Арипов 2019 йил 25 майда ФНҚИЗни РТ Trans Asia Resources га сотиш ҳақида чиқарган ўз қарорини бекор қилмай туриб¸ заводни Jizzakh Petreleum ишончли бошқарувига топширади. Шундан сўнг РТ Trans Asia Resources компанияси эгалари ота-бола Аслановлар Ўзбекистонда қандай тўсатдан пайдо бўлган бўлса¸ шундай тўсатдан ғойиб бўлади.

ФНҚИЗ Қозоғистондаги нефтни оффшор компаниялар орқали бир неча баравар қимматига сотиб¸ уни банкротлик ëқасига олиб келган Pinolio ва Jizzakh Petroleum эгалари бошқарувига ўтади. Бунинг устига ФНҚИЗ “ишончли бошқарув” учун Jizzakh Petroleumга ойига 607 миллион сўм (2020 йил февралидаги курс бўйича 63¸474 доллар) ҳақ ҳам тўлашга мажбур қолади. Заводнинг бутун операцион фаолияти Jizzakh Petroleum қарамлигига тушади.

Jizzakh Petroleum Ўзбекистондаги 106 та нефть ва газ кони¸ мамлакатдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводини ишончли бошқарувга олиш билангина чекланмайди.

2021 йил 30 апрель куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ва UzAssets сайтида ФНҚИЗдаги давлат активларини сотиш жараёни бошланганлиги ҳақида эълон қўяди.

Заводнинг сотилиши аниқ бўлиб¸ ишчи гуруҳ унинг “олдиндан аниқ мақсад” билан Jizzakh Petroleumга сотиб юборилиши ҳақида расмий эътироз билдирган бир пайтда¸ Султонов ўзбек нефть конларидаги Ўзбекнефтгазга қарашли “асосий воситалар”ни Jizzakh Petroleumга сотишни сўраб яна Ариповга хат киритади.

Султонов 2022 йил 9 февраль кунги бу хатида Ариповдан SEG ижара шарномаси асосида фойдаланиб келган Ўзбекнефтгаз “восита”ларининг ҳаммасини баланс қийматида - 3 триллион 206 миллиард 200 миллион сўмга¸ уни ҳам 10 йил бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат сўрайди. Озодликдаги ҳужжатларнинг кўрсатишича¸ Бош вазир дарҳол Султонов сўровини қондиради.

Оқибатда¸ Султонов хатида “восита” деган сўз билан кодланган давлат ихтиëридаги 103 та нефть ва 6 та газ кони, 18 та янги блок баланс (энг минимал) қийматида Фозилов компаниясига берилади. Ўзбекистонда қазиб олинадиган¸ импорт қилинадиган¸ қайта ишланадиган нефть ва нефть маҳсулотлари Jizzakh Petroleum монополиясига айланади.

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас…

2020 йил 7 февраль куни ФНҚИЗни беш йиллик муддатга Jizzakh Petroleum ишончли бошқарувига топширган Арипов қарорида Jizzakh Petroleumнинг завод модернизацияси учун 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиши қайд этилади.

Бу қарордан бир йил ўтиб-ўтмай¸ ФНҚИЗ сотувга қўйилишидан уч ҳафта олдин¸ 2021 йилнинг 5 апрелида Султонов яна Jizzakh Petroleum номидан Ариповга хат ëзади.

Бу хатида Султонов Jizzakh Petroleum бошлаган “бошқа инвестицион лойиҳалар”ни сақлаб қолиш учун¸ унга давлат кафолати билан 150 миллион доллар ëки киритилиши ваъда қилинган тўғридан-тўғри инвестициянинг тенг ярми миқдорида қарз олиб беришга рухсат сўрайди. Бу сўров ҳам дарҳол қондирилади¸ 100 фоиз мулкдори оффшордаги хусусий шахслар бўлган компания оладиган 150 миллион доллар қарзга Ўзбекистон давлати кафил бўлади.

Тўлаш мажбурияти Ўзбекистон давлатига юклатилган 150 миллион доллар кредитни олганидан кўп ўтмай, Ўзбекнефтегаз Jizzakh Petroleum таъсисчилари сафидан бутунлай чиқади. Қўшма корхонага давлат киритган активлар¸ хусусан¸ нефть конлари бутун инфраструктураси билан Бахтиëр Фозиловнинг Belvor Holdingи мулкига айланади.

Ишчи гуруҳ ҳисоботидан

ФНҚИЗ Jizzakh Petroleum бошқарувига берилиб¸ сўнгра унга сотилса¸ олинадиган ҳар қандай даромад Jizzakh Petroleumга тегади¸ давлат эса¸ фақат зиëн кўради¸ Jizzakh Petroleum ўз ëнидан бирор сармоя киритмай туриб¸ фақат давлат активлари ва мажбурияти ҳисобидан фойда қилади¸ ўзига алоқадор қурилиш компаниялари¸ бу ҳолатда Enter Engineering билан тендерсиз¸ оширилган нархлар билан тузиладиган харидлар¸ қолаверса¸ ФНҚИЗ маҳсулотларини сотиш ҳисобига фойда олади¸ айни пайтда¸ ФНҚИЗ фаолиятидаги йўқотишлар учун бирор масъулиятни зиммасига олмайди.

Ишчи гуруҳ 2020 йилда огоҳлантирган воқеа 2022 йил 22 май куни рўй беради. Давлат активларини бошқариш агентлиги ФНҚИЗ нинг 100 фоиз давлат ихтиëрида бўлган улуши янги номи Sanoat Energetika Guruhi бўлган Jizzakh Petroleumга 100 миллион долларга сотилганини эълон қилади.

Ҳукуматнинг ўзи тузган ишчи гуруҳ ҳамда BCG ва KPMG каби халқаро консалтинг ва аудит компаниялари ҳисоботларида берилган жиддий хулосалар махфийлаштирилади.

Jizzakh Petroleum ФНҚИЗ бошқарувчисидан унинг эгасига айлангани эълон қилинишидан олдин¸ компанияда иккита ўзгариш кузатилади.

2021 йил 10 октябрида¸ Ўзбекнефтгаз Jizzakh Petroleum таъсисчилари сафидан бутунлай чиқади. 2021 йил 26 октябрь куни Jizzakh Petroleum номини Sanoat Energеtika Guruhi деб ўзгартиради¸ айни пайтда Jizzakh Petroleum брендини сақлаб қолади. 2022 йил ноябридан компания SANEG янги бренд номи билан иш юрита бошлаганини билдиради.

Газ тақчил мамлакатда яна бир 4 миллиард долларлик газ мажмуаси

Sanoat Energetika Guruhiга айланиш арафасида Jizzakh Petroleum¸ Озодлик ихтиëридаги махфий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸ Ўзбекистон тарихидаги яна бир энг қиммат лойиҳани махфий қарор билан қўлга олишга муваффақ бўлади.

2020 йил 20 июнда¸ COVID пандемияси авжида Бош вазир Арипов йиғилиш ўтказади. Унда яна Энергетика вазирлиги ва Ўзбекнефтгаз сўрови билан Jizzakh Petroleum МТО (метанолдан олефин олиш) технологияси асосида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш лойиҳасининг инвестори ва буюртмачиси этиб белгиланади. 15 июлгача лойиҳа тафсилотларига оид маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш сўралади.

Мирзиëевнинг МТО заводи ҳақидаги махфий қарорининг имтиëзлар қисми
Мирзиëевнинг МТО заводи ҳақидаги махфий қарорининг имтиëзлар қисми

Бу йиғилишдан бир йил ўтиб¸ 2021 йил 13 августида Шавкат Мирзиëев Бухоро вилояти Қоракўл ва Олот туманларининг умумий 400 гектар ер майдонида газ-кимё соҳасига ихтисослашган «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси ташкил этиш ҳақидаги 5221-сонли қарор чиқаради. Қарор махфий.

Бу қарор билан бошланғич қиймати 4 миллиард долларга баҳоланган «МТО (метанолдан олефин олиш) технологияси асосида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси Jizzakh Petroleumга берилади. Лойиҳа 1¸5 миллиард куб метр табиий газдан йилига 300 минг тонна полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилацетат (ПВА), полипропилен ҳамда бошқа полимерлар ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Озодлик ихтиëрида мавжуд бу қарорга кўра¸ мазкур комплексни қуриш учун лозим бўлган барча инфраструктурани қуриб бериш тўлиғича давлат бюджети зиммасига юклатилган.

Jizzakh Petroleum ва у бирор танловсиз ўзи танлайдиган пудратчи ва субпудратчиларга Мирзиëев мисли кўрилмаган имтиëзлар беришда шу қадар ҳиммат қиладики¸ қарор охирига бориб бу имтиëзларнинг “Давлат харидлари тўғрисида” амалда бўлган қонунчиликка зид эканини ўзи ҳам тан олишга мажбур бўлади.

Махфий қарорнинг 11-бандидан

Jizzakh Petroleum МЧЖ қўшма корхонаси ва Лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш даврида маҳаллий ва халқаро лойиҳа ташкилотлари¸ пудратчи ва субпудрат ташкилотлари¸ халқаро консультантлар ва экспертлар билан танлов савдоларини ўтказмасдан¸ тўғридан-тўғри музокаралар асосида шартномаларни имзолаш билан боғлиқ муносабатларга “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари татбиқ этилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

BCG 2019 йилда¸ ҳукумат Ишчи гуруҳи эса 2020 йил бошида Ўзбекистонда газ қазиш йилдан йилга камайиб бораëтгани¸ 2028 йилга бориб Ўзбекистон газ импорт қиладиган давлатга айланаëтган бир вазиятда¸ газни қайта ишлашга мўлжалланган қиммат лойиҳаларни бошламасликни тавсия қилган.

BCG MTO технологияси асосида завод қуриш Ўзбекистоннинг импорт газга қарамлигини кучайтиришидан огоҳлантирган.
BCG MTO технологияси асосида завод қуриш Ўзбекистоннинг импорт газга қарамлигини кучайтиришидан огоҳлантирган.

Бошланғич қиймати 6¸5 миллиард долларлик (бошланғич нархи 4 миллиард) МТО (метанолдан олефинга) технологияси асосида ишловчи газ-кимë мажмуаси лойиҳаси ниҳоятда қиммат ва норентабель”¸ дейилади 2020 йилги ҳукумат Ишчи гуруҳи ҳисоботида.

Ўзбекистонда ишлаб турган иккита газ-кимë мажмуаси (ГКМ) ëнига яна биттасини қўшиш¸ бу заводларга йилига 5 миллиард куб метр газ беришни тақозо этади. Ўзбекистонда яна бир ГКМ қуриш учун заҳира базаси йўқ¸деган хулоса берилади иккала ҳисоботда ҳам.

BCG хулосасидан

Қазиш ҳозирги темпда сақлаб қолинган тақдирда ҳам¸ 2028 йилга бориб Ўзбекистон ўз ички эҳтиëжи учун газ етказа олмай қолади. Бундай вазиятда МТО заводи қуриш дефицитни тезлаштиради ва 2025 йилга бориб Ўзбекистон импорт газга қарамликка ўтади.

Ҳисоботда¸ МТО заводида ишлаб чиқарилиши айтилаëтган маҳсулотга минтақада бозор йўқлиги ҳам таъкидланган.

Бундай заводнинг давлатга зиëн келтириши¸ ўзбекистонликларни бор газидан ҳам маҳрум қилиши ҳақидаги жиддий огоҳлантиришлар ҳам эътиборсиз қолдирилади. Мирзиëев ва Арипов SEG/Eriell/Enter Engineering бошини бир жойга қовуштирган бу лойиҳага “тарихий қадам”, “улкан ижтимоий лойиҳа”¸ “Учинчи Ренессанс флагмани” сифатида старт беради.

Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг бой берилган юраги - Gazli Gas Storage

2018 йил 24-26 май кунлари Санкт Петербургда ўтказилган халқаро иқтисодий форум ишида Ўзбекистон Бош вазирининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги расмий делегация иштирок этади.

Айни форум доирасида Тошкент расмийлари Россиянинг Форус компанияси билан Англашув меморандуми имзолайди.

Меморандум имзоланишидан икки ой ўтмай¸ Шавкат Мирзиëев 2018-2019 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлайди. Дастурга мувофиқ¸ Газли газни ер остида сақлаш иншооти ҳажмини 10 млрд куб метргача ошириш ҳамда Газли конининг газ ва нефть уюмларида қўшимча геология-қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш лойиҳаси АО Форусга берилади.

Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг BCG ҳисоботида келтирилган харитаси.
Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг BCG ҳисоботида келтирилган харитаси.

"Бухоро-Урал", "Ўрта Осиё-Марказ" ва "Газли-Чимкент" магистрал газ қувурларининг тугунида жойлашганлиги сабабли Газли конлари ва ер ости омбори расман Ўзбекистон газ-транспорт тизими юраги ҳисобланади. Ўзбекистондан Россия ва Хитойга юбориладиган газ оқими ҳам айнан Газли орқали назорат қилинади.

2018 йил 17 октябрда - Путин давлат ташрифи билан Тошкентга келишидан бир кун олдин - Форус Ўзтрансгаз АЖ билан Gazli Gas Storage деб номланган қўшма корхона тузaди. Корхона акцияларининг назорат пакети – 60 фоизи бир йил олдин 10 минг рубль (ўша пайтдаги курс бўйича 155 АҚШ доллари) устав фонди билан тузилган Форусга берилaди.

19 октябрь куни Путин билан музокараларда¸ сўнгра учрашувдан кейинги матбуот брифингида Мирзиëев Форусни Россиянинг йирик энергетик компаниялари қаторида санайди.

Форуснинг бирламчи таъсисчиси – Чачхалия Аида Отаровна. Қарийб миллиард долларлик лойиҳани олган бу аëл на дунë¸ на Россия бойлари рўйхатида кўринади. Очиқ манбалардан постсовет ҳудудида газ бизнеси билан шуғулланадиганлар орасида ҳам бундай шахс топилмайди.

Аммо бу аëл ортига бекинган шахсни аксар дунë¸ айниқса¸ газ ва нефть бизнеси яхши танийди. Бу одам¸ Путиннинг энг яқин дўсти¸ тунги хоккейчи шериги ва мустақил ҳамда мухолиф нашрлар томонидан “Путиннинг чўнтаги” деб аталадиган Геннадий Тимченкодир.

На номини биров эшитиб¸ на ўзини биров кўрган Чачхалияни Россия гази ва нефти хўжайинларидан бирига айланган Тимченкога қандай алоқаси бор?

Россия очиқ корпоратив ҳужжатлар базасига қаралса¸ Чачхалия Аида Отаровнанинг табиий газ билан мутлақ алоқаси йўқ. У Форусга қадар яна иккита компания таъсисчиси бўлган.

Улардан бири 2014 йил 11 июлда очилган Миллионная 5 МЧЖ . 2018 йил августида ¸ Форус тузилишидан икки ойча ëпилган бу компаниянинг бирламчи таъсисчиси Русская рыбопромышленная компания. Матрëшкани очишда давом этиб¸ балиқчилик билан шуғулланувчи иккинчи компания таъсисчилари рўйхатига қаралса¸ унда Франк Глеб Сергеевич деган ном кўринади. Франк Глеб россиялик миллиардер Геннадий Тимченконинг куëви. Қайнота ва куëвнинг ҳар иккаласи ҳозирда Ғарб санкциялари рўйхатида.

Чачхалиянинг қандай қилиб Россия балиқчилик бозоридаги монополист компания таъсисчисидан Ўзбекистондаги газ конлари ва газ омборлари эгасига айлангани барибир тушуниксиз. Бу изоҳни Чачхалия таъсисчиси бўлган бошқа бир компаниядан излаймиз.

Чачхалия 2015 йил 13 ноябрда рўйхатга олинган узум етиштириш ва ундан вино ҳозирлашга ихтисослашган Кариньян МЧЖ таъсисчиси. 2015 йили Чачхалиянинг бу компаниядаги улуши 1 фоиз бўлган бўлса¸ 2017 апрелидан то 2017 йил 26 октябрда ëпилган ëпилгунга қадар бу улуш тўсатдан 1 фоиздан 100 фоизга чиқади. Бу компаниянинг қолган 99 фоизи Чачхалияга ўтгунга қадар кимники бўлганига қаралса¸ Форус топишмоғи ечилади.

Кариньян акцияларининг 99 фоизига Франк Глебнинг қайнотаси Геннадий Тимченко эгалик қилган.

Озодликнинг аниқлашича¸ҳам Абхазия¸ ҳам Россия фуқароси бўлган 33 яшар Аида Чачхалия оддий котиба. У Тимченко бизнес манфаатларини ҳимоя қилиб келаëтган Иванян и Партнеры адвокатлик конторасида ишлайди.

31 январь куни Озодлик Чачхалияни айнан шу адвокатлик конторасидан топди. У Форус компанияси ҳозирда унинг номида эмаслигини айтиб¸ саволларга жавоб беришдан бош тортди. Форуснинг эгалари ким, деган саволни эшитиши билан Чачхалия гўшакни илиб қўйди…

Суҳбат давомида Чачхалия на Форуснинг қачон бошқа таъсисчига ва на қачон ¸ нима сабаб ўтказилганига жавоб бера олди.

Чачхалия Форуснинг шунчаки қоғоздаги эгаси эканини 2018 йили Санкт Петербург иқтисодий форумига оид расмий маълумотлардан ҳам билвосита тасдиғини топади. На форум қатнашчилари¸ на Ўзбекнефтгаз вакиллари билан учрашиб¸ Газли бўйича меморандум имзолаган шахслар рўйхатида Форуснинг номинал эгаси Аида Чачхалия деган ном йўқ. Аммо Геннадий Тимченконинг бу форумда нафақат қатнашгани¸ унинг спонсорларидан бири бўлганини тасдиқловчи далиллар етарли.

Масалан¸ Тимченко “Владимир Владимирович просто красавец” деган гапни ҳам Ксения Собчакка айни шу форум коридорида айтди.

Ëки Путиннинг севимли олигархлари тўдаси “Озеро” ҳақидаги гаплардан чарчагани ҳақидаги гапни ҳам Тимченко айни шу форум пайтида айтди.

Тимченконинг 2018 йил йилги айни форумда қилган мана бу баëноти эса халқаро майдонда тилга тушди.

  • “Биз Хитойга яна битта газ қувурлари қурмоқчимиз. Айнан қанақа қувурлигини ҳозирча айтмайман¸ аммо бу ғарбий йўналиш эмас. Сахалиндан ҳам ўтмайди. Узунлиги бўйича бу қувурлар ҳозирда "Стройтранснефтегаз" қураëтган "Сила Сибири" қувурларидан кўра қисқароқ ва арзонроқ бўлади”¸ деди Тимченко 2018 йил 24 май куни Санкт Петербург халқаро иқтисодий саммити доирасида берган баëнотида.

Тимченко Россиядан Сахалинга муқобил йўл билан Хитойга газ узатишга имкон берувчи қувурлар харитасини очиқламади. Маълумот учун - Россияга узанган газ қувурлари баробарида Марказий Осиëни Хитойга боғловчи қувур ҳам Ўзбекистондан ўтади.

Геннадий Тимченко Путиннинг хоккейдош ўртоғи ҳам
Геннадий Тимченко Путиннинг хоккейдош ўртоғи ҳам

Бу қувурлар ëнига 10 миллиард куб метргача газ сиғимига эга Газли ер ости газ омбори ҳам қўшилса¸ бутун тизимнинг Тимченко келажак режасидаги аҳамияти ойдинлашади. Қўшимча маълумот - Путин 2014 йили Хитойга сафари чоғида Геннадий Тимченкони “Хитойдаги ўз одами” деб таништирган. Экспертлар таъкидича¸ Хитой билан ҳар қандай катта келишув¸ хусусан энергетик келишувлар фақат Тимченко орқали Путинга ўтади.

-Тимченко Газли газ омборига қизиқишни 2013 йили бошлаган. Унинг режаси туркман газини Газлига ҳайдаб¸ сўнгра Марказий Осиë-Хитой қувурлари орқали Хитойга экспорт қилиш. Айни пайтда Тимченкога алоқадор компаниялар ўзбек газини Хитойга ре-экспорт қилиб келмоқда. Бу Тимченкога нафақат Хитойга Россия газини¸ балки туркман ва ўзбек газини экспорт қилиш устидан тўлиқ назорат ўрнатиш имконини беради¸ дейди Тимченконинг Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борган яширин музокараларидан бевосита хабардор мулозим.

Хитойга ҳам шимолдан¸ ҳам жанубдан нафақат Россия¸ балки унга қўшиб туркман ва ўзбек газини ҳам экспорт қилиш¸ сиëсатшунослар таъкидича¸ Тимченко ва шерикларига миллиардлаб бойлик келтириш баробарида¸ Путин Россияси қўлига Хитой билан муносабатларида қудратли сиëсий қурол ҳам беради.

2022 йил қаҳратонида Путин Газпром газини бериш учун Ўзбекистонни “Газ иттифоқи”га қўшилишга мажбурлаш кампаниясини бошлади.

Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром” эгалигига ўтказиш бўлган.

Россия томони илгари сурган иккинчи шарт – Хитойга газ экспорти ҳуқуқини топшириш бўлган. Яъни “Газпром” келишувда Ўзбекистоннинг “UzGasTrade” компанияси ўрнини эгаллашни таклиф қилган”¸ деб ëзди Кун.уз нашри 14 январь куни.

Бу маълумотлар битта мантиқий ипга терилса¸ Газли мажмуасининг Тимченко-Путиннинг глобал газ олди - сотдисидаги геостратегик аҳамияти ойдинлашади.

Gazli Gas Storage қўшма корхонаси ҳам Озодлик суриштирувида тилга олинган Бахтиëр Фозиловнинг яқин бизнес шериги.

Gazli Gas Storage МЧЖ Бахтиëр Фозилов таъсисчиси бўлган Kinori CA ва HR BARAKAGROUP МЧЖ билан айни адресда регистрация қилинган. Тимченко ва Фозилов компаниялари ўртасидаги алоқа фақат адрес билан чекланмайди.

Gazli Gas Storage Газли ерости газ омборини кенгайтириш лойиҳаси бош пудратчиси яна Eriell Group. Айни пайтда Enter Engineering ҳам Gazli Gas Storage расмий сайтига кўра¸ асосий бизнес шерик.

Ўзбекистон Президенти администрацияси Озодликнинг газ-транспорт тизимидаги энг стратегик мажмуани Путиннинг Украинадаги қонли урушини молиялаëтган асосий шахслардан бири сифатида санкция қилинган Тимченко назоратига берилганига оид саволларга жавоб бермади.

Зайнилобиддин Низомиддиновга 2020 йил бошида тақдим этилган идоралараро Ишчи гуруҳ ҳисоботида Газли ерости газ омбори ва Газлидаги стратегик жиҳатдан муҳим мажмуани Форус компаниясига бериш Ўзбекистон энергетика хавфсизлигига путур етказиши¸ айни пайтда¸ лойиҳанинг молиявий жиҳатдан ҳам ўзини оқламаслиги аниқ ëзилган.

Ишчи гуруҳ ҳисоботидан

Тахминий қиймати 1 миллиард доллардан ошадиган Газли конида разведка ишларини тугатиш¸ газ қазишни кўпайтириш ва Газли ер ости газ сақлаш омбори сиғимини ошириш» лойиҳаси Газли ер ости газ омбори¸ Газли магистраль қувурлар бошқармаси ва «Газлинефтегаз-добыча»га қарашли барча қудуқ ва ускуналарни янги тузилган Gazli Gas Storage қўшма корзонасига беришни назарда тутади.
Қўшма корхонанинг 60 фоиз улушига эга Россиянинг Форус АЖсининг келиб чиқиши¸ фаолияти ва устав фондидаги маблағ жамғармаси (10 000 рубль ëки 155 доллари)шубҳалидир.
Боз устига¸ компания тузилганидан кейинги икки йил ичида бирор молиявий фаолият юритмаган - икки йил ичида атиги 46 долларгина ҳаракатланган. Форусда бундай лойиҳаларни бажариш тажрибаси умуман йўқ.
Форус тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш ўрнига¸ мажбуриятни Gazli Gas Storage қўшма корхонасига юклаган ҳолда¸ 850 миллион доллар кредит олишни режаламоқда.
Лойиҳа техник-иқтисодий асосларига оид ҳужжатда Ўзбекистонда йиллик табиий газ дефицити 2-3 миллиард куб метр бўлиб тургани ва Газли омбори жорий сиғимининг 55 фоизгина бандлигига қарамай Газли ер ости газ омбори сиғимини 3-4 млрд куб метрдан 10 млрд кубметрга ошириш зарурати асосланмаган.
Gazli Gas Storage қўшма корхонаси Газли конларининг 48,2 млрд куб метр газ ва 370 минг тоннанефть борлиги тасдиқланган 10-13 горизонтидан углеводород қазиб чиқаришни режаламоқда.
Лойиҳа молиявий кўрсаткичлари ўта қониқарсиз. Бу активларни қўлга олиш орқали Форус табиий газни қайси компанияларга узатиш ва кўрсатиладиган хизматлар учун нархни ўзи белгилаш орқали Ўзбекистонда табиий газ сақлашдаги энергетик мувозанатга таъсир қилиш ваколатига эга бўлади.

Форус билан тузилган қўшма корхонага топширилган Газли ер ости газ омбори сиғимини 10 миллиард куб метрга етказиш лойиҳаси хусусида Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси ҳам ўз ҳисоботида шунга яқин хулосани беради.

  • “Заҳира балансидаги газ ҳажмининг пасайиб боришига оид прогнозларни ҳисобга олган ҳолда ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланади”¸ дейилади 2019 йил февралида мамлакат раҳбариятига тақдим этилган BCG ҳисоботида.

Нафақат Gazli Gas Storage¸ балки энергетик соҳадаги аксар йирик инвестицион лойиҳаларни таҳлил қилган ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро мутахассислар¸ танишганингиз каби¸ уларни ëки бутунлай тўхтатиш ëки қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. Аммо бу тавсияларнинг деярли бирортаси инобатга олинмади. Нега?

Мазкур журналистик суриштирув давомида номи тилга олинган компаниялар дунëнинг турли бурчагида рўйхатга олинган бўлса-да¸ уларни бир занжирга боғловчи асосий шахс¸ номи қайта ва қайта тилга олинган самарқандлик Бахтиëр Фозиловдир.

2016 йил сентябридан бери Ўзбекистоннинг 1-рақамли бурғуловчисига айланган Eriell ва Enter Engineering жамоатчиликка очиқланган таъсисчиси ҳам¸ улар бошқарув кенгаши раиси ҳам Бахтиëр Фозилов.

Сингапур ëки Кипр¸ АҚШ ëки Чехия ëхуд Швейцарияда очилиб¸ Eriell/Enter Engineering тармоғига уланган ўнлаб оффшор компаниялар таъсисчиси ҳам Бахтиëр Фозилов.

Ўзбекистон нефть конларининг 80 фоиздан ортиғига эгалик ҳуқуқини қўлга киритган Jizzakh Petroleum/SEG бошқарув кенгаши раиси ҳам Бахтиëр Фозилов.

Кейинги беш йил ичида Ўзбекистон энергетика соҳасида бошланган қарийб 35 миллиард долларлик лойиҳаларнинг деярли ҳаммасида Бахтиëр Фозилов номи бор.

Самарқанддан чиқиб¸ илк бизнесини Чехия ва Россияда очган Фозилов Ғарбнинг қудратли компаниялари кира олмаган Ўзбекистон энергетика бозорини қандай қилиб ўз ҳовлисига айлантирди? Бу қудратни у қаердан олди? Аниқроғи¸ бу қудратни унга кимлар берди?

Фозилов - ФСБ-МХХ генераллари оилавий бизнеси бошқарувчиси

Суриштирувимизда тилга олинган ўндан ошиқ хориж¸ оффшор ва Ўзбекистон ҳукумати иштирокида тузилган қўшма корхоналар орқали Бахтиëр Фозилов 2016 йил сентябридан сўнг Ўзбекистон газ ва нефть секторининг де-факто бошқарувчисига айланади.

Озодликка шахси сир қолиш шарти билан маълумот берган Ўзбекистон Энергетика вазирлиги¸ Ўзбекнефтгаз ва Eriellга алоқадор манбалар бир-биридан мустақил равишда 2016 йил сентябридан бери ўзбек гази савдоси “тўлиғича ва фақат Фозилов орқали” ўтишини билдирди.

Яқинларгача жамоатчилик кўзидан панада қолиб келган Фозиловнинг ўзбек гази ва нефтига “муҳаббати”¸ уни шахсан билган ва бирга ишлаганларнинг айтишича¸ 2000 йиллар бошларида¸ ҳуқуқ тизимларидаги “ҳомийлар” паноҳида бошланган.

Бизнесдаги муваффақият непотизм ва коррупцияга таянган Ўзбекистонда Фозилов бизнесининг қудратли хавфсизлик хизматидагилар манфаати билан бирлашувига кўп вақт кетмайди.

“Фозиловнинг МХХ билан битта организмга айланиши 2004 йилда бошланиб¸ 2005 йил америкаликлар Ўзбекистондан чиқариб юборилганидан кейин кучайди. Унга ўша пайтда Президент Хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари ва Татьяна Каримованинг ишонган тоғларидан бири бўлган Алишер Сайфутдинов ëрдам берди. Билишимча¸ Сайфутдинов Бахтиëрни МХХдаги қудратли генераллардан бири ва Иноятовнинг яқин одами Умар Абдуллаевич Убайдуллаев билан таништиради ва шундан сўнг Фозиловнинг Убайдуллаев¸ у орқали Рустам Иноятов оиласи билан бизнес шерикчилиги бошланади”¸ дейди Ўзбекистон хавфсизлик тизимига яқин мулозимлардан бири.

“Бу соҳага на вилоят ҳокимлиги¸ на прокуратуранинг тиши ўтмасди. Eriell фаолияти ҳар доим бевосита республика СНБси кураторлигида бўлган”
Собиқ мулозим

Озодлик гаплашган Қашқадарë вилоят ҳуқуқ тизими собиқ масъулларидан бири ҳам Бахтиëр Фозилов ва Eriell фаолияти аввал бошданоқ тўлиқ МХХ назоратида бўлганини айтади.

Фозиловни яқиндан билганлардан яна бирига кўра¸ МХХ қаноти остига кирган Eriell бундай ҳомийлик учун айрим “ижтимоий юклама” – МХХ собиқ генераллари ва улар қариндош-уруғини компания ходимлари рўйхатига киритиб¸ уларга мунтазам ойлик тўлаш мажбуриятини зиммасига олган.

“Eriellнинг Чехиядаги идорасидан тортиб Москва ëки бошқа давлатлардаги офисларига қарасангиз икки тоифа одамни кўрасиз – улар ëки Фозиловнинг яқин ëки узоқ қариндошлари¸ синфдош ëки маҳалладошларидан йиғилган самарқандликлар клани¸ ëки Иноятовга садоқатли истеъфодаги эсенбешниклар¸ эски ва жорий ҳукумат амалдорларининг болалари¸ куëвлари¸ қуда-андалари”¸ дейди бу суҳбатдош.

МХХ генераллари назоратидаги хос бизнес клубга айланган Фозиловнинг Eriell компанияси фаолият майдони 2008 йилдан бошлаб янги босқичга чиқади.

2008 йил 30 апрелда Eriell Россияда биринчи шўъбаси - ЭРИЭЛЛ НЕФТЕГАЗСЕРВИС МЧЖ деб номланган компания очади. Россия бозорига кира солиб¸ ҳайратланарли тезлик билан Газпром, Газпром нефть, Лукойл, Роснефть, Сургутнефтегаз, ТНГ-Групп каби аксарияти шахсан Путин ва унинг олигарх дўстлари назоратидаги компаниялар билан йирик контрaктлар тузади.

“Бахтиëрнинг Россиядаги парвози 2009 йили¸ Газпромбанк Eriellга 300 миллион доллaр кредит бериши билан бошланди. Ўшанда йирик Россия компаниялари кечагина Москвада офисини очган қанақадир номаълум компанияга нега шунча кредит берилди¸ деб жанжал ҳам қилган эди. Бу 300 миллионга Eriell Газпромбанк тасарруфидаги Уралмаш заводидан энг катта бурғулаш ускунaларини сотиб олди. Кредитни қайтариш учун Газпром унга Россиядаги катта катта- лойиҳаларни бера бошлади. Бахтиëрни Россиядаги бирламчи улкан лойиҳага тортган¸уни Газпромнинг алоҳида аҳамиятга эга лойиҳаларини бажарувчи одамга айлантирганлар Дониëр Комилов¸ Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов бўлади”¸ дейди бу суҳбатдош.

Газпромбанкнинг 2009-2010 йиллардаги молиявий ҳисоботлари ва тилга олинган лойиҳага алоқадор шахслар рўйхати бу гапларни тасдиқлайди.

2009-2010 йилларда Газпромбанк йирик кредит ажратган компаниялар рўйхатида Eriell биринчи ўринда. 2009 йили банк Eriell Holding (Eriellнинг молиявий операцияларига масъул шўъбаси)га 224 миллион доллар (яна 21¸5 миллион Хитой банкига қайта молиялаштириш учун тўланган) ¸ 2010 йили эса¸ 415 миллион доллар кредит ажратади. Бу кредитлар¸ ҳисоботда ëзилишича¸ Eriellнинг «Россия¸ Ливия¸ Қозоғистон ва Туркманистондаги бурғулаш контрактларини бажариш учун зарур бурғулаш ва бошқа ëрдамчи ускуналар сотиб олишини молиялаштириш”га ажратилган.

2008 йили Россияга кирган “хориж компанияси”га бир йил ичида бу қадар астрономик кредитлар берилган пайтда Дониëр Комилов Газпромбанк биринчи вице-президенти¸ бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Дониëр Абдулазизович Комилов 1994-2003¸ сўнгра яна 2012-2022 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Абдулазиз Комиловнинг ўғли¸ Ўзбекистон ССР Компартиясининг 1-котиби Шароф Рашидовнинг набирасидир. Абдулазиз Комилов ҳам СССР КГБ мактабидан чиққан ва Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида (1992-1994) Ўзбекистон МХХси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбек дипломатлари раҳбарининг ўғли Россиянинг давлатга қарашли Газпром компаниясининг молиявий қаноти бўлган Газпромбанкда¸ очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра¸ 2004 йилдан 2016 йилгача энг юқори лавозимларда ишлаган.

Айни шу лавозимда у Eriellга 300 миллион долларлик ускуна сотган Уралмаш заводи бошқарув кенгаши аъзоси сифатида бевосита қатнашган. Дониëр Комиловнинг Путин молиявий элитаси таркибий қисми экани¸ унинг Ўзбекистон қонунчилигига зид равишда ҳам Ўзбекистон¸ ҳам Россия фуқароси экани ҳақида 2014 йил январида биринчи марта Гулнора Каримова Twitter саҳифасида ëзган эди. КГБ мактабидан чиққан Комилов ва Иноятовларни фош қилишга киришганидан кўп ўтмай Каримова уй қамоғига ташланди ва унинг овози мутлақ ўчирилди.

Алишер Усмоновнинг Уралмаш заводидан оғир бурғулаш ускуналари сотиб олиш учун Eriell компаниясига улкан кредит жараëни ажратиш жараëнига бевосита алоқадорлигини очиқ манбалардан топиш қийин эмас.

2007 йил Усмоновнинг Металлоинвест компанияси Уралмаш заводи акцияларининг 50 фоизини сотиб олган. 2009 йилга келиб¸ Уралмаш акцияларининг 50 фоизига Усмонов¸ қолган 50 фоизига Газпромбанк эгалик қилган. Айни шундай¸ ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмонов Газпромнинг йирик инвестицион лойиҳаларини бошқарувчи Газпроминвестхолдингни 2000 йилдан 2014 йилгача (Қрим аннексиядан кейин бу лавозимидан муддатидан олдин кетади) бошқарган.

Озодлик суҳбатдоши тилга олган Газпромбанкнинг Уралмаш заводини сотиб олиб¸ сўнгра Eriellга бу завод ускуналарини харид қилиш учун юзлаб миллион доллар кредит ажратиш жараëнида Усмоновнинг Газпроминвестхолдинг компанияси бевосита иштирок этган. Россия матбуоти 2010 йили Уралмаш активларининг Усмоновга қарашли Металлоинвест ҳамда Газпромбанк ўртасида бўлиб олингани ҳақида хабар берган.

Кўп ўтмай Газпромбанк 2011 йили Eriell акцияларининг 46 фоизини¸ матбуот хабарларига кўра¸ 3.7 миллиард рубль (ўшандаги курс билан тақрибан 100 миллион доллар)га сотиб олади. Eriell лойиҳалари кўлами Россия¸ Яқин Шарқда янада кенгаяди.

2014 йилга келиб Фозиловнинг шахсан Путин назоратидаги Газпром ва МХХ назоратидаги “яширин бизнес клуби” бошқарувчиси этиб танланган шахс экани очиқ кўрина бошлайди.

Бахтиëр Фозилов МХХ раисининг ўғли – Шариф Иноятов ва МХХнинг яна бир генерали Умар Убайдуллаевнинг ўғли ва Шариф Иноятовнинг яқин ўртоғи Равшан Убайдуллаев билан шерикликда тузган компаниялар Россия ва Кипр бизнес реестрларида 2014 йилдан кўзга ташланади.(МХХ раисининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозимидан истеъфога чиққан Умар Убайдуллаев¸ ўшандан бери Eriell раиси Бахтиëр Фозиловнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишламоқда.)

НЕВА АЛЬЯНС ГРУПП МЧЖСанкт-Петербургда 2014 йил 14 март куни рўйхатдан ўтади. Бирламчи таъсисчилари Шариф Иноятов 75%¸ Равшан Убайдуллаев 25%. Орадан икки ойча ўтиб¸ НЕВА АЛЬЯНС ГРУПП МЧЖ 2014 йилнинг 13 май куни Меткем МЧЖ таъсисчисига айланади.( Санкт Петербургдаги йирик девелоперлик компанияларидан бири бўлган Меткем НЕВСКАЯ УСАДЬБА деб номланган қимматбаҳо коттеж маҳалласи қурувчисидир.) 2015 йил октябрида Шариф Иноятов НЕВА АЛЬЯНС ГРУПП МЧЖдаги 25 фоизлик акциясини Бахтиëр Фозиловга ўтказади.

2015 йилдан асли ўзбекистонлик бу учликнинг Россиядаги бизнеси Тула областига кўчади. 2014 йил 21 августида аввалига Рашид Дашлакиев 100 фоиз эгаси бўлган ВОЛОВСКИЙ КОМБИКОРМОВЫЙ ЗАВОД 2015 йилдан расман Шариф Иноятов¸ Равшан Убайдуллаев ҳамда Бахтиëр Фозилов мулкига айланади. Ҳозирга мазкур учликнинг ҳар бири бу улкан паррандачилик фабрикасининг 30 фоизлик акциясига эгалик қилади.

Айни шу йили¸ айни Туладаги Воловский бройлер паррандачилик фабрикаси таъсисчиси ҳам ўзгаради ва 2014 йил 27 декабрдан завод Кипрда рўйхатга олинган Rilves Limited компанияси тасарруфига ўтади. 2011 йил 4 августда рўйхатдан ўтган бу компания таъсисчилари ҳам¸ Кипрдаги қобиқ компаниялар тўри орқали¸ Бахтиëр Фозилов, сўнгра Шариф Иноятов ва Равшан Убайдуллаевлар экани кўрилади.

Воловский бройлер ўзбекистонлик учлик қўлига ўтганидан сўнг бу ерда катта инвестицион лойиҳа бошланади. Завод вакили Россия матбуотига¸ ўзбекистонлик инвесторлар лойиҳага 100 миллион доллар ëтқизгани ва бу маблағнинг бир қисми Россельхозбанк кредити эканини айтади.

2016 йилнинг 19 октябрида Воловский бройлерда парранда гўшти ишлаб чиқариш лойиҳасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу маросимда қатнашган икки юқори даражали Россия расмийсининг кимлиги Ўзбекистон МХХсининг ўғли Шариф Иноятов келиб чиқиши қоронғу бўлган ўнлаб миллион долларини нега айнан Тулага ëтқизди¸ деган саволга жавоб беради. Аниқроғи Бахтиëр Фозилов қиëфасида Ўзбекистон МХХ ва Путин ФСБ генераллари оилавий бизнесининг қанчалик чатишиб кетганини очиқ намоëн қилади.

Бахтиëр Фозилов Алексей Дюмин ва Дмитрий Патрушев билан Воловский бройлер гўшт цехининг очилиш маросимида
Бахтиëр Фозилов Алексей Дюмин ва Дмитрий Патрушев билан Воловский бройлер гўшт цехининг очилиш маросимида

Ўзбекистон МХХ раиси ўғлига қарашли заводнинг очилиш маросимида Тула области губернатори Алексей Дюмин ва Россельхозбанк раиси Дмитрий Патрушев билан бирга “ўзбек инвесторлари” вакили сифатида Бахтиëр Фозилов қатнашади.

Алексей Дюмин 1999 йил 9 август куни Путин Бош вазир этиб тайинланган кундан унинг шахсий адъютанти ва танқўриқчи бўлган шахс. Путин “танасига энг яқин” одамлардан бири сифатида Дюмин қарийб 13 йил Путин шахсий хавфсизлигини таъминлаган.

Путинга садоқатли ошпаз¸ сартарош¸ котиб ва котибалар каби Дюмин ҳам ўз хўжайини марҳаматидан бебаҳра қолмаганлардан бири.

Коммерсант газетаси

2012 йили Путин Дюминни генерал-майор даражасига кўтаради ва Мудофаа вазирлигининг ССО –( Силы специальных операций) деб номланган ëпиқ бўлинмасига раҳбар қилиб тайинлайди. ССО Кремлнинг хориждаги энг муҳим ва энг махфий операцияларни амалга оширувчи энг махфий гуруҳ ҳисобланади.

Андрей Кондрашовнинг «Қрим—Ватанга қайтиш» деб номланган ҳужжатли фильмига кўра¸ 2014 йил 23 февраль тунида Украинанинг россияпараст президенти Виктор Януковични Россияга олиб чиқиш операциясини ҳам шахсан Путин топшириғи билан Дюмин бажарган; 2014 йил баҳорида Қримни аннексия қилиш операциясига ҳам айнан Дюмин ва унинг махсус кучлари раҳбарлик қилган.

Украинадаги бу махсус операцияларни «аъло даражада» бажаргани учун Путин унга «Россия қаҳрамони» олий унвонини берган ва 2015 йили Мудофаа вазири ўринбосари лавозимига кўтарган. 2016 йил февралидан Тула вилояти раҳбари сифатида иш бошлаган Дюмин ўзини “Путиннинг пиëда аскари” деб атайди. Путинга энг яқин шахслардан бири саналган Дюмин¸ Россия сиëсатчилари томонидан Путиннинг эҳтимолий вориси сифатида кўрилади.

Ўзбекистон МХХдаги қудратли икки генерал ўғилларининг Россиядаги яна бир шериги Дмитрий Патрушев.

2016 йил октябрида Воловский бройлер лойиҳаси очилиш маросимида бу лойиҳа кредитори - Россельхозбанк вакили сифатида қатнашган Дмитрий Патрушев ҳозирда Россия Қишлоқ хўжалик вазири. У Россия Хавфсизлик кенгаши раиси Николай Патрушевнинг ўғли.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Патрушев идораси билан Иноятов контораси ўртасида “террорчиликка қарши кураш” иддаоси билан қуюқлашган муносабатлар¸ 2016 йил 19 октябридаги маросимнинг гувоҳлик беришича¸ оилавий бизнесга ўсиб улгурган.

Генерал Рустам Иноятов ўғлининг Россиядаги бизнес лойиҳасига “кредит”ни генерал Патрушевнинг ўғли раис бўлган Россельхозбанк берган. Банк сайтидаги маълумотлар¸ қолаверса¸ Озодлик ихтиëридаги молиявий ҳужжатлар Воловский бройлер мисолида бу иккала компаниянинг бизнес шерик эканини тасдиқлайди.

Николай Патрушев Россия ФСБига Путиндан кейин 1999 йили раҳбар этиб тайинланган ва бу вазифада 2008 йилгача ишлаган. 2008 йилдан бери Россия президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби. Ғарб Патрушевни Россиядаги энг қонли воқеалар¸ Қрим аннексияси ва Украина урушининг бош муаллифларидан бири деб билади. Николай Патрушев¸ Алексей Дюмин ва Газпром раиси Алексей Миллер 2018 йил 6 апрель куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкция қилинган Россия амалдорлари рўйхатида.

Қўшма Штатлар баëнотидан

Айнан Дюмин¸ Патрушев ва Миллерлар «Россия ҳукуматининг бутун дунё бўйлаб амалга ошираëтган ғаразли ҳаракатлари, жумладан, Қримни босиб олиш ва Украина шарқида зўравонликларни қўзғатиш, Суриядаги Асад режимини ўз аҳолисини қирғин қилиши учун пул ва қурол-яроғ билан таъминлаш, “Ғарб демократиясини бузишга қаратилган кибер фаолият» билан шуғулланаëтган Путин коррупциялашган тизимидан энг кўп фойда кўраётган» жиноий элита вакилларидир.

Ўзбекистонлик учликнинг яна бир мулки - ВОЛОВСКИЙ МАСЛОЭКСТРАКЦИОННЫЙ ЗАВОД ҳам айни ҳудудда¸ айни фсбчилар ҳимоясида. 2014 йил 26 июнда таъсис қилинган бу завод акцияларига Бахтиëр Фозилов (30%)¸ Шариф Иноятов (30%) ва Равшан Убайдуллаев (30%)¸ қолган 10 фоизига Одилов АНВАР АБДУЛХАМИТОВИЧ эгалик қилади.

Шариф Иноятов ва Равшан Убайдуллаевнинг Тулада рўйхатдан ўтган яна бир компанияси АКСУС ГРУП МЧЖ. Бу компания 2014 йил 22 декабрда тузилиб¸ 2020 йил 25 мартда ëпилган. Цемент ишлаб чиқариш билан шуғулланган бу компаниянинг бирламчи таъсисчи яна ДАШЛАКИЕВ РАШИД АХМЕТОВИЧ¸ регистрациядан бир ҳафта ўтиб¸ Шариф Иноятов ва Равшан Убайдуллаев таъсисчилар сафига қўшилади.

Шариф Иноятовнинг Россиядаги бизнес фаолияти фақат 2014 йилда расмийлаштирилган Туладаги компаниялар билан тўхтаб қолмаган.

2018 йили МХХ раислигидан кетганидан сўнг Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси ва сенатор сифатида ҳокимиятдаги нуфузини сақлаб қолган Рустам Иноятовнинг ўғли Путин Украинага қарши қонли урушни бошлаганидан уч ой ўтмай¸ Ленинград областида ТРИАР ИНВЕСТ АЖ деб номланган янги компанияни рўйхатдан ўтказган.

Бахтиëр Фозиловга юклатилган вазифа¸ Тошкент ҳукумати мулозимининг таъкидича¸ Путин чекистлари ва МХХ генераллари оилавий бизнесини бошқариш билангина тугамайди.

Шахси очиқланмаслиги сўраган бу мулозим¸ ўзбек гази устидан назоратни Фозилов орқали Газпром ва Путин олигархларига топширишни “Кремлнинг ўқ узмай амалга оширган спецоперацияси” деб атайди.

Фозиловга топширилган бизнес лойиҳалари Кремль ва ФСБнинг Марказий Осиë¸ хусусан¸ унинг юрагида жойлашган Ўзбекистонни назоратда ушлашни мақсад қилган ўта муҳим сиëсий стратегиясига хизмат қилади. Бу Путин империалистик режаларини амалга оширишдаги энг қудратли қурол – газ ва нефть воситасида Ўзбекистон сиëсий элитасини назоратда ушлашдир”¸ дейди Озодлик гаплашган Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори мартабали манба.

Путиннинг газ ва Газпромни ўз геосиëсий мақсадлари¸ хусусан¸ империалистик режасида қурол қилиб ишлатиши янги гап эмас. Бу ҳақда китоблар ëзилган¸ диссертациялар ëқланган. Наҳотки Ўзбекистон энергетик заҳираларини Газпром ва уни бошқараëтган чекистларга топширар экан¸ Ўзбекистон олий раҳбарияти бу хатарни тушунмаган? Тушунган бўлса¸ нега жараëнни тўхтатмади¸ аксинча уни фақат кучайтирди?

Суриштирувимизнинг сўнгги саволига жавобни мустақил Ўзбекистоннинг Россия билан энергетик олди-бердиси хронологиясидан излаймиз.

Путин туркман-ўзбек газини "охиригача сўриб олишни истайди"

Ўзбекистон энергетик мустақиллигини таъминлаш¸ деган ибора Ислом Каримов даврида бот-бот қулоққа чалинарди. Маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг таъкидлашича, Каримов Ўзбекистон бундай мустақилликка гази ва нефтини ўзи қазиб¸ унга ўзи эгалик қилсагина эришади¸ деб ишонганидан¸ 2002 йилгача хорижий компанияларнинг нефть ва газ лойиҳаларида қатнашиши, улар билан маҳсулотни бўлишишга оид битимлар тузишга рухсат бермай келган.

Вазият мустақилликдан 10 йил ўтиб ўзгарди. Россия президентлигига собиқ КГБ зобити Владимир Путин келди. Кела солиб¸ Газпромни Кремлнинг энг қудратли қуролига¸ газни эса¸ ўз ҳокимияти бойлигининг туганмас манбаига айлантиришга киришди.

Путинни Россия президентлигига олиб келишда белгиловчи роль ўйнаган Борис Березовский¸ Путин президентликдан кўра¸ Газпромни қўлга олишни орзу қилганини айтган.

Давлат раҳбари сифатидаги илк хорижий сафарини Путин МДҲнинг газ экспорт қиладиган икки давлати – Ўзбекистон ва Туркманистондан бошлади¸ деб эслайди бу сафарларни бевосита ëритган россиялик журналист Михаил Зигарь.

  • “Ниëзов ҳам¸ Каримов ҳам Газпром бундан буëғига Путиннинг Марказий Осиë гази¸ Худо уриб¸ айланма йўллар билан Европа¸ ҳатто Украинага бормаслиги учун уни тўлиғича қўлга олиш ҳақида берган вазифасини бажаришини тушунди. Газпром чиндан ҳам бу газни охиригача сўриб олишни истарди”, деб ëзади Зигарь ўзининг “Газпром – русларнинг янги қуроли” деб номланган китобида.

Владимир Путиннинг махсус топшириғини бажариш учун 2002 йил 17 декабрь куни Тошкентга Газпром раиси Алексей Миллер келади ва шахсан Ислом Каримов билан учрашади. Миллер Москвага Ўзбекнефтгаз билан имзоланган "Газ соҳасида стратегик ҳамкорлик ҳақидаги Битим” билан қайтади. 10 йиллик бу битим 2003-2004 йилларда 5 миллиард¸ 2005 дан 2012 йилгача эса¸ 10 миллиард куб метр ўзбек газини Газпромга сотиш ҳақида эди.

2003 йил ëзида Миллер яна Тошкентга келади. Бу гал энди у нафақат ўзбек газини сотиб олиш¸ балки уни қазиб¸ олиб чиқиб кетиш ҳақида ҳам келишувга эришади. Унга кўра¸ 2004 йилдан Газпром яна биринчи бўлиб Ўзбекистон конларидан газ қазиб олиш бўйича СРП келишувини қўлга киритади. 2005 йил февралида эса¸ Ўзтрансгаз билан 2006-2010 йилларда нафақат ўзбек¸ балки туркман газини ҳам Ўзбекистон газ қувурлари орқали транспортировка қилишга оид битим имзолайди. Газпром ортидан Ўзбекистон бозорига Лукойл киради.

"Тошкентда Кремль юрагига йўл Газпром орқали ўтишини ниҳоят тушуниб етишди”

Бу гапни Кремль назоратидаги Коммерсант нашри 2006 йилнинг январида ëзади. Бу Андижондаги қонли воқеалар ортидан Москвадан паноҳ излаëтган Ислом Каримов олдига қўйилган очиқ ультиматум эди.

Коммерсант нашри

Бугун Газпром раиси Алексей Миллер Ўзбекистонга келади. У президент Ислом Каримов билан Ўзбекистондаги энг катта учта газ конини Газпромга бериш масаласида келишмоқчи. Агар бу ҳақдаги келишув имзоланса¸ Россия компанияси Ўзбекистон газ экспортини де-факто монополизация қилади. Эвазига Тошкент Москвадан кўп эмас — аксилҳукумат чиқишларини бостириш ва ўзини Ғарбдан ҳимоя қилишда Россия ëрдам бериши ҳақида 100 фоизлик гарантия сўрамоқда”.

2005 йилги Андижон воқеалари Каримовни Россия олдида қанчалик заиф позицияга туширганини яна бир кремлпараст нашрнинг 2006 йилги мақоласидан англаш мумкин. Унда ëзилишича¸ Каримов Россия билан иттифоқчилик учун мамлакатнинг энг катта бойлиги - энергетик заҳираларини музокаралар столига қўяди.

  • Иттифоқчилик муносабатлари эвазига Ўзбекистон Россияга ўз ихтиëридаги энг ликвидли давлат корхоналари¸ шунингдек¸ нефть ва газ конларини сотиб олишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ислом Каримов Россия президентининг Сочидаги «Бочаров Ручей» резиденциясида ўтказилган учрашувда маълум қилди”.

Бу хабар ëзилган мақолага “Каримов ўзгаришга тайëр” деган ҳақоратли сарлавҳа қўйилди.

"Андижон воқеаларидан кейин Каримов билан гаплашиш анча осонлашди. У борадиган бошқа жойи йўқлиги ва ҳаммасига индамай рози бўлиш кераклигини тушунди. Оғизда¸ у ҳаммасига рози бўлди. Аммо ишга келганда¸ маъмурий пайсалга солиш бошланди"¸ дейди Газпром раисининг собиқ ўринбосари Александр Рязанов Михаил Зигарь билан суҳбатда.

Тошкент собиқ мулозимлари¸ қолаверса¸ Газпром билан муносабатларнинг кейинги тадрижига кўра¸ Каримов турли баҳоналар билан охирига қадар Газпромнинг Ўзбекистон газ заҳиралари устидан назорат ўрнатишини пайсалга солиб келган.

Аммо 2016 йил 2 сентябрь куни эълон қилинган Каримов ўлими Путиннинг Марказий Осиëдаги газни “охиригача сўриб олиш” истаги йўлидаги ғовларни олиб ташлади.

Путин қўллови

2016 йил 6 сентябрь куни Самарқандда тўхтаб ўтган Владимир Путин Каримовни дафн қилиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси раҳбари¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëев билан учрашди.

Учрашувдан сўнг Путин янги ўзбек раҳбариятини қўллаб-қувватлаш учун “қўлидан келадиган ҳамма ишни қилиши”, Россия Ўзбекистонга “ишончли дўст” сифатида қарашини билдирди.

Путиннинг Самарқандга ташрифидан икки кун ўтиб, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти мамлакат конституциясида кўзда тутилгани каби Сенат раисини эмас¸ амалдаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевни муваққат президент деб эълон қилди.

Янги Тошкент Кремль тилидан Путин юрагига энг қисқа йўл экани айтилган Газпром билан музокара бошлади.

Мирзиëев президент вазифасини бажаришга киришганидан беш кун ўтиб - 2016 йил 13 сентябрь куни давлатга қарашли Ўзбекнефтгаз раиси Алишер Султонов Москвага учиб кетaди. Кремл назоратидаги рус матбуоти бу Ўзбекнефтгаз раисининг Москвага сўнгги 6 йил ичида қилаëтган биринчи сафари эканига урғу берган.

Москвада Султонов Газпром раиси Алексей Миллер билан учрашади. Учрашувда¸ Газпром матбуот хизматига кўра¸”Ўзбекистондан табиий газ сотиб олиш ва республика ҳудудида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш” ҳақида сўз боради.

Октябрь ойида Газпром чиқарган яна бир хабарда¸ томонларнинг Ўзбекистон ҳудудида Газпромга қарашли ер ости газ сақлаш қувватларини ошириш режасига киришгани айтилади. Учрашувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмади.

Султонов Тошкентга қайтганидан бир ҳафта ўтиб-ўтмай, 22 сентябрь куни муваққат президент Шавкат Мирзиëев Газпром учун Ўзбекистонда яшил чироқ ëқилганини кўрсатувчи ҳужжатга қўл қўяди.

Унга кўра¸ Малайзиянинг PETRONAS Carigali Overseas Sdn. Bhd. Компанияси билан Каримов даврида Устюрт минтақасидаги конлардан газ қазиш ва маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги Битим тўхтатилади.

Мирзиëев қароридан икки ҳафта ўтиб¸ 2016 йилнинг 6 октябрида Ўзбекнефтгаз Газпром билан 50 ка 50 нисбатида NATURAL GAS-STREAM МЧЖ деб номланган қўшма корхона тузади(ўзбек газини ички бозор нархидан уч баравар арзонга олиб¸ 20 баравар қимматига экспорт қилган бу компания фаолияти билан юқорида танишдингиз).

2016 йил 4 декабридаги, халқаро кузатувчилар “муқобилсиз” деб баҳолаган сайловда Мирзиëев Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланиши музокаралар суръати тезлашади - лойиҳалар кўлами ҳам кенгайиб боради.

Президент сайловининг якуний натижаси эълон қилнмасидан Тошкент Газпромбанк бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Алексей Матвеев бошчилигидаги яна бир делегацияга мезбонлик қилади.

2016 йилнинг 7 декабрь куни россияликлар Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов раҳбарлик қилган Тошкент мулозимлари билан учрашув ўтказади.

Бу учрашув тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Озодлик ихтиëрида бу махфий сўзлашув ниҳоясида имзоланган ҳамкорликка оид протокол нусхаси бор.

Протокол мазмунидан¸ Путин эмиссарлари Тошкент олдига Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг йирик ва сердаромад компаниялар, биринчи навбатда эса¸ газ ва нефть секторида имтиëзли асосда ишлаш сўровини қўйгани тушунилади.

Россия томонидан ҳамкорлар Газпромбанк ва Алишер Усмоновнинг UMS Holdingи¸ Тошкент тарафидан эса¸ Ўзбекнефтгаз¸ Навоий КМК¸ Олмалиқ КМК¸ Ўзбекозиқовқатҳолдинг¸ Ўзбекенгилсаноат АЖ экани протоколга киритилади.

Шундан сўнг Газпром ва Ўзбекнефтгаз раҳбарлари Москва ва Тошкент ўртасида тинимсиз қатнай бошлайди...

7 декабрдаги сўзлашувдан бир ой ўтиб-ўтмай¸ Газпромбанк раиси ўринбосари Алексей Матвеев яна Тошкентда пайдо бўлади. Бу гал ҳам унинг ташрифидан фақат хос одамлар хабардор бўлади.

Матвеев бу гал асосий музокараларни Ўзбекнефтгаз раиси Алишер Султонов билан ўтказади.

22 январь кунги сўзлашувнинг Озодликка сиздирилган протоколидан¸ Тошкент томони нафақат Ўзбекистоннинг йирик газ конлари¸ балки газ-кимë соҳасидаги мавжуд ва келгусидаги лойиҳаларнинг Газпром ва Газпромбанк назоратида бўлишига розилик бергани тушунилади.

Орадан уч ой ўтиб, 2017 йил 29 мартида Газпром раиси Алексей Миллер Тошкентга келади ва уни шахсан Мирзиëев қабул қилади.

-Биз Ўзбекистон ҳудудида янги йирик лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилдик. Ўзбекистонда қазилаëтган газни беш йил давомида сотиб олиш ҳақида келишдик¸ дея Миллернинг сўзларидан иқтибос келтиради ЎзА давлат хабар агентлиги.

Миллер сафаридан бир ҳафта ўтиб, Москвага биринчи ташрифини амалга оширган Шавкат Мирзиëев умумий қиймати 10 миллиард доллардан кўпроқ тўртта келишувни имзолайди.

Путин дилидаги тилга чиқарувчи Коммерсант нашри бу келишувни “Газпром Ўзбекистон умрини узайтирди” дея баҳолайди.

Коммерсант мақоласидан

"2003 йилдан бери Ўзбекистондан газ сотиб олаëтган Газпром¸ биринчи бор беш йилга мўлжалланган ўрта муддатли битим имзолаëтир. Газпромга ўзбек газининг кўп ҳам кераги йўқ. Бундай давомли шартнома тузишдан кўзланган мақсад¸ таҳлилчилар фикрича¸ Тошкент билан сиëсий муносабатларни мустаҳкамлашдир”.

Мазкур битим билан Каримов даврида фақат бир йиллик келишувлар асосида ишлаб келган Газпромнинг Ўзбекистонга катта қадамлар билан узоқ муддатли юриши бошланди.

Газпромнинг Ўзбекистонга қандай шартларда келгани¸ унга қандай ҳуқуқ ва имтиëзлар берилгани ҳақида жамоатчилик сўраëтган саволларга Тошкент расмийлари ҳозиргача жавоб берган эмас.

Озодлик суриштируви давомида ўртага чиққан ҳужжатлардан бири бу саволга узил-кесил жавоб беради.

  • 2017 йил 5 апрель куни Altmax Holding Ltd. компанияси Gas Project Development Central Asia AG ва Узбекнефтегаздобыча АЖ билан (Инвесторлар) биргаликда Ўзбекистон Республикаси билан Маҳсулот тақсимоти бўйича келишув тузди. Ўзбекистон Республикаси бу инвесторларга Ўзбекистон Республикасидаги барча Нефть ва Газ операцияларини амалга ошириш ва уларни бошқариш бўйича эксклюзив ҳуқуқни 35 йилга тақдим этди.

Бу иқтибос Кипрда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd. йиллик ҳисоботидан олинди. Бу ҳисоботни эса¸ аудит соҳасидаги дунëнинг “катта тўртлиги”дан бири бўлган KPMG ўзига тақдим қилинган контрактлар асосида ëзган.

Бу ҳужжат Фозилов бизнес шерикларидан бирининг “Ўзбекистондан бирор куб метр газ Фозилов рухсатисиз чиқмайди”¸ деган иддаоси ортида унга мисли кўрилмаган имтиëз ва ҳуқуқ берилганини тасдиқлайди.

Зотан бундай эксклюзив ҳақ берилган Altmax Holding Ltd. корпоратив маълумотларга қайтсак¸ унинг расмий эгаси иккита - бири россиялик олигарх Андрей Филатов¸ иккинчиси Бахтиëр Фозилов.

Путин Тошкентга давлат сафари билан келган 2018 йилнинг 19 октябрь куни унинг севимли Газпроми ва унга туташ олигархлар билан бу эксклюзив ҳуқуқ устига яна қўшимча битимлар имзоланади.

Путин Тошкентдан учиб кетганидан икки ҳафтача ўтиб¸ Шавкат Мирзиëев бу битимларни зудлик билан ижро қилишга оид қарор чиқаради. 2018 йилнинг 3 ноябрь куни имзоланган бу ҳужжат Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш тўғрисида. Бу ҳужжат ҳозиргача жамоатчиликка очиқланган эмас. Қарор¸ унга илова қилинган Йўл харитаси орқали Газпром ва Путин чўнтаги саналган олигархлар учун Ўзбекистон дарвозалари янада ланг очилади.

Озодлик суриштирувда келтирилган маълумот ва рақамлар¸ BCG, KPMG ва 2019 йил ноябрида тузилган Ишчи гуруҳ ҳисоботидаги хулоса ва тавсиялар юзасидан туғилган ўнлаб саволларга жавоб беришни сўраб Ўзбекистон Президенти Администрацияси¸ Энергетика вазири¸ Ўзбекнефтгаз раҳбарларига мурожаат қилди. Расмий Тошкент бу саволларга жавоб бермади.

Шариф Иноятов ва Равшан Убайдуллаевга йўлланган саволлaр ҳам жавобсиз қолди.

Суриштирув ниҳоясида россиялик олигархлар - Андрей Филатов¸ Геннадий Тимченко¸ қолаверса¸ Тимченко адвокатининг котибаси бўлган Аида Чачхалия билан боғланишни ҳам унутмадик.

Тимченко саволларга жавоб бермади¸ Чачхалия ва Филатовнинг нима дегани ҳақида олдинроқ таништирдик.

Озодлик саволларига жавоб бермаган Бахтиëр Фозилов¸ мазкур суриштирувдаги ҳамкоримиз британиялик профессор Кристиан Ласлетга 8 февраль куни куни ўз муносабатини йўллади.

Фозилов¸ Ласслет берган конкрет саволларнинг бирортасига¸ “бизнес муносабатларининг табиати махфий” деган иддао билан жавоб бермади. Айни пайтда¸ юборилган саволларни “миш-мишлар¸ нотўғри ва чалғитувчи маълумотларга асосланган” дея баҳолади. Бундай маълумотни тарқатганлик учун суриштирувда номлари тилга олинган шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши билан пўписа қилди.

Озодлик Бахтиëр Фозилов¸ унинг Ўзбекистон ва Россиядаги бизнес шериклари бугунги суриштирувда келтирилган расмий ҳужжатлар¸ факт ва маълумотларга аниқ ҳужжат ва далиллар орқали жавоб берса¸ уларга¸ албатта¸ минбар беради.

Бугунги суриштирув Озодлик ихтиëримиздаги минглаб саҳифалик махфий¸ ярим махфий ҳужжатларнинг барчаси¸ ҳатто улардаги барча муҳим рақам ва фактларнинг ҳаммасини қамраб олгани йўқ.

Шу боис Озодлик сизга бугун эксклюзив ваколат - сиздан сир сақланган бу ҳужжатлар билан бевосита танишиш имконини бермоқда.

Озодлик суриштирувига асос бўлган ҳужжатларни ўзингиз ўқиб чиқинг. Нафақат сиз¸ балки келажак авлодлар тақдирини белгиловчи қарор ва келишувлар билан бевосита танишинг.

Суриштирув ошкор қилган маълумотларга муносабатингизни билдиринг¸ туғилган янги саволларингизни бизга ëзинг.

Айни пайтда¸ жамоатчилик билиши лозим бўлган¸ аммо ундан сир тутилаëтган ҳужжат ва маълумотларни Озодликка юборишни унутманг.

Озодлик суриштирувлари давом этади!

Форум

XS
SM
MD
LG