Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Дума "Яровая қонунлари"ни қабул қилди


Ирина Яровая
Ирина Яровая

Россия Давлат Думаси “Яровая пакети” деб номланган “террорчиликка қарши” қонунлар тўпламини қабул қилди. Янги қонунларга кўра, “жиноят тўғрисида хабар бермаган” шасхлар 1 йил, “оммавий тартибсизликларга чорлаш, унга ёллаш”да айбдор деб топилганлар 5 йил, “террорчиликнинг интернетдаги тарғиботи” билан шуғулланганлар 7 йил, “террорчиларга кўмак берганлар” 15 йилгача қамалиши мумкин. Шунингдек, Россияда интернет-ёзишмалар устидан назорат кучайтирилиши ва террорчиликда гумонланганлар 14 ёшидан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги белгиланди.

24 июнь куни Россия парламенти ўзининг "энг хунук қонунлар" дея талқин қилинаётган тўпламни иккинчи ва учинчи ўқишдаёқ қабул қилди.

“Единая Россия” партиясининг Думадаги депутати Ирина Яровая ва Сенатдаги вакили Виктор Озеров томонидан ишлаб чиқилган “террорчиликка қарши қонунлар пакети” Россияда жазоловчи тизимнинг янада кучайишига олиб келди.

“Яровая пакети” деб номланган ўнлаб қонунларга киритилган ўзгартишларда давлат ва ҳукуматнинг мамлакат аҳолиси устидан назоратнинг кучайтирилишига, уларнинг Конституциявий ҳуқуқлари чекланиши ва мамлакатда қатиққўл бошқарувнинг янада мустаҳкамланишига кенг йўл очилган.

“Яровая қонунлари” терроризм учун жазони кучайтирди

Шу тариқа, Россияда барча “террорчилик” моддалар бўйича жазо муддатлари ва жарималар кескин оширилди. Масалан, “Теракт” моддаси бўйича энг кам жазо муҳлати 8 йилдан 10 йилгача кўтарилди. Террорчиларга кўмаклашганларга илгари 10 йиллик қамоқ берилган бўлса, эндиликда 15 йиллик жазо белгиланди.

“Экстремистик” моддалар бўйича ҳам талаблар оширилди. Россия Жиноят Кодексининг 282- моддаси (“миллий ва диний адоват”) асосида максимал жазо муддати 5 йилдан 6 йилга оширилди; жарималар эса тахминан 3 баробарга кўпайтирилди.

Суд томонидан “халқаро терроризм”га алоқадор деб топилганлар эндиликда умрбодга қамалиши мумкин.

Алоқа операторлари ва Интернет провайдерлар – ФСБ назоратида

Ирина Яровая - В.Путиннинг ишонган одамларидан бири
Ирина Яровая - В.Путиннинг ишонган одамларидан бири

Алоқа операторлари ва “ахборот тарқатиш провайдерлари” Россияда абонентларнинг қўнғироқлар ёзуви, интернет-ёзишма, овоз, видео, сурат ва бошқа хабарларни олти ой давомида сақлашга мажбур этилди. Рус махфий хизматларига жуда қўл келган бу қонунга мувофиқ, у ёки бу телефон қўнғироғи ёки интернет хабари тўғрисидаги маълумот эса 3 йил серверларда сақланиши белгиланди.

Операторлар эса оператив ходимларнинг биринчи талаби билан бу маълумотларни тақдим этишга мажбур. Яровая киритган янгиликлардан хабар топган мобил алоқа ва интернет тармоқлари операторлари аллақачон ҳукумат маъқуллаётган бу талабларнинг амалда бажаришнинг имкони йўқлигидан гапирмоқда.

Алоқачилар бу қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат бюджетига миллиардлаб зарар келтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

“Яровая пакетида”, боз устига, интернет-мессенджерлардаги хабарларни шифрлаш тақиқланди. ФСБ талаблари бўйича зарурий хат, қўнғироқ аудиоси ёки хабарни тақдим эта олмаган алоқа воситачилари бир миллион рублгача жаримага тортилади.

Россияда “огоҳлик – давр талаби”....

Эндиликда Россияда “жиноят тўғрисида хабар бермаган” одамлар ҳам янги – 205.6- моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортилиши қонунда ўз аксини топди. “Яровая пакети” ўнлаб жиноятлар борасида фуқаролар тинимсиз хабар бериб туришлари шартлигини белгилаб қўйди: унда “халқаро террорчиликдан” “Россия яхлитлигига қарши қуролли исён” борасида айтиб ўтилган.

Бундан буён қонунда белгиланган жиноятларнинг содир этилганига гувоҳ бўлган шахс зудлик билан полиция бўлими ёки ФСБга етиб боришга улгурмай қолса, кейинги бир йилини қамоқда ўтказиши мумкин. Ёки 100 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

“Единая Россия” депутатлари ишлаб чиққан қонунлардан маълум бўлишича, Интернетда “террорчилик фаолиятига даъват” ва “террорчиликни мақуллаш” учун ҳам жавобгарлик кескин оширилади: бу қонун учун жазо 5 йилдан 7 йилгача узайтирилди.

14 ёшдан – жиноий жавобгарлик

Россия Жиноят Кодексига “терроризм” масаласи бўйича жиноий жавобгарлик 14 ёшдан киритилиши белгиланди.

“Яровая қонунлари”га кўра, 14 ёшга тўлган фуқаро эндиликда Жиноят Кодексининг бир қанча моддаси асосида жазобгарликка тортилиши мумкин.

Дума депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда Яровая киритган қонун лойиҳаларида яна бир қанча унданда даҳшатлироқ моддаларни олиб ташлашга мажбур бўлгани эътиборга молик.

Яровая Россия фуқароларининг янги тоифаси – “мамлакатдан чиқиш тақиқланганлар”ни жорий қилмоқчи эди. Унга кўра, аниқ кўрсатилган моддаларда белгиланган жиноятлар учун Россияда судланаётган ёки жазо муддатини ўтаб бўлмаганлар мамлакатни тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши шарт бўлганди. Шунингдек, депутатлар террорчилик ва экстремизмда айбдор деб топилган шахс Конституцияга хилоф равишда Россия фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкинлиги “Яровая пакети”нинг биринчи нусхасида кўрсатилганди.

Шунингдек, Дума бу қонун лойиҳаларидан хориж мамлакат армияси, ҳуқуқ-тартибот идораси ёки суд тизимига ишга ёлланган ҳамда Россия ҳукумати рухсатисиз халқаро ташкилотлар ишларига аралашган россияликлар ҳам фуқароликдан мосуво қилиниши тўғрисидаги моддаларни олиб ташлади.

"Яровая қонунлари" 2018 йилнинг 1 июлидан кучга киради.

“Яровая пакети” - танқид остида

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар “Яровая қонунлар тўплами”ни жиддий танқид остига олиб, бу қонунларнинг амалда террорчиликка қарши курашга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган фикр билдирмоқда. Уларнинг айтиши бўйича, Дума қабул қилган Яровая ва Озеров қонунлари Россия Конституциясининг қўпол тарзда бузилишидан бошқа нарса эмас.

“Яровая пакети”Россияни тоталитар тузум томон етаклаётганини Озодликка гапириб берган “Яблоко” партиясининг Новосибирскдаги фаоли Светлана Каверзина бу ўзгартишлар репрессияларни кучайтириши мумкин, дейди:

- Мамлакатимиз секин-аста катта телбалар уйига айланиб кетаётгани менда хавотир уйғотмоқда. Бу жинниликларга қараб, кулиб ўтириш қолаяпти: бунга қарши туришнинг иложи бўлмаяпти. Мен эндиликда битта суратни кўчириб қўйган одамни икки йилга қамоққа ташлашлари мумкинлигига ишончим комил. Давлат шу тариқа ўз фуқароларига хиёнат қилмоқда, деди сиёсий фаол.

Бу қонунга қарши Думада деярли бир ўзи қарши чиққан мухолифатчи депутат Дмитрий Гудков янги тартибга ўз муносабатини қуйидагича билдирди:

- Сўнгги йилларда, афсуски, кўплаб жуда зарарли ва ҳатто жиноий қонун лойиҳалари қабул қилинди. Аммо буниси парламентимизнинг мамлакатни парчалашга олиб келтирувчи тамал тоши ҳисоблансин. Қонун лойиҳаси регламентга хилоф равишда яширин тарзда муҳокама этилди. Унинг муҳокамасига қатор қўмиталар иштирок этмади. Бунинг сабаби аён: улар қонунни тезда муҳокамадан ўтказиб, жамиятни факт олдига қўйиш эди, деди депутат Дмитрий Гудков.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида "террорчилик" ва "экстремизмда" айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган, қамалган ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ кўплаб ҳодисаларни ёритган.

Бу моддалар бўйича айбланаётган ўзбек-тожик мигрантлари аксар ҳолларда қўйилаётган айбловлар Россия махфий хизматлари томонидан сохталаштирилаётганини иддао қилаётгани тўғрисида ҳам Озодлик хабар бериб келган.

XS
SM
MD
LG