Озодлик радиосининг Марказий Осиёдаги бешта хизмати «Спорт. Тўсиқлар оша ғалабага» номли янги танлов эълон қилди.
Ушбу лойиҳа ҳаётдаги турли қийинчиликларга, жумладан, жамиятдаги чекловлар, консерватив қарашлар, табулар, оилавий тўсиқларга қарамай муваффақиятга эришган спортчиларни олқишлаш, улар эришган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган.
Лойиҳа қаҳрамони машаққатли меҳнат эвазига Олимпиадагача етиб бориб, улкан зафарларни қўлган киритган спортчи ёки тақдирнинг оғир синовларига қарамай Паралимпия чемпиони бўлган шахс бўлиши мумкин.
Шунингдек, чекка қишлоқларда йўқ жойдан имкон топиб, ёшларни спортга қизиқтираётган мураббий ёки ёшидан қатъий назар ҳануз мусобақаларда қатнашаётган фахрийлар ҳам бу лойиҳада иштирок этишлари мумкин.
Хуллас, жамиятдаги тўсиқларни енгиб, ҳаёт машаққатларидан дадил ҳатлашга журъат топа олган шахслар - чемпиондан тортиб, оддий спортчи ёки мураббийгача лойиҳа қаҳрамони бўлиши мумкин.
Танлов уч босқичда ўтказилади:
1. Номзодларни кўрсатиш
Озодлик радиоси маҳаллий спорт журналистлари ва муштарийлардан иборат ҳакамлар ёрдамида Ўзбекистондан лойиҳага муносиб спортчиларни танлаб, номзодлар рўйхатини шакллантиради.
Жорий йил охиригача номзод-спортчилар ҳаёт йўли ва эришган ютуқлари акс этган туркум материаллар Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги платформаларида ёритилиб, муҳокамага қўйилади.
2. Номзодларга овоз бериш
Йил якунида муштарийлар ва маҳаллий спорт журналистлари лойиҳага муносиб номзодлар учун овоз беришади. (50% - муштарийлар, 50% - маҳаллий ҳакамлар ҳайъати танлови)
Натижада Марказий Осиёнинг бешта давлатидан бир нафардан ғолиб аниқланади.
Ғолиб спортчи ҳақида махсус фильм тайёрланиб, бу фильмлар Озодликнинг Марказий Осиё хизматларида беш тилда чоп этилади.
3. Жонли эфирдаги якуний тадбир
Якуний босқич жонли эфирда ўтказилиб, беш нафар ғолиб “Марказий Осиё спорт қаҳрамонлари”ни нишонлаш бўйича якуний тадбирга таклиф этилади.
Ушбу тадбирда Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарияти ва Марказий Осиёдан спорт намояндалари ҳам иштирок этишади.
Ғолиблар Озодликнинг махсус эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Биз мазкур танлов Марказий Осиё спортчилари эришаётган ютуқларни олқишлаш билан бир қаторда уларнинг қаҳрамонликлари бошқаларни ҳам тўсиқларни енгиб ўтишга ундайди, деб ишонамиз.
Азиз муштарий, агар сиз ушбу танлов учун муносиб спортчиларни билсангиз, уларнинг номзодини Озодликка таклиф қилинг. Телеграмдаги манзилимиз: @ozodnews. Овоз бериш тартиби ҳақида қўшимча маълумот берилади.