Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:08

"Халққа "эшит эй" деб мурожаат қилиш ҳурматсизлик эмасми?"


“Лекин босим қилманглар, босим қиладиган бўлсанглар, бу яхшилик билан тамом бўлмайди” дедингиз. Бу нима дегани? Бу очиқчасига халққа нисбатан пўписаку. “Андижон воқеаларини қайтаришимиз мумкин” деганингизми бу?"

Ўзини фан фидойиси деб таништирган олимлардан бири Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Фарғона вилоят, Сўх туманида аҳоли билан бўлган учрашувида айтган бу ва бошқа гапларига ўз муносабатини билдириб, Озодликка мактуб йўллади.

Хавфсизлигини ўйлаб, исми сир қолишини сўраган муаллиф хатини таҳрирсиз, қисқартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Имло ва стилистика муаллифники.

"Ассалому алайкум жаноб Бош вазир!

Сизнинг Сўх туманидаги халқ билан учрашувда халққа нисбатан айтган гапларингизга олий маълумотли инсон, халқнинг Ватанпарвар вакили сифатида ўз мулоҳазаларимни билдирсам.

Биринчидан, сиз Сўхга нима мақсадда боргандингиз? Сўхлик халқни дардини эшитиш, халқ билан ҳамнафас бўлиш, уларнинг муаммосини ҳал қилиш учунми ёки президентнинг сайлов олди мақтов ташвиқоти учунми?

Гапларингиздан «президент айтмаса келмасдим, мен халққа эмас, президентга хизмат қиламан» деган маъно англадик. Ўзгача бўлса рахбар одамни кўпчиликка, халққа, нисбатан ҳурматсизларча “эшит-эй” дея мурожаат қилиши “мухтарам президентимиз юборди” дея сиз маддоҳлик қилаётган президентни сайлаган шу халққа нисбатан хурматсизлик эмасми? Президентга хам “эшит-ей” дея олармидингиз?

Билмасангиз билиб қўйинг; президент хам халқ хизматчиси ва шу халқни ўзи сайлайди. “Агар эшитсанглар гаплашаман, эшитмасанглар ман кетаман” Бу нима деганингиз? Халқ сизни лағмон лекциянгизни эшитиши эмас, билакс сиз халқни эшитиш учун келмаганмидингиз? Ўзингиз “мухтарам президентимиз халқни дардини эшитиб билиб кел дея юборди” дедингиз. Шу сабабли сизни жамоатчилик билан муомала қилиш, нотиқлик, рахбарлик маданияти ва билим даражасига эга эмас деган хулосага бордик. Бўлганида халқни ўзи жон қулоғи билан эшитарди. Халқимиз яхши билишади аудитория мехри ва хурматини қозонган устоз, рахбар ёки хар қандай лекторни жон қулоғи билан тинглашларини. Аксинча бўлса муносабатингизни кутамиз.

Иккинчидан, Узбекистон ҳуқуқий демократик давлат. Сиз ўзи “демократия”ни маъносини биласизми? Билмасангиз демократия грекча “deymoс-халқ, kratoс-бошқарув” яъни “Халқ хоҳишига кўра давлат бошқаруви” дегани бўлади. Халқ нимани хоҳлаётганини, ўзларига кимни рахбар бўлишини исташларини бир овоздан ошкора айтиб турганда, сайлов ўтказишни ёки “довлатчиликни ўзини қонун, қоидаси бор. Буни ўйлаб кўрамиз” дея халқ онгини манипуляция қилиб, гапни олиб қочишдан мақсад нима?

У одамни сиз танимасангизу, халқ таниса демак у сизга ўхшаган рахбарларга пахта қўймасдан халққа хизмат қилган эканки халқ шунчалик талаб қиляпди.

Ажабо ғалати ишлар... Шу халқ ўзи сайлаб, мансабга қўйган президент кимнидир олишни ёки қўйишни хоҳласа сиз айтган “довлатчиликни қонун қоидаси” унутилади, шу ер, шу Ватан эгалари бўлган халқни ўзи хоҳласа халқни хоҳиш иродасини ифода этиши (ЎРК 2-модда) лозим бўлган қоидалар аксинча уларнинг хоҳишларига тўсиқ қилиб қўйилса.

Президентга кимдир ёқиб унга раҳбарликни бергиси келиб қолса, кимнидир “Халқ артисти” қилмоқчи булса, ёки кимгадир профессорлик, докторлик унвонини бермоқчи бўлса ўша сиз айтган “довлатчиликни қонун қоидалари борлиги” унитилганини кўрмаганмисиз?

Учинчидан, “лекин босим қилманглар, босим қиладиган бўлсанглар, бу яхшилик билан тамом бўлмайди” дедингиз. Бу нима дегани? Бу очиқчасига халққа нисбатан пўписаку. “Андижон воқеаларини қайтаришимиз мумкин” деганингизми бу? Сиз халққа пўписа қилишингиз мумкину, сизни жўнатган рахбарингизни сайлаган шу халқ ўзларига ўзи хоҳлаган ҳокимни тайинланишини талаб қилишлари мумкин эмас эканда а? Бу билан фикримизча сиз ўзингизни хам халққа қарши қарашларингизни намоён қилиб қўйдингиз.

Тўртинчидан, Сўх халқини қай аҳволдалигини, инсон учун энг мухим бўлган ор-номусига тажовузлар бўлаётгинини, ерларини сиз айтгандек “довлатчиликни қонун қоидасига кўра” қўйилаётган рахбар ҳоким тўралар пора эвазига ўзи хоҳлаганига сотиб, хоҳлаганидан тортиб олиб ўйин қилаётганини эшитиб, билиб, кўриб туриб хам “унақа бумиди бундан кейин” дея вазиятдан чиқишингизни қаранг. Ким кафолат беради унақа бўлмаслигига?

Халққа сизга ўхшаган раҳбарларни ўзиям ишонмайдиган оғзаки ваъдаси эмас, устивор қонуний асосга таянган давлат кафолати ва қонун устиворлиги керак. Чунки эшитиб турибсизку “униси келади бунисига сотади, буниси келади унисига сотади”. Нима ер ҳар янги келган раҳбарга отасидан тушиб қоладиган меросми?

Бешинчидан, “Шухрат Ғаниевни йуқотинг, Ғаниев кетсин!” дея ошкора айтаётган халқни курдингиз, буям етмаса ижтимоий тармоқларга киринг, FB, You tube, OK, Instagramm….да бутун Ўзбекистон ахолиси Ғаниевни танқид қилиб хам, масҳара қилиб хам ўз муносабати ва фикрини кўрсатиб турибди. Наҳотки ҳамма кўриб турсада оқни оқлигини ёки қорани қоралигини халқдан исботлаш талаб этилса?! Таажжуб. Бу ҳолат фильмдаги “Кун-тун бўлмас, тун-кун бўлмас, Биз-ҳаммамиз бир-биримизни туш кўряпмиз” сюжетига ўхшайди. Кино ҳаётга кўчдими нима бало?

Олтинчидан, нега бошқа ривожланган давлатларда коррупция ва давлат пулларини ўмаришга карши хукумат қатъий жазо чораларини кўришади, халқ ишончини оқламаган, жазо олган собиқ рахбарларни қайтиб хеч қанақа рахбарлик ва масъул лавозимларга якинлаштирилмайди, лекин Ўзбекистондек конститутцион демократик давлатда халк ишончини окламай ишдан кетганлар, хаттоки мукаддам коррупция ва давлат мулкини ўмаришда айбланганлар, порахўрлик билан жазога тортилганлар хам бироз вақт ўтиб бошка масъул, рахбарлик давозимларга тайинланади?

Бундан биз оддий халкда хукуматни уша кайта тайинланаётганлардан тили қисиқ жойи бор, ёки хукумат рахбарларини хаммаси шунака ва шу сабабли бир-бирини айбини "тугри тушуниб" халк кузи учун худдики "кечиришади" ва кайта имкон беришади. Сабаби узларининг хам бошига эртага шу иш келиб колса кечирилиши учунмикин? Биз билмадик ва тушунмадик. Сиз билсангиз бизга хам билдирингки, биз авом халкда хукуматдагиларга нисбатан ишончсизлик ва турли хил шубха, гумонлар қолмасин!

Бизга халқ зеҳнини манипуляция қиладиган фикрлар, ёҳуд фикр эгасини “турли иғвогар гурухларга аъзоликда, ёт ғоялар таъсиридаги одам ёзган, фикрни ўзига эмас эгасига эътибор қилинг” деган мазмундаги жавоб керак эмас. Чунки олдиндан айтаман мен хеч қандай гуруҳда бўлмаган, хеч қанақа ёт ғоялар таъсирига тушиши мумкин ҳам эмас зиёли оиланинг фарзанди, олий маълумотли, олий тоифали, фан фидойисиман. Аниқ, демократик тамойилларга таянган, хуқуқий асосларга эга жавоб кутиб қоламан".

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG