Мазмунини сарлавҳага чиқарганимиз шикоят билан 4 йилдан бери Россияда ишлаб, Қашқадарёда қолган 4 боласи ва онасини боқиб келаётганини айтган 44 яшар Лобар Алимова OzodMikrofonга мурожаат қилди.
Унинг айтишича, Қарши шаҳри, Пахтакор микрорайони, 50- уйдаги икки хонали 18- квартирани бундан 24 йил муқаддам – 1995 йили бир ҳарбий хизматчидан сотиб олган. Алимова уйни ўз вақтида ўз номига расмийлаштириб олган эмас. Расмийлаштириш учун кейинроқ бошлаган ҳаракатлари эса, натижасиз тугаган. Оқибатда йиллардан буён квартира можароси унинг ва болаларининг ҳаётини заҳарлаб келмоқда. Лобарнинг айтишича, квартира билан боғлиқ стресслар туфайли унинг ҳозирда 21 ёшдаги ўғли астмага чалиниб қолган.
“Яқиндан бери яна келишмоқда уйни бўшатиб қўй деб”, дейди Лобар Алимова.
Алимованинг кўргиликлари тафсилотлари у билан ўтказилган суҳбат ҳамда илова қилинаётган баъзи ҳужжатларда.