Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:18

Фермер: “Тўрт йилда интенсив боғ яратдим, олмалар ҳосилга кирганда боғни тортиб олишди”(ВИДЕО)


Сиддиқ Худоёровнинг боғи энди ҳосилга кира бошлаган эди
Сиддиқ Худоёровнинг боғи энди ҳосилга кира бошлаган эди

Бухоро вилоят, Ғиждувон тумани Хатча қишлоғида яшайдиган 48 яшар фермер Сиддиқ Худоёров OzodMikrofonга мурожаат қилиб, бор-будини тикиб яратган инстенсив боғи туман ҳокимининг қарори билан олиб қўйилиб, бошқа фермерга бериб юборилганидан арз қилди.

“Тўрт йилда интенсив боғ яратдим, олмалар ҳосилга кирганда боғни тортиб олишди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:11 0:00
Бевосита линк

"Худоёров Сиддиқ даласи" фермер хўжалиги раҳбари Сиддиқ Худоёров 2016 йилда 3,5 гектар самарасиз эски боғни Ғиждувон тумани ҳокимлиги ўтказган тендерда ютиб олган.

Бу ҳақда ҳокимликнинг махсус қарори ҳам бор.

Ғиждувон туман ҳокимининг Сиддиқ Худоёровга 3,5 гектар ер 49 йил муддатга боғдорчилик учун берилгани ҳақидаги қарори.
Ғиждувон туман ҳокимининг Сиддиқ Худоёровга 3,5 гектар ер 49 йил муддатга боғдорчилик учун берилгани ҳақидаги қарори.

Сиддиқ Худоёров бундан аввал 15 йил Тошкентда яшаб, Ботаника боғида ишлаб, ниҳоллар парвариши билан шуғулланган.

У ана шу эски боғнинг икки гектарига интенсив боғ қилиш мақсадида 2200 та экспортбоп “Карликовый”, “Бойка”, “Крепсон” навли олма ва шафтоли кўчатларини келтириб ўтқазган.

Сиддиқ Худоёров бу видеода ўзи яратган интенсив боғ ҳақида ҳикоя қилади.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:36 0:00

Худоёровнинг айтишича, у бу кўчатларни сотиб олиш ва парвариши учун ўз ёнидан 65 миллион сўм харажат қилган:

“Ўзимни уйим, жойим йўқ эди. Пулимни уй қилишга ҳам сарфламай шу боққа тикдим. Хотиним ва болаларим билан кечаю кундуз меҳнат қилдим. Уч йилдан сўнг боғим нишона ҳосил бера бошлади, лекин орадан уч йил ўтганидан сўнг, ниҳоллар мева беришни бошлаш йили, 2019нинг январь ойида ҳокимиятдан одамлар келиб, ўрганиб чиқамиз, кимнинг боғи яхши бўлса ўзида қолади, деди”.

Бухоро вилояти ҳокимининг қарори
Бухоро вилояти ҳокимининг қарори

Худоёровнинг сўзларига кўра, ҳокимлик вакили ундан ерни давлат захирасига қайтариш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилган. Худоёров рози бўлмаган:

“Менга сизнинг боғингиз энг зўри, Вазирлар Маҳкамасининг қарори шунақа, аввал захирага қайтариб, кейин тендер қилиб ўзингизга қайтариб берамиз, хавотир олманг, деди. Мен рози бўлиб ариза ёзиб бердим. Лекин ана шу жойда алданган эканман”.

Худоёров орада хавотир бўлииб, бир неча бор туман ҳокими Муроджон Умаровга ҳам учрашганини айтади. Ҳоким фермерни ишингни қилиб юравер, ҳаммаси жой-жойида қолади, деб тинчлантирган:

“Аммо бир куни “Абдураҳим даласи” фермер хўжалиги раҳбари Дилафрўз Облоқулова келиб, томдан тараша тушгандай далани бўшат, бу боғ менга ўтди, деди”.

Сиддиқ Худоёров унинг боғи ҳеч қандай танлов ўтказилмасдан ва у танловда қатнаштирилмасдан бошқага бериб юборилгани, туман ҳокимининг ғайриқонуний қарори устидан судга мурожаат қилган, аммо суд ҳам ҳокимликка ён босиб, у тақдим қилган ҳужжатларни эътиборга олмаганини иддао қилади:

“МИБ ходимлари кириб келиб, мени мажбуран боғимдан чиқариб ташлашди. 65 миллион сўм харажатим, тўрт йиллик меҳнатим бекор кетди. 2020 йилда олмаларим ҳосилга кирган, ҳар туп олма 40-50 кило ҳосил қилган эди. Бир яшчик ҳам олма ололмадим, бир ярим гектардаги буғдойимдан ҳам бир кило ололмадим”.

Сиддиқ Худоёров қуёнчиликни ҳам йўлга қўйишни бошлаган эди.
Сиддиқ Худоёров қуёнчиликни ҳам йўлга қўйишни бошлаган эди.

Хатча қишлоғида яшайдиган пенсионер Самад Даминов ҳам Сиддиқ Худоёров оиласи интенсив боғ бунёд қилганига гувоҳ бўлганини айтади:

“Бу эски боғ эди, ажириқ босиб, расво бўлиб ётган жой эди. Эру-хотин иккови ерни ағдариб, ажириқларини териб, интенсив боғ қиламиз деб янги ниҳол ўрнатди. Жуда чиройли боғ бўлган эди. Нима бўлди, билмадиму, ундан шу боғни тортиб олиб қўйишди”.

Ғиждувон тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалри бўйича биринчи ўринбосари Барака Толибов Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабари йўқлиги ва бу масалани ўрганиб чиқишини айтди:

“Мен ўзим шуғулланаман бу масала билан, ўша фуқаронинг ўзи билан ҳам гаплашаман, уч-тўрт кунда натижасини айтаман”.

Президент қарорининг тескари талқини

2019 йилнинг 18 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган эди.

Низомга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб ҳокимликлар ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзор майдонларни рўйхатга олади.

Бу рўйхатга киритилган фермер хўжаликлари¸ ҳукумат низомига кўра¸ “ҳокимнинг яроқсиз деб топилган боғ, токзор ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан олти ой муддатда боғ ва токзорни бузиш ва далани дарахт қолдиқларидан тозалаш ҳамда унинг ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ишларини амалга оширади”.

Сиддиқ Худоёровнинг айтишича, унинг масаласидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори тескари талқин этилганини кўрсатмоқда. Ҳоким фермердан яроқсиз боғни эмас. балки ҳосил беришга кирган интенсив боғни тортиб олмоқда.

Ўзбекистонда пахтачилик ва боғдорчилик фермер хўжаликларига ерлари аввалги ҳокимлар қарори билан ер жаратиб берилгани, лекин янги келган ҳокимлар салафларининг қарорларини бекор қилиб, бошқа шахсларга бериб юбориш ҳолатлари кўп кузатилади.

Ҳокимлик қарорига ишониб ерга бор-будини тикиб ишлаган одамлар, оқибатда ҳеч нарсасиз қолиб кетган ҳолатлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG