Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:58

OzodTarmoq: "Макрон Ислом ҳақида эмас, Исламизм ҳақида гапирди"


16 октябрь куни Францияда юз берган террор ҳужуми манзарасида президент Эммануэль Макроннинг Ислом ва мусулмонлар ҳақида қилган баёнотлари ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли муносабатларни пайдо қилган.

Қуйида Францияда таҳсил олган блогер ва тадбиркор Фируз Аллаевнинг ўз Телеграм каналида эълон қилган фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Матн таҳрирсиз ва қисқартиришсиз берилмоқда.

***

Эммануэл Макроннинг нутқини бир эмас, уч маротаба тўлиқ кўриб чиқдим. Ҳис-ҳаяжонни йиғиштириб, реал маълумотларни таҳлил қилсак, Макрон қилаётган ишларнинг мағзи чақилади.

Аввало нутқида Макрон Ислом ҳақида эмас, Исламизм ҳақида гапирди. Исламизм бу дин эмас, сиёсий идеология ҳисобланади. Исламизмнинг асосий ғояси, шариат қонунларига асосланган давлат ёки халифалик тузишдир. ИШИД ва Ал-Қоида ҳам айнан Исламизмни тарғибот қилади. Макрон нутқида Исломга қарши курашишга эмас, Исламизм ва сепаратизмга қарши курашишга чақирди. Ислом дин, Исламизм сиёсий ғоя, иккаласини аралаштирмаслик жуда муҳим.

Макроннинг «Ислом олами ҳозир инқирозда» деган гапи энг кўп контекстдан юлиниб муҳокама қилинди. Биринчидан, Макрон иборани нотўғри танлади деб ўйлайман. Иккинчидан, Ислом олами инқирозда эканлигини ҳатто ўзимизнинг мусулмон уламолари ҳам айтиб келишади. Буни турли гуруҳлар, мазҳабларга бўлиниб кетишда, радикализмда кўриш мумкин. Аламли, лекин афсуски мусулмон олами бугун инқирозда эканлигини рад этолмаймиз.

Энди қонун билан қилинаётган чораларни санаб ўтаман:

1. Масжид ва диний ташкилотларнинг ташқаридан молиялаштирилиши назоратга олинади. Неча йиллардан бери Франциядаги масжидлар ташқаридан молиялаштирилади. Бугунги Франция ҳудудидаги энг радикал одамлар ҳам, айнан ўша халқаро молиялаштирилган масжидлардан чиқяпти.

2. Имомлар Францияда тайёрланади. Ҳозирда Франциядаги аксар имомлар араб давлатларидан келган ва бу ҳали-ҳануз давом этмоқда. Кўплаб имомлар бориб бошқа араб давлатларида ўқиб келишмоқда. Бу сиёсатни Германия ҳам жорий этган эди.

3. Таълим, медицина ва давлат хизматлари нейтраллиги таъминланади. Одамни динидан қатъий назар бир хил хизмат кўрсатилади.

4. Францияда давлат рухсатисиз ноқонуний очилган ҳужралар ва мадрасалар ёпилади.

5. Фарзандини мактабга бериш мажбурий қилинади. Уйида, квартираларда бир нечта оила болаларини бир қилиб диний таълим бераётган ва боласини дунёвий мактабга боришга қўймаётган ота-оналарга нисбатан чора кўрилади. Яъни, ота-она уйда фарзандига диний таълим бериши мумкин, лекин мактабга қатнаш мажбурий.

Шунингдек, Макрон ўз нутқида оддий мусулмонларга нисбатан адолатсизлик қилмасликка, радикаллар билан оддий мусулмонни адаштирмасликка чақирди.

Кўриб турганингиздек бу чоралар дунёнинг аксар мамлакатларида ҳам амал қилади. Масалан, ўзимизда Ўзбекистонда ҳам шу қоидаларга давлат қатъий амал қилади.

Бир неча кун давомида Францияда яшайдиган мусулмон танишларимга ёздим. Уларнинг ҳаммаси бир хил тарзда кундалик ҳаётларида ҳеч нарса ўзгармаганлиги, танишлар ва ҳамкасблар билан муомалада ҳеч қанақа муаммога дуч келишмаганини айтди. Асосан тақводор бўлган, беш маҳал намозини ўқийдиган француз танишларим ҳам чечен террористининг ишини қоралашди.

Франция 66 миллион аҳоли яшайдиган улкан мамлакат. Уни ичида радикал фанатиклар ҳам, радикал миллатпарастлар ҳам бўлиши табиий. Лекин, бир ёки икки кишидан келиб чиқиб бутун мамлакат ҳақида хулоса бермаслик керак. Бу худди ҳамма Хитойликлар кўршапалак ейди, ҳамма ўзбек эркаклари нос чекади, ҳамма рус эркаклари алкаш дегандек умумийлаштириш бўлиб қолади.

Макрон хоҳлаган тақдирда ҳам француз мусулмон аудиториясига қарши боролмайди чунки мусулмонлар сайловчиларнинг тахминан 10 фоизига тўғри келади. 10 фоиз овоз сайловда жуда кўп нарсани ҳал қилади.

Террористнинг ишидан кейин чора ҳам кўрмаса бўлмасди чунки миллатпарастлар ҳам Францияда тахминан 12-15 фоиз атрофида овозни беришади. Агар ҳеч нима қилмаса, бу аудитория овозидан қуруқ қолади. Натижада, давлат неча йилдан бери орқага ташлаб келган чораларни Макрон эълон қилди. Албатта, нутқда оддий мусулмонларни радикаллар билан адаштирмасликни илтимос қилди.

Франция ўз ҳудудида Исломни тақиқлагани йўқ, мусулмонларнинг эътиқод ва ибодат эркинлигига таҳдид қилгани йўқ. Шунчаки радикал сиёсий идеологияга нисбатан аниқ чоралар таклиф қилди. У чоралар бизда анчадан бери амал қилади.

Бу даражада баҳс келиб чиқишига аслида Эрдоган сабаб бўлди. У контекстдан гапни юлиб урғуни бир томонга берди. Қолганига Турк ОАВсининг пропаганда машинаси ўз ишини чиройли бажарди.

XS
SM
MD
LG