Тошкент Молия институтида 10 июль куни ўтказилган диплом топшириш маросимини телевидение тасвирга олиб бўлганидан сўнг, битирувчиларга берилган дипломлар яна қайтариб олингани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг, 12 июль куни эгаларига топширилган.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган битирувчиларга кўра, 12 июль куни мурожаат қилганларнинг ҳаммасига диплом берилган.
"Сизларга катта раҳмат. Бугун дипломларини сўраб борган ҳамма талабаларга дипломини, грант асосида ўқиганларга эса дипломдан "кўчирма" ҳам беришди. Ҳамма битирувчилар хурсанд, ҳамма байрам қиляпти", деб ёзди институт битирувчиларидан бири.
11 июль куни Озодликка мурожаат қилган битирувчилар диплом топширишга бағишланган тантанали маросим телевидение суратга олиб бўлганидан сўнг, барча дипломлар қайтариб олингани ҳақида шикоят қилган эдилар:
“Кеча курс сардори телефон қилиб, дипломлар тайёр бўлибди, келинглар¸ деганидан кейин бордик. Зўр тантана бўлди. Ректоримиз Улуғбек Азизов шахсан ўзлари ҳаммамизни табриклаб¸ дипломларни топширди. Телевидение роса тасвирга туширди. Ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Телевидение кетганидан сўнг ҳаммамизни бир хонага йиғилишимизни сўрашди. Яна бирор гаплари бўлса керак, деб кирдик. Ректоримиз бу маросим ТВ учун эди, дипломлар ҳали тайёр эмас, бир ой ичида тайёр бўлади, қайтариб топширинглар, деди. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, дипломларни топшириб кетдик”¸ деган эди Озодликка битирувчилардан бири.
Озодлик билан суҳбатлашган ректор ёрдамчиси тақдирлаш маросимининг телевидение учун шоу сифатида ўтказилганини инкор қилган ва дипломларда муҳр етишмаганлиги учун қайтариб олинганини тасдиқлаган эди.
Олийгоҳ расмий сайтига кўра¸ жорий ўқув йилида Тошкент Молия институтининг 12 та бакалавр босқичи йўналишини 894 нафар, 13 та магистратура мутахассислигини эса 205 нафар талаба тамомлаган.