Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:08

OzodTa'sir: Фарғонада экилган чигит устига тортилган целлофан плёнкалар йиғиштириб олинди


Олтиариқ туманида 13 апрель куни целлофан плёнка йиғиштириб олинган дала
Олтиариқ туманида 13 апрель куни целлофан плёнка йиғиштириб олинган дала

Фарғона вилоятида президент Шавкат Мирзиёев ўтиш эҳтимоли бўлган йўл бўйидаги майдонларга экилган чигит устига целлофан плёнка тортилаётгани ҳақидаги Озодликнинг 12 апрелдаги хабаридан сўнг, 13 апрель куни эрталаб бу плёнкаларни қайтадан йиғиштириб олиш бошланди.

Бу ҳақда Озодликка суратлар билан бирга хабар юборган Олтиариқ туман сув хўжалиги корхонаси ишчисиининг айтишича, ҳоким бу тадбирни гўёки бу ерларга эрта баҳорда плёнка остига чигит экилгандек қилиб президентга кўрсатиш учун ташкил қилган эди.

Кўзбўямачилик учун тортилаётган плёнка
Кўзбўямачилик учун тортилаётган плёнка

Олтиариқ тумани ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, 13 апрель куни туман ҳокими бир қанча ташкилот ишчи-ходимларини плёнкаларни йиғиштириб олишга сафарбар этган:

"Кеча бу хабар Озодликда чиққанидан сўнг, юқоридан ҳокимга анча дакки беришганга ўхшайди. Чунки эрталабдан, ободонлаштириш, сув хўжалиги ва бошқа ташкилот ишчи-ходимларини унинг ўзи бошида туриб торттирган плёнкаларни яна йиғиштириб олишга ҳайдади".

Бурбонлиқ қишлоғида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири 13 апрель куни юзлаб одамлар плёнкани йиғиштириб олаётганини кўрганини айтади:

"Тахминимча беш юзтача одам бор эди. Целлофан плёнкани қайтадан йиғиштириб ўрашяпти. Даланинг ичи чанг-тўзон, ура қилиб ишлашяпти. Эрталаб соат еттиларда Риштонга кетаётганимда кўрдим. Машинадаги ҳамроҳларим билан тушиб кўрдик. Кеча ёпаётган эдиларинг, бугун нега йиғиштиряпсизлар десак, эээ, нимасини айтасиз, ҳокимнинг буйруғи дейди. Ҳокимнинг бу кўзбўямачилиги иш бермаганини Риштонга кетгунча аския қилиб кетдик".

12 апрель куни Озодлик билан суҳбатда фермерлардан бири бу ҳақда шундай деган эди:

“Кулишингни ҳам билмайсан, йиғлашингни ҳам билмайсан. Кулгилиги - ҳозир униб чиқаётган бу чигитга плёнка умуман керак эмас, ҳароратнинг ўзи етарли. Йиғлашинг, эса, бу плёнкаларнинг харажати яна бизнинг зиммамизга тушади. Президент кўзбўямачлик қилманглар, деб турган бир пайтда булар баттар қилади. Ҳеч тушунолмай қолдим”.

  • Фарғона вилоятида президент келишидан олдин қилинаётган кўзбўямачиликлар ҳақида Озодлик бир неча марта хабар берган.
  • Жумладан, Фарғона вилояти Қўштепа тумани Эшонгузар МФЙдан Sizdan Telegram лойиҳасига келган хабарда:"Президентимиз келар экан. Шу баҳона бирдан қувурларда газ пайдо бўлиб қолди денг! Маҳалла раислари Қумтепа бозори йўлидаги уйларни таъмирлатиб, деворларни бир хил рангга бўяттирмоқда. Кўзбўямачилик учун йўлларда сохта иссиқхоналар қурилди. Қашқадарёда ҳам иссиқхоналар қурдик¸ деб давлат раҳбарини алдашган ва кейинроқ ёлғоннинг миси чиққан эди. Президентни Фарғонадаги ёлғонлардан ҳам огоҳ этиб қўяйлик дедик...”, деб ёзган эди.
  • 2015 йилнинг октябрида Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди. Ўша пайтда мамлакат Бош вазири лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлди, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмаган.

XS
SM
MD
LG