Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Пахта режасини бажаришда сусткашлик қилаётган фермерлар тунни қамоқда ўтказди


Шаҳрисабздаги ИИБ биноси
Шаҳрисабздаги ИИБ биноси

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги пахта штабидаги мулозимлар пахта режасини бажармай, бозорда бодринг сотаëтган фермерларни 18 октябрь кунги пахта теримига бағишланган мажлисда танқид қилишди. Бу танқид ортидан бир неча фермер тунни Шаҳрисабз туман ИИБ изоляторида ўтказган. Улар орасида аëл фермерлар ҳам бор.

Бу ҳақда фермерларнинг ўзлари Озодликка арз қилишди. Улардан бирининг айтишича, “пахта режасини бажаришга 100 кило етмагани учун” фермерлар пахта штабидан тўғри милицияхонага олиб кетилиб, туни билан ушлаб турилган. Арзгўйлар Озодликка вазиятга оид суратларни ҳам юборди.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги пахта штаби мулозимининг айтишича¸ “Пахта режасини бажармасдан бодринг¸ помидор ва пиëзини сотиб юрган фермерлар тергалган, аммо улар ҳибс қилинмаган”

Исми сир қолишини сўраган мулозим таъкидича¸ режа бажармаган фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилиш масаласи кўрилган:

- Фермерларни қамаганимиз йўқ-ку. Фермерлар билан кечқурун қаттиқ гаплашиляпти. Разбор бўляпти. Ўшаларга бажарасан, деяпти. Лекин обориб тиқиб қўйилгани йўқ. Лекин тиқиб қўйса арзийди бу танбалларни. Бу фермерлар фақат уришиляпти. Оғайни планни бажараман деб шартнома тузгансан. Эртага сени мол-мулкинг мусодара қилинади дейиляпти тамом¸ дейди мулозим.

Айни пайтда Қашқадарë вилоят ИИБ да ишлайдиган мулозим вилоят туманларидаги бир нечта фермер “безорилик қилгани учун ҳуқуқбузар сифатида чора кўрилганини” тасдиқлади. Мулозимга кўра¸ бу фермерлар пахта пайтида бозорда полиз махсулотларини сотаëтганида жанжал фигуранти бўлгани боис, сўроқ қилиниб қўйиб юборилган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги пахта штабида ишлайдиган мулозим бу ҳолатга ойдинлик киритди:

- Пахта штаби фаоллари уларни бозорда кўриб тергагани рост. Энди фермер ҳам шартнома тузиб қўйиб, лаллайиб юрмаслиги керак. Планни бажариши керакда. Пахта теришни ўрнига¸ бурчак¸ бурчакка эккан помидори¸ бодринги ва пиëзини бозорга обчиқиб сотиб юрибди. Бу ëқда пахтасини ҳам¸ ғалласини ҳам бажармаган. Савол берилса жанжал қилади. Бўзрайиб ўтиради. План давлатники. Бажариши керак.Ўзлари айбдор¸ дейди мулозим.

Озодлик режа бажармагани учун пахта штабида ҳақоратланган қашқадарëлик фермер билан гаплашди. Исми айтилмаслигини сўраган фермер бу мажлисларда инсоний қадр-қиммати камситилганини айтади:

- Пахтани ҳам, ғаллани ҳам бажармадинг, деб ҳар куни онамизни ҳақорат қилишади. Тирикчилик учун эккан сабзи-пиëзимизни юзимизга солишаверади. Мен ана шу йиғилишларнинг бештасида қатнашдим. Вилоят ҳокими ғалла ва пахта режасини бажармаган фермерларни жуда ҳам ёмон уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, режани нега бажармадинг деб онасидан сўкди. Бу боришда қашқадарëлик фермерларнимг оналари ҳокимдан хомиладор бўлса ҳам ҳайрон бўлмайман, дейди аламли истеҳзо билан фермер.

Фермерлар учун қамчи ва попукқанд

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги пахта штаби мулозимининг айтишича¸ танқид ва тергаш - режани бажармаган фермерларнинг қисмати. Режани бажарганларни ҳурматини жойига қўйиб турибмиз, дейди суҳбатдош:

- Масалан, 115-120 фоиз қилиб план бажарганларга катта падаркалар бериляпти. Телевизорлар бердик. Одамларнинг ўртасига чиқариб мақталяпти. Уларга ëғ бериляпти¸ шакар бериляпти. Ундан ташқари ҳоким ўзини падаркасини бериб турибди¸ прокурор¸ ички ишлар ҳам падарка берди режани бажарганларга. Ҳаммаси падарка бериб юрибдику. Терганларга "раҳмат сизларга", деб. Жойига бориб. Шуни кўриб туриб ҳам режани бажармаганларга қандақа чора кўрсак ҳам оз¸ дейди мулозим.

Пахта режасини бажармагнимиз учун “тунни қамоқда ўтказдик” деб Озодликка арз қилган фермер бор-йўғи 100 кило пахта етмагани учун “милиция қўлига топширвориш” адолатсизликдир дейди.

Пахта штаби мулозими бу иддаони рад қилди:

- Юз кило эмас. Э юз килога ким ҳам гапирарди?! Тонналаб йўқ пахта. Тонналаб. Мана қўлимда қоғоз турибди. Бир ҳиллари 30 фоиз бажарган. Одамлар 90¸ 100 ¸ 115 фоиз қилиб бажариб турганда булар башарасини без қилиб режани бажармай ўтирибди. Энди буларни уришсангиз¸ сўксангиз пешонамдан отди деб арз қилиб боради. Шунақа одамлар бу танбаллар¸ дейди мулозим.

Мулозимнинг Озодликка айтишича¸ вилоят прокурори талаби билан режа кўрсаткичлари бажарилишини тизимли ташкил этишда қатор камчиликларга йўл қўйган фермер хўжалиги раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилган¸ бошқа масъул шахслар бу борада қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида расман огоҳлантирилган.

XS
SM
MD
LG