Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:23

Ҳокимнинг ер бериш ваъдасига ишонган “уюшмаган аҳоли” ëтиб пахта термоқда


Қашқадарë вилоят ҳокими Зафар Рўзиев уюшмаган аҳолини пахтага чиқариш учун уларга ер участкаси¸ соғлиғини тиклашга моддий ëрдам ва ишсизларга иш ваъда қилди. Ҳокимнинг Яккабоғ туманида берган бу ваъдаси ортидан ҳокимиятдан ер ололмай юрганлар кўнгилли равишда “пахта охирига қадар“ қўшни Касби туманида ëтиб пахта теришга жўнамоқда. Ҳозирча ҳокимият вакилларининг ўзлари ҳам бундай ваъданинг амалга ошиш-ошмаслигидан бехабарликларини билдирмоқда.

Рағбат меваси

Яккабоғлик 50 яшар Меҳринисо (исми ўзгартирилган) тўрт кун аввал кўрпа-тўшаги билан Касби туманига пахта теришга кетганлардан бири.

“Маҳаллақўм ҳоким пахтага чиққанга 2 сотихдан 4 сотихгача ер беради¸ деганини эшитиб¸ ўзим кўнгилли бўлдим келдим. Учта ўғлим бор¸ уйлантириб¸ рўзғорини бошқа қилишим керак. Пахта тугагунча яхши хулқ-атвор билан кўп пахта терганларга 4 сотих ер беришаркан. Шунга ишониб чиқдик. Ҳозир мактабда ëтиб пахта тераяпмиз¸ биз билан келганлар орасида 70 яшар кампирлар ҳам бор”¸ дейди Озодлик пахта даласидан топган яккабоғлик бу аëл.

Яккабоғ ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими¸ уюшмаган аҳолини пахтага чиқариш учун ер ваъдаси туман эмас¸ вилоят ҳокимидан чиққанини айтди.

Ваъда

“Яқинда вилоят ҳокими келганда¸ шунақа деди. Уй-жой қуриш учун тендерда пахтага чиқиб¸ яхши терганларга арзонга берилсин деди. Ҳар битта маҳаллага 50 тадан уюшмаган аҳолини пахтага чиқариш режаси берилган. Айрим маҳаллалардан 55-60 та бораман деган чиққан бўлса¸ айримларидан ҳеч ким хоҳламади. Асосан уй-жойдан қийналиб қолган¸ ишсиз¸ даромадсиз оилалардан кетишди. 80 фоизи уйда ўтирган аëллар. Уларга ҳам имтиëз ваъда қилинди¸ ҳам ҳар уч кунда терган пахтаси пулини олади. Ҳеч ким уларни мажбурлаëтгани йўқ”¸ деди туман ҳокимлиги мулозими.

Ваъдага вафо қилинишига кафолат ҳозирча йўқ

Айни пайтда¸ бу суҳбатдош¸ вилоят ҳокими ваъдасининг Яккабоғда қандай амалга оширилиши ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқлигини эътироф этди.

“Бу вилоят ҳокимининг ваъдаси. Бу одам халқни алдамас ҳар қалай. Одамлар унга ишониб кетди. Агар бу йил алдаса¸ келаси йил ҳеч ким чиқмайдику?!”¸ дейди ҳокимлик мулозим.

Қашқадарë вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ Зафар Рўзиевнинг нафақат Яккабоғ¸ бошқа туманларда ҳам айни ваъдани бераëтганини тасдиқлади.

“Ҳоким фақат ер эмас¸ бошқа нарсалар ҳам ваъда қилди. Масалан¸ кимнингдир уйида касали бор¸ уни даволатишга пул тополмай юрган бўлиши мумкин. Ëки қўлида дипломи билан¸ иш тополмаëтган бўлиши мумкин. Ана шуларга ҳоким ëрдам ваъда қилди. Асосан¸ ери кўп¸ лекин аҳолиси кам Касби¸ Миришкор каби туманларга бошқа туманлардан кўнгиллиларни юбораяпмиз. Одамлар ўз хоҳиши билан чиқаяпти”¸ деди вилоят ҳокимлиги расмийси.

Айни пайтда¸ бу мулозим ҳам ҳоким ваъдасини ижро этиш механизми қандай бўлишидан кўп ҳам хабардор эмаслигини эътироф қилди.

“Қашқадарëда ер кўп. Бу масалани туман ҳокимлари ўз ресурсидан чиқиб ҳал этади. Моддий ëрдам кимнинг ҳисобидан берилиши пахта тугаса аниқ бўлар”¸ деди бу мулозим.

Алдагани бола яхши...

Яқинларидан бири ҳокимият ваъдасига ишониб¸ пахтага кетган қашқадарëлик тадбиркор Озодлик билан суҳбатда¸ бундай баëнотларни “ëш болага хўрозқанд ваъда қилиш” деб атади.

“Бизнинг халқ жуда содда¸ ишонувчан. Ҳоким нима деса¸ шунга ишонаверади. Қариндошларимдан ҳам биттаси¸ “борма¸ алдаяпти”¸ десак ҳам кетди. Ҳозир ваъдани беради-да¸ пахта тугагандан кейин¸ ҳар хил баҳона топиб¸ ҳеч нарса бермайди¸ деб ўйлайман. Чунки бирорта расмий қарор¸ договор йўқ¸ қандай ишонишади бу гапга¸ ҳайронман. Ер бўлса¸ нимага шу пайтгача бермадинг¸ ишни¸ пулни қайси чўнтагингдан олиб берасан¸ деб сўрашмайдиям бизникилар. Ëмони¸ буларни кўчадан ушланган “Дамас”ларга солиб¸ жўнатишаяпти. Бу шофëрнинг праваси борми¸ одам ташишга ҳаққи борми-йўқми¸ сўраб ҳам ўтирмаяпти. Йўлда бирор авария бўлса¸ яна кимлардир куйиб кетади”¸ деди Озодлик суҳбатлашган маҳаллий скептиклардан бири.

"Алдашларини биламиз..."

Меҳринисо ўзи ва ўзи каби чўл ҳудудида оғир шароитларда пахта тераëтганларнинг алданиб қолиш эҳтимоли борлигини билишини айтади.

“Уйимда касал эримни¸ ўғилларимни ташлаб келдим пахтага. Уйдагилар¸ “алдайди¸ маҳаллақўм пахтага борсанг¸ 4 сотих ер имтиëзли нархда берилади¸ деб тилхат ëзиб берсин¸ сўрагин”¸ дейишди. Ҳеч ким¸ ҳеч қанақа ëзма тилхат бермади. Бизнинг паспорт нусхаларимиз¸ яшаш адресимизни ëзиб олишди¸ рўйхат тузишди. Ҳар кун қанча пахта тераëтганимизни ҳам ëзиб боришаяпти. Пахта тугаса¸ маҳаллақўм ҳокимиятга справка бераркан. Шу оила кўнгилли бўлиб пахтага чиқди¸ ерга¸ ëрдамга муҳтож¸ деб. Кейин ер берилар экан”¸ дейди Касби даласида пахта тераëтган Меҳринисо.

Мажбурийликдан рағбатга ўтиш тактикаси

Зафар Рўзиев 21 сентябрь тунги видеоселкторда Бош вазир Абдулла Арипов ҳокимларга талаба ва ўқувчилар¸ ўқитувчи ва врачларни пахтадан қайтариб¸ пахта теришга уюшмаган аҳолини жалб этишни топшириши ортидан халққа "ширинкулча" ваъда қилган ягона ҳоким эмас.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябрь куниëқ вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда ўз хоҳиши билан пахтага борадиганларга имтиëзлар ваъда қилган эди.

Ўз чиқишида Абдураҳмонов¸ хусусан¸ кўнгилли равишда пахтага чиққан ишсизларга иш топиб бериш, тадбиркорга имтиёзли кредит¸ аёлларга эса¸ арзон уй ваъда қилди.

Бир кун аввал Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахта далаларидаги талабалар, ўқитувчи ва шифокорларни қайтаришга буйруқ берган эди.

Бу ҳоким ҳам ўз ваъдасининг қай механизм асосида¸ қачон¸ қайси ресурслар ҳисобига амалга ошиши ҳақида гапирмади.

XS
SM
MD
LG