Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Пахта сабаб қаровсиз қолган 2 яшар бола боғчада куйиб ўлди


Абдуллоҳ овқатга куйган боғча сурати (Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43- боғча)
Абдуллоҳ овқатга куйган боғча сурати (Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43- боғча)

19 сентябрь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43-боғчада 2 яшар Абдуллоҳ устига бир қозон қайноқ овқат тўкилиши оқибатида оламдан ўтди. Боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган қайнонаси пахта теримига чиқарилгани боис, боласини ўзи билан боғчага олиб борган пайти ушбу фожиа содир бўлган.

Воқеа икки кун аввал Ўзбекистон тумани Ғаниобод қишлоқ фуқаролар йиғинининг Туюл қишлоғи ҳудудида жойлашган 43-сонли болалар боғчасида содир бўлган. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳодиса тафсилотларидан хабардор манбага кўра, 2 яшар Абдуллоҳнинг устига бир қозон овқат қуйилиб кетган.

“Ошпаз қозондаги овқатни ўчоқдан пастга олиб, болаларга тарқатмоқчи бўлган. Шу пайт бу бола ўйнаб, қозонга яқин боради ва овқат тўла қозон устига ағдарилиб, куйиб қолган. Боланинг чап томони бутунлай куйган, кўзи, боши, ҳамма ёғи куйиб кетган. Болани сешанба куни болницага олиб боришган, чоршанба эрталаб ўлган”, деди манба.

Боғча ходимларидан олинган маълумотга кўра, 2 яшар Абдуллоҳ боғча тарбияланувчилари рўйхатида бўлмаган. Ўша куни боланинг онаси - ушбу боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган одам бўлмагани учун, Абдуллоҳни ўзи билан бирга боғчага олиб борган.

“Гулноранинг боласига 60 га яқинлашиб қолган қайнонаси қарарди. Лекин пахта бошлангани учун қайнонасини ҳам пахтага чиқаришган. Пенсия пули оладиганларни ҳам пахтага чиқишга мажбурлашаяпти. Болага қарайдиган одам бўлмагани учун Гулнора ўғлини боғчага бирга олиб келган. Боғчада ҳам ёрдамчи тарбиячи пахтада бўлгани учун болаларга қарайдиган фақат битта тарбиячи қолган. Гулнора овқат билан овора бўлиб, Абдуллоҳ эътиборсиз қолган пайти¸ шу воқеа бўлган”, деди ўзи ҳам ўша пайтда пахтада бўлган боғча ходимаси.

Воқеа тафсилотларидан хабардор яна бир туюлликнинг айтишича, Абдуллоҳнинг онаси Гулнора Раҳмонова ўғли ўлганини кўтара олмай¸ соғлиги оғирлашиб касалхонага тушган. Ҳозирда онанинг туман марказий шифохонасида қолаëтгани айтилмоқда.

Туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Абдуллоҳнинг ўлими бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон туманидаги болалар боғчаларидан бирида ишловчи манбанинг айтишича, ушбу воқеадан сўнг боғча ходимларини пахтага чиқариш тўхтатилган.

“Халқ таълими бўлими расмийлари 43-боғчадаги воқеадан сўнг типирчилаб қолишди. Воқеада бутун айбни боланинг онасига юклаб, ўзлари қутилиб қолишмоқчи. Бизда ҳар куни мажлис бўлаяпти. “Ҳеч ким пахтага чиқарилмасин”, деб буюришди. Кеча ҳам, бугун ҳам умуман пахтага чиқмадик”, дейди исмини очиқламасликни сўраган боғча ходими.

Абдуллоҳ - жорий йилда Озодликка маълум бўлган аҳолини мажбурий пахтага сафарбар қилиш кампаниясига алоқадор учинчи қурбон бўлди.

16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқов мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди.

Шу куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32-мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси 39 яшар Гулзода Тожибоева пахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.

XS
SM
MD
LG