Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:01

Фермер синов тариқасида давлат эмас¸ фабрикантларга пахта етиштиришга ўтади


Президент 14 декабрь куни имзолаган фармон¸ 2018 йилги мавсумда эксперимент тартибида маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналарининг пахтакор фермерга буюртмачи бўлишига изн берувчи тизим жорий этишни кўзда тутади.

Янги фармон “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Тўқимачилик саноати ривожига тўсиқ бўлаëтган сабаблардан еттитаси алоҳида тилга олинган ҳужжатда бу соҳани ислоҳ қилишнинг саккизта йўналиши белгилаб берилган.

Тўқимачилик саноатига катта имтиëзлар тақдим этилган бу фармоннинг қишлоқ хўжалиги билан кесишган нуқтаси “пахта-тўқимачилик кластерлари” концепциясида акс этган.

Эшитишимча¸ гигант текстиль корхоналари президентдан ўзларига ер ажратишни сўраган. Бухородаги Daewoo textile¸ билишимча¸ 10 минг гектар ер сўраган – чигитини экишдан тортиб¸ тайëр маҳсулотни чиқаришгача ўзим оламан¸ деяпти. Намангандаги фабрикантлардан бири¸ 12 минг гектар ер олаяпти¸ пахта заводниям сотиб олаяпти¸ нолдан бошлаб охиригача ўзига олаяпти. Агар пахтани биз ўзимиз экиб¸ ўзимиз маҳсулот ишлаб чиқарадигаn бўлсак¸ иложи борича таннархни туширишга уринамиз. Фермер энди давлат¸ ҳокимликка эмас¸ бизга ишлайди – шартномани биз билан тузади¸ унга чигитидан то техникасигача биз берамиз¸” дейди Фарғона водийсидаги тўқимачилик корхоналаридан бири эгаси.

“Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг самарали шаклларидан бири кластерларни ташкил этиш ҳисобланади. Мазкур модель пахта хом ашёсини етиштириш, дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ягона ишлаб чиқариш циклини ташкил этишни кўзда тутади¸”дейилади президент фармонига берилган расмий шарҳда.

Президент фармонидан англанишича¸ пахта-тўқимачилик кластерларини жорий этишдан мақсад “пахта хом ашёсига давлатнинг буюртмасини босқичма-босқич қисқартириш “ ва қишлоқ хўжалигида молиявий муносабатларни яхшилаш”дир.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида фермерга берилган ерга нима экишдан¸ то ундан қанча ҳосил олишга қадар давлат буюртмаси асосида назорат қилинадиган маъмурий тизим жорий этилган.

Давлат буюртмасини бажара олмаган фермер қарздорга чиқарилиб¸ унинг мол-мулкига қадар мусодара қилинади.

Озодлик билан суҳбатда бухоролик фермер ўнлаб йил қишлоқ хўжалигини бевосита даладан бошқарган Шавкат Мирзиëев Ўзбекистонда бу соҳанинг боши берк кўчага кирганини яхши билиши ва бутун тизимни секин-аста ўзгартиришга ҳаракат қилаëтганини айтади.

Мирзиëев ҳозиргача фақат мелисанинг таëғи¸ прокурорнинг таҳдиди¸ ҳокимнинг калтаги остида бошқарилган қишлоқ хўжалиги¸ айниқса¸ пахтачилик билан узоққа бора олмаслигини билиб турипти. Лекин бу системани бирданига ўзгартириб бўлмаслигиниям билади. Шунга секин-секин тажриба сифатида қадам қўяяпти. Бизга яқинда ҳокимиятдагилар 2018 йилдан фермерга бериладиган давлат буюртмасининг 50 фоизи учун давлат белгилаган нархда¸ қолган 50 фоизи учун биржа томонидан белгиланадиган бозор нархида тўланади¸ дейишди. Бу фармон¸ тушунишимча¸ ана шу йўлдаги биринчи қадам бўлса керак¸” дейди бу суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG