Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилди


Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги бир биридан мустақил бир нечта манбанинг Озодликка маълум қилишларича, бир неча мактабнинг 5-9 синф ўқувчилари пахта теримига ҳайдалди. Уларга кўра, ўқувчилар ҳатто ёмғир ёққан кунлари ҳам пахтага чиқарилган, ўқитувчилар эса пахта мавсуми бошлангандан буён пахта даласида. Бироқ вилоят ҳокимлиги ўқувчиларнинг теримга чиқарилганини инкор қилди.

Нишон туманининг 11, 35, 9 – мактабларининг 5-9 синф ўқувчилари пахта теримига сафарбар этилди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган нишонлик ўқитувчилардан бирининг айтишича, ҳаво совуқ ва ёмғир ёққанига қарамасдан болалар пахта теримига чиқарилган:

- Масалан кеча соат учдан бошлаб ёмғир ёққан эди. Бугун эрталабдан дала лой ва пахталар ҳўл бўлишига қарамасдан ўқувчиларни пахтага олиб чиқиш буюрилди. Бизнинг 11-мактаб, 35-мактаб, 9-совхоз зонасидаги ҳамма мактабларнинг бешинчи синфдан юқори ўқувчилари чиқарилган. Мактабда фақат бошланғич синф ўқувчилари қолган, деди ўқитувчи.

Нишон туманининг Қодирий жамоа хўжалигида яшайдиган маҳалла фаоли ҳам ҳам еттинчи синфдан юқори ўқувчилар пахтага ҳайдалганини маълум қилди:

- Масалан, Фурқат номли умумтаълим мактабининг 7,8,9-синф ўқувчиларининг дарсдан бутунлай озод қилиниб, пахта тераётганига анча бўлди. Шунингдек 32-совхоз ҳудудидаги бошқа мактаб ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилган. Шанба кунлари эса мактабларда умуман дарс бўлмаяпти. 1-6 синфлар ўқувчиларига бўш кун деб эълон қилиниб, ўқитувчилар 100 фоиз пахтага чиқариляпти, деди исми сир қолишини сўраган маҳалла фаоли.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган яна бир ўқитувчининг айтишича, Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев "зўравонлик сиёсати олиб бориб", ўқувчиларни пахта теримига олиб чиқиш ҳақида мактаб директорларига шахсан ўзи оғзаки буйруқ берган:

"Аввалги ҳоким мактаб ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқмаган эди. Бу ҳокимнинг сиёсати ёмон экан. Уйма-уй юриб ҳаммани пахтага чиқаряпти. Лекин шароит йўқ. Баллон газни ҳам бермай қўйди. Одамлар пахтадан чарчаб, тамом бўлиб келади. Уйга келиб яна ўчоқда овқат қилиш керак. Бозорларни ёпиб ташлаган, мелисалар одамларни дубинкалар билан уриб бозордан ҳайдаяпти. Бу пахта эмас, халқнинг бошига битган бир бало бўлди”, деди ўқитувчи.

Озодлик мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбуран чиқарилганига изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан боғланди.

Ўзини "вилоят ҳокимининг ёрдамчиси" деб таништирган мулозим, мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилганини кескин инкор қилди:

- Ким айтди сизга шу гапни? Бешинчи синф боласи ҳам пахтага чиқдими? Бўлмаган гап. Ҳар ким гапираверадида, аҳмоқ одамлар кўпда, ака. Бизда умуман болалар пахтага чиққани йўқ. Ташкилотларнинг ишчилари чиққан бўлиши мумкин, - деди ҳоким ёрдамчиси.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Тошкент ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун ҳам қабул қилганди.

Вазирлар Маҳкамаси 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам тақиқланган эди.

Аммо, ҳуқуқ фаоллари, Ўзбекистоннинг айрим туманларида мактаб ўқувчилари ҳам пахтага жалб этилаётганини айтишади.

XS
SM
MD
LG