Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:26

Бухорода ҳам мактаб ўқувчилари пахтага ҳайдалди


Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги аксар мактаб ўқувчилари пахта теримига сафарбар этилди. Ота-оналар ва ўқитувчиларнинг айтишларича, олтидан юқори бўлган синфларда дарслар таққа-тақ тўхтаган ва об-ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан ўқувчилар мажбуран пахта теримига чиқарилган.

Вобкент туманининг 5, 35-мактабларида юқори синфлар учун ўқиш тўхтатилди.

Ўқувчилар мактабга эрталабдан сўмкалари билан эмас, балки эски устивош ва пахта терадиган фартукларда келмоқда.

Тумандаги 5-умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчисига кўра, ўқувчиларни пахтага тақсимлаш мактабдан бошланяпти:

“Уч кун бўлди, дарсларга отбой берилганига. Ўқувчилар эрталаб соат 8да мактаб ҳовлисида йиғилади. Кейин фермер хўжаликларига тақсимланади. Ўқитувчи бош бўлиб далага олиб кетади. Болалар абедларини ўзлари билан бирга олиб келишади”, деди ўқитувчи.

Унинг айтишича, ҳаво совуқлигига қарамасдан болалардан пахта теримига чиқиш талаб қилиняпти:

“Сўнгги кунларда ёмғир ёғиб ҳаво жудаям совиб кетди. Далада пахтанинг ўзи қолмаган. Ўқувчилар қўллари музлаб, ҳали очилмаган кўсакларни чувиб пахта теришга мажбур бўлмоқда”, деди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, болалар каникул пайтида ҳам дам олмайдиган бўлди:

“Албатта, анча дарслар қолиб кетади. Лекин халқ таълими бўлими мудири қолган дарсларни каникуллар пайтида ўтишимизни директоримизга айтибди. Ўқувчиларни чиқариш ҳақидаги буйруқ ҳоким томонидан бўлган экан. Директорларга оғзаки буйруқ берибди”, деди ўқитувчи.

Ўзини Вобкент тумани ҳокимининг ёрдамчиси Шерзод деб таништирган мулозим мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилаётганини на инкор қилди, на тасдиқлади:

“Бундан менинг хабарим йўқ”, деб гапни қисқа қилди мулозим.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмаслик борасидаги фармойиши бўлишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қашқадарё вилояти Нишон туманида бир неча мактабнинг 5-9 синф ўқувчилари пахта теримига ҳайдалгани ҳақида Озодлик манбалари хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG