Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:51

Бувайда туманида пахта хирмони ёнган, расмийлар буни рад этмоқда


Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги "Найман янги турмуш" фермер хўжалиги дала шийпонида 10 сентябр куни кечаси ёнғин рўй бергани ва ёнғин оқибатида пахта хом ашёси ёниб кетганини Озодлик бир қанча манбалар орқали ўрганди.

Бувайда тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси ҳам айни хўжаликда ёнғин бўлганини тасдиқлади. Ёнган пахтанинг аниқ миқдори маълум эмас. Озодлик суҳбатлашган воқеа гувоҳлари ёнғин рўй берган шийпонда 14 тонна пахта хом ашёси бўлгани ва ҳаммаси ёниб кул бўлганини айтишди.

2 ноябр куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Бувайда туманидаги бўлими берган маълумотга асосланиб, ёнғин бўлганини рад қилиб чиққан эди.

Ёнғинни ўз кўзи билан кўрган бувайдаликларнинг айтишича, 10 сентябр куни "Найман янги турмуш" фермер хўжалиги шийпонидаги ҳирмонда жуда катта ва аянчли кўринишда ёнғин содир бўлган, аланга бир неча километр узоқликда кўринган.

- У ерда жуда катта ёнғин бўлди, мени ўзим шу шийпондан икки километр нарида яшайман, ёнғин алангаси кўриниб турди, - деди исми сир қолишини сўраган ёнғин гувоҳи.

Бувайда тумандаги "Найман янги турмуш" фермер хўжалиги ишчиларидан бирининг Озодликка айтишича, хирмондаги ёнғинга пахта қизиб кетгани сабаб бўлган бўлишини айтди.

- Пахта хирмонда туриб қизиб кетган. Сентябр ойида ҳаво ҳарорати 35-40дан тушмади. Пахта қизиб кетган. Бир кун олдин туман ҳокими айланиб юрганида 4-секторни бошлиғига пахтангиз қизиб кетибди, топширинг деган. Сектор бошлиғи хўп деган-да тўйга кетган. Пахта эса хирмонда қолиб кетиб кечаси ўт чиқиб кетган, ҳирмондаги ҳамма пахта ёнган - дейди фермер хўжалигининг исми очиқланмаслигини сўраган ишчиси.

Озодлик Бувайда тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимига боғланиб ёнғин тафсилотини ўрганишга уринганида бўлим навбатчиси: “Найман қишлоғидаги хирмондаги пахта ёнғиними? Ўша Найман қишлоғида пахта хирмонида пахта ёнган, ўт ўчирувчи машиналаримиз ўша куни чиққан, сабаби аниқланмоқда”, - деб жавоб берди.

Қанча миқдорда пахта ёнган?, - деган саволга ЁҲХБ навбатчиси "Буни бошлиғимиздан сўранг", - дея жавоб қилди.

Лекин, Бувайда тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи "Хирмонда ҳеч қанақа ёнғин бўлмаган, бу ёлғон маълумот", - дейиш билан чекланди.

Бундан олдин Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам Бувайда туманидаги бўлими берган маълумотга асосланиб, "Найман янги турмуш" фермер хўжалиги шийпонида ёнғин бўлганини рад қилиб чиққан эди.

Бувайда тумани ҳокимиятига яқин мулозимнинг исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка айтишича, туман раҳбарлари ёнғин ҳақидаги маълумотни яширишмоқда.

- Тумандаги тўртлик, ҳокимият, ИИБ, прокуратура ва солиқ идоралари тил бириктириб бу маълумотни яширмоқда. Чунки бу ерда 14 тонна пахта ёнган. Тепага бу маълумот етиб борса ҳаммаси лавозимидан кетади, - деди бувайдалик мулозим.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка тақдим этган маълумотга кўра, "Найман янги турмуш" фермер хўжалигида бу йил 29 гектар майдонга пахта экилган.

Шартномавий режа буйича 78.5 тонна пахта хом ашёси етириштириши лозим бўлган фермер хўжалиги 88.1 тонна пахта етиштириб сотган. ва режани 112 фоизга бажарган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бувайдалик мулозим Ўзбекистон бош прокуратурасининг ходимлари ўзлари туманга келиб ёнғин юзасидан тергов ўтказишларини сўради.

- Тошкентдагилар келиб текширсин, давлат мулки ёниб кетди, бу ердагилар яширяпти буни, - деди мулозим.

Ўзбекистон пахта хирмонларида ёнғинлар ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Ўтган йили Сирдарё туманидаги Бахт пахта тозалаш корхонасига қарашли Малик пахта қабул қилиш пунктида ёнғин чиққан ва бир қанча тонна пахта ёниб кетган эди.

XS
SM
MD
LG