Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Подшоҳ зулмидан ва урушдан қочиб. Россиялик чеченлар Европадан паноҳ излашмоқда


Босния ва Герцеговинанинг Хорватия билан чегарасидаги чечен қочқинлари
Босния ва Герцеговинанинг Хорватия билан чегарасидаги чечен қочқинлари

Украинадаги уруш манзарасида чеченларнинг Россияни тарк этиши давом этмоқда. Кўпчилик Европа иттифоқи мамлакатларига Босния ва Герцеговина орқали ўтишга ҳаракат қилди – ушбу давлатда россияликлар 30 кунгача визасиз юриш ҳуқуқига эга. Чечен қочқинларининг режаси жуда оддий эди: улар Босния ва Герцеговинадан 2023 йил 1 январгача Хорватия ҳудудига ўтиб олишни (худди шу санада мамлакат Шенген зонасига қўшилди) ва сўнгра “бошлари оққан” томонга кетишни кўзлаган эдилар. Бироқ бу ҳаммага ҳам насиб этмади, куздан бошлаб миграция йўналишида тўсиқлар пайдо бўлди.

Ноябрь ойи бошларида Хорватияда ўнлаб чеченлар ҳибсга олингани хабари чиқди. “Европа чеченлари ассоциацияси” маълумотига кўра, айрим чеченлар зўравонлик, таҳдид ва ҳақоратларга дучор бўлганлар, улар миграция қамоқхоналари ходимларининг нохолис муносабатидан ва тиббий ёрдам йўқлигидан шикоят қилганлар. Кейинроқ Хорватия судлари қандайдир экстремистик ҳаракатларга алоқадорликда гумон қилинган чеченларни Россияга экстрадиция қилиш масаласини кўра бошлади. Шунингдек, Австрияда ҳам чечен қочқинлари ушлангани ҳақида хабар қилинди.

Декабрда уларнинг ҳатто Босния ва Герцеговина ҳудудига киришига ҳам рухсат бермай қўйишди. Шунга қарамай, мамлакатда Евроиттифоқ давлатларида легаллашиб олишини кутаётган юзлаб одамлар бор. Қочқинлар марказларида қайд қилинмаган ва чегарадан ноқонуний ўтишга уринаётганлар бу ҳисобга кирмайди.

2022 йил охирида Хорватия чегарасини кесиб ўтишга уринган чеченлардан бири Кавказ.Реалии билан суҳбатда қочқинлар келишиб ҳаракат қилиш ва маълумот алмашиш мақсадида махсус чат очишганини айтди. Чегарадан ўтиб олиш учун қайси участка энг қулайлигини улар шу чат орқали бир-бирларига хабар қилишар экан. Эсон-омон ЕИ ҳудудига кириб олган чеченлар одатда Австрия ёки Германияга равона бўлишади – бу танлов қаерда қариндош ва таниш-билишлар борлигига боғлиқ.

“Европа чеченлари ассоциацияси” ҳуқуқий ҳимоя шуъбаси мудири Иса Дудаевга кўра, Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг мингга яқин чечен Босния ва Герцеговина орқали ЕИ мамлакатларига киришга ҳаракат қилган – мигрантлар оқими кунига ўртача 10 кишини ташкил этади.

2023 йилнинг январида чеченистонлик қочқинлар янги муаммоларга рўпара бўлишди. Икки қочқин ҳожатхонага чиқишга рухсат сўрагани учун хорват полициячилари томонидан калтакланганини билдирди. Яна бир чечен эса Австрия ҳукумати унга ва оиласига сиёсий бошпана беришни рад этганидан сўнг Хорватияга қайтариб юборилди.

Чечен қочқинларининг Европадаги муаммолари Венада митинг ўтказилишига сабаб бўлди. Уни диаспора вакиллари ташкил қилишди. Ичкериянинг Австриядаги вакили Роза Дунаевага кўра, Болқон мамлакатларида чечен қочқинларига нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар илгари ҳам бўлиб турар, лекин ҳозиргидек катта кўлам касб этмаган эди.

“Гап сафарбарликдан қочиб келаётган инсонлар ҳақида бормоқда. Уларни чегаралардан ўтказишмаяпти, калташлашяпти... Айни чоғда уларни ушлаб турган мамлакатлар Москванинг депортация қилинган тақдирда бу одамларга ҳеч қандай хавф бўлмаслиги ҳақидаги гапларига учмоқда. Москвага асло ишонмаслик керак”, дейди у.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Александр Черкасов чечен қочқинлари оқими катталашганини айнан Украинага қарши уруш ва шу муносабат билан эълон қилинган сафарбарлик билан изоҳлайди. Унинг фикрича, чеченистонликлар илгари тинч-фаровон ҳаёт истаб Россиянинг бошқа ҳудудларига кўчиб борган бўлсалар, эндиликда хавфсиз макон излашмоқда.

“Грозний маҳаллаларида ҳарбий полициячилар изғиб юрибди. Афтидан, сўнгги пайтларда кўп гапирилаётган сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бошланган. Россиянинг бошқа ҳудудларига кўчиб кетган билан сафарбарликдан қутулиб қолиш қийин”, дейди Черкасов.

Экспертга кўра, янги воқелик Шимолий Кавказ минтақаларидан Европага йўналган миграция оқимини “бир неча ойга эмас, узоқ муддатга” ўзгартирган.

Ҳуқуқ фаоли Европанинг миграция хизматлари чечен қочқинларига ўз ватанларида қандай таҳдид мавжудлигини идрок эта олгани йўқ, деб ҳисоблайди.

“Биз Чеченистон раҳбарияти ўз фуқароларини бутун Россия ҳудуди бўйлаб таъқиб этишини Европа мамлакатлари ҳукуматларига тушунтиришга уринамиз... Чечен кучишлатар идоралари таъқибидан яшириниш аввалдан қийин эди, ҳозир мутлақо имконсиз. Саратов вилоятига кўчиб борасанми ёки Камчаткагами, фарқи йўқ – одамларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизими ҳамма жойда бир хил, кучишлатар идоралар база орқали топиб олишади барибир”, дейди Черкасов.

Форум

XS
SM
MD
LG