Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:10

Пора билан қўлга тушган собиқ сенатор яна мактаб директори этиб тайинланди(ВИДЕО)


Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби.
Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби.

Ўзбекистон Олий Мажлиси собиқ Сенатори, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Раҳимахон Қўрғонова 13 мартдан бошлаб ўз фаолиятини қайта бошлади.

Раҳимахон Қўрғонова 2018 йилнинг 15 сентябрида ДХХ ва прокуратура департаменти ходимлари томонидан пора олаётган пайтда ушланган ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Ўқитувчиларнинг иддао қилишича, мактаб директори судланганига ва унга нисбатан жарима қўлланилганига қарамасдан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг кўрсатмаси билан яна ўз вазифасига қайта қўйилган.

Туман ва вилоят халқ таълими бўлими мутасаддилари собиқ директорнинг нега яна ўз лавозимига тиклангани ҳақидаги Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

"Порахўр директор ҳалоллик масканига раҳбар бўлиши мумкинми?"

Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан Озодликка 11 апрелда келган мактубда, ўтган йили пора билан қўлга олинган мактаб директори олти ойдан сўнг яна ўз жойига қайта қўйилгани ёзилган:

“Бувайда туманидан ёзмоқдамиз. Фош қилинган порахўрлик ва таъмагирлик ҳамманинг кўз ўнгида вилоятдаги раҳбарлар буйруғи билан бости-бости қилинди. Фарғона вилояти Бувайда туманида муҳтарам президентимиз ташрифларидан сўнг, таклифга биноан, Филология фанларига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ташкил этилган эди. Бу мактабга қўшимча синфлар ташкил қилиб, ота-оналардан пул таъма қилиб, ўқувчилар қабул қилинди. Фуқаро Ҳамдамов ҳам фарзандларини ушбу мактабда киритмоқчи бўлади. Бироқ бу ишлар 100 АҚШ доллари эвазига битишини айтишади. Ҳамдамов туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади. Мактаб директори Раҳимахон Қўрғонова ўз хизмат хонасида 100 АҚШ доллари олаётган пайтда қўлга олинди. У ишдан кетди, лекин яна 13 март куни ўз ўрнида иш бошлади. Ота-оналар ҳам, ўқитувчилар ҳам ҳайрон. Директорнинг мақтанишича, унинг орқасида Шуҳрат Ғаниевдай вилоят ҳокими бор экан.Порахўр директор жазодан омон қолиб, яна ҳалоллик ва тўғрилик рамзи бўлган таълим масканини бошқариши бўлиши мумкинми?”

Мактаб директори Раҳимахон Қўрғонова пора билан ушланиши ҳақида олинган оператив тадбирдан кадр
Мактаб директори Раҳимахон Қўрғонова пора билан ушланиши ҳақида олинган оператив тадбирдан кадр

"Кассир" сифатида туриб бераман"

Озодлик ДХХ ва Бувайда тумани прокуратураси биргаликда ўтказган тезкор тадбир видеосини қўлга киритди.

Бу видеода ўз иш хонасида бўлган мактаб директори Раҳимахон Қўрғонова холислар гувоҳлигида сўмкасидан 100 АҚШ долларини олиб, “бу пулни Соҳибжон деган ўқитувчи иккита ўқувчисини ўқишга олиб кириш мақсадида” берганини айтар экан, шундай дейди:

“Лекин мен бунга аралашганим йўқ эди, мен ўзига ҳам айтдим, мен фақат “кассир” сифатида туриб бераман, керакли жойингизда ўзингиз ҳал қилаверасиз, дедим”.

Раҳима Қўрғонова дастлаб поранинг бошқа раҳбарларга ҳам узатилишига шама қилар экан, видео давомида пушаймонлигини тан олади:

“Эътирозим йўқ. Хато ўзимники. Ёшим ҳам 62да, кейин босиб ўтган йўлим ҳам сизларга қандай туюлади, кейин вилоят ҳокимининг бетига қандай....”

Ўқитувчиларнинг айтишларича, бу видео вилоятнинг бир қанча туманларида директорлар йиғилишларида уларга ўрнак бўлиши учун қўйиб берилган.

Пора билан қўлга тушган собиқ сенатор яна мактаб директори этиб тайинланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:19 0:00
Бевосита линк

"Очиқ, тап тортмай 100 доллар пора сўради"

Икки фарзандини ўқишга кириши учун пул талаб қилган мактаб директори устидан прокуратурага арз қилган Акрамжон Ҳамдамовнинг айтишича, ундан пул сўрайвериб ҳоли-жонига қўймаган:

- Иқтидорли болалар мактаби бўлгани учун, келажакда болаларни яхши ўқитиш мақсадим бўлгани учун шу мактабга икки ўғлимни ўқишга қўймоқчи бўлдим. Тест бўлди. Боламнинг биттаси 59,75 бал, биттаси 57,05 балл билан ўтолмади. Ҳа, ўтолмади-да, деб қўйдим. Лекин кейин ҳар куни болаларингизни ўқишга оламиз, фақат 100 доллар берасиз, вилоятга “узатиб”, иккита синф очтирдик, деб ҳол жонимга қўйишмади. Тўхтовсиз телефон қилаверишганидан кейин мен департаментга бориб айтдим. Ўртакаш қўлга тушди, у опани ушлаб берди. Хуллас, ҳаммаси қўлга тушди, мактаб порахўрлардан тоза бўлди, деб ўйлаганимизда, яна тап этиб опа жойига келиб ўтиряпти.

Акрамжон Ҳамдамовга кўра, Бувайда тумани фуқаролик ишлари бўйича суди пора олиш ишини адолатли кўрмаган:

- Суд ҳам бир ўйин бўлди. Судья мени сўроқ қилди, мен ҳаммасини айтиб бердим. Кейин мени суд залидан чиқариб юборди. Директор яна икки кишидан ҳам 100 доллардан олган экан, улар менинг пулимни қайтариб берсин, бошқа даъвом йўқ, дебди. Бу одамлар билан келишилганми, судья билан келишилганми ёки судга таъсир ўтказишганми, бунисидан хабарим йўқ. Мени судга бошқа чақиришмади.

Акрамжон Ҳамдамов туман прокуратураси ходимидан Раҳимахон Қўрғонова жаримага тортилганини эшитган:

“Мен суднинг ҳукмидан норози бўлиб, вилоят судига апелляция ёзганман. Ҳозирча, ҳеч қандай хабар йўқ”.

Озодлик Бувайда тумани фуқаролик ишлари бўйича судига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда маълумот ололмади.

Бўм-бўш қоғозга нега имзо қўйдириб олинди?

Фарзанди шу мактабда ўқийдиган, исми сир қолишини сўраган оналардан бирининг айтишича, мактаб директори сифатида иш фаолиятини бошлаган Раҳимахон Қўрғонова ота-оналардан бўм-бўш қоғозга имзо қўйдириб олган:

“Мажлисда ҳаммага бир варақдан оппоқ варақ тарқатиб қўл қўйдириб олди. Биз ҳам индамай қўйиб беравердик. Нима учун бундай қилганини бизга тушунтирмади. Менимча, бу қоғозларга унинг мактабга қайтишини гўё ота-оналар илтимос қилган, деб ёзиб тўлдириб қўйишади.”

Озодлик кун давомида Раҳимахон Қурбонованинг мобиль телефонига қўнғироқ қилди. Аммо, директор билан боғланиш имкони бўлмади.

"Шуҳрат Ғаниев бор экан, мени ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди!"

Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бирининг иддао қилишича, Раҳимахон Қўрғонова вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг дастаги билан қайта ишга қайтганини айтган:

“2005 йилда Бувайда педагогика коллежига директор бўлган 2018 йилга келиб, коллеждан фойда қолмагач ихтисослаштирилган мактаб очишни режа қилиб, қўлга тушди. Коллеждаги ерни ўзлаштириб эрининг номига теплица қилган. Вилоятдаги ҳомийлари билан роса пул қилди, булар. Қўшимча ташкил қилинган иккита синфга 60та ўқувчи қабул қилинди. Ишга қайтганидан сўнг, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бор экан, мени ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди, деб гердайиб юрибди”.

Озодлик билан суҳбатлашган бошқа ўқитувчилар ҳам бу иддаони тасдиқлади.

Озодлик Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан 11 апрель куни боғланиб, бу иддаоларга муносабат олмоқчи бўлди. Вилоят ҳокими у билан гаплашаётган шахс Озодлик мухбири эканлигини билгач, алоқани узиб қўйди.

Расмийлар Озодлик саволларидан қочмоқда

Бувайда туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Илёсжон Холдоров Озодлик билан суҳбатда директорларни ишга қўйиш вилоят халқ таълими бошқармаси ваколатига киришини айтиб, бу масалага аралаша олмаслигини таъкидлади.

Фарғона вилояти халқ таълими бўлими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Элдор Холиқов Раҳимахон Қўрғонова Бувайда тумани халқ таълими бўлими мудири тавсияси билан директорлик вазифасига таийнланганини айтди. Директорнинг пора олишда судлангани ҳақидаги саволдан кейин Элдор Холиқов алоқани узиб қўйди.

Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси мудири Маъруфжон Турдиматов Озодликнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўяверди.

Раҳимахон Қўрғонова 2010-2014 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси бўлган.

У Бувайда туманидаги педагогика коллежининг директори, сўнгра шу коллеж замирида ташкил этилган Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори лавозимида, 2018 йилнинг 27 сентябригача ишлаган.

XS
SM
MD
LG