Линклар

Шошилинч хабар
19 феврал 2025, Тошкент вақти: 07:31

Ўзбекистон хабарлари

Пойтахтни водий билан боғловчи пулли автойўл 6 йилда қурилади

Тошкентни Фарғона водийси вилоятлари билан боғловчи Қамчиқ довони йўли (архив сурати)
Тошкентни Фарғона водийси вилоятлари билан боғловчи Қамчиқ довони йўли (архив сурати)

Лойиҳа қиймати 4,28 миллиард долларни ташкил этаётган Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши муддати 6 йил 3 ойни ташкил этади. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан йўлнинг 64 фоизи янгидан қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган I-a категориясидаги, цемент-бетон қопламали йўл 6 қатордан иборат бўлади.

Жараён уч босқични ўз ичига олади. Биринчи босқичда Тошкент–Ангрен (78 км), иккинчи босқичда Ангрен–Поп (93 км), учинчи босқичда эса Поп–Андижон (143 км) қисмлари қурилади.

Режага мувофиқ, пойтахтни водий билан боғловчи ушбу йўлда жами 10 та туннель барпо этилади, уларнинг умумий узунлиги 33 кмга етади. Энг узун туннель 6787 метрни ташкил этади.

Пулли йўл қурилиши Тошкентдан Андижонга сафар қилиш вақтини ҳозиргидан 2 соат 14 дақиқага камайтириши айтилмоқда.

Йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикчилик келишуви 49 йил мобайнида амал қилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти томонидан жорий йилнинг 30 августида имзоланган қарорда Тошкент–Андижон пулли автойўлни қуриш 2026 йилда бошланиши белгиланган. Йўл 2032 йилда фойдаланишга топширилиши керак.

Кун янгиликлари

Уй-жойдан даромад кўрсаткичи янада пасайди

Тошкент мавзелари (архив сурати)
Тошкент мавзелари (архив сурати)

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлиллари ана шундан далолат беради.

2024 йил февраль ойида уй-жойларни ижарага бериш ва уларнинг қиймати ўзгаришидан олинган даромад ўртача 32,4 фоизни, октябрь ойида эса 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь ойида 7,6 фоизгача пасайган.

Масалан, Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида 2024 йил февраль ойида уй-жой нархининг ошишидан олиниши мумкин бўлган фойда 16,1 фоиз, 26,9 фоиз ва 15,4 фоизни ташкил этган. 2025 йил январь ойига келиб бу кўрсаткич кескин пасайиб, 3 фоиз, 2,8 фоиз ва 0,3 фоизга тушган.

Айрим туманларда ҳатто манфий кўрсаткич кузатилмоқда. Бу эса инвесторлар учун эҳтимолий зарар деб баҳоланмоқда.

МҲТИ ўрганишларига қараганда, ижара бозоридаги вазият ҳам мулкдорлар учун у қадар мақбул эмас. 2025 йил январь ойида Миробод туманида ижара бўйича ўртача йиллик даромад 10 фоиз (ўтган йилнинг февраль ойида 10,4 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида эса 9,9 фоизга (ўтган йили 10,6 фоиз) тўғри келган.

Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойда келтирмоқда, деб хулоса қилишган экспертлар.

Озодлик 2024 йилнинг учинчи чораги якунида ҳам пойтахт уй бозори сармоявий жозибасини йўқотаётгани, кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бораётгани ҳақида хабар қилган эди.

Пиёдалар ўлими юзасидан сиёсий жавобгарлик талаб қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрида пиёдалар ўлимига олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётган бир вақтда пойтахт ҳокимлиги ва ЙҲХБ сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти, деб ёзди Gazeta.uz.

Тошкент марказида, Амир Темур кўчасида 15 февраль куни тахминан соат 20:15 да тезликни оширган 19 ёшли ҳайдовчи бошқараётган Spark аёл кишини уриб юборганини қайд этган нашр ушбу ҳодисага ЙҲХБнинг реакциясини таҳлил қилган.

Пойтахт ЙҲХБ эълон қилган видеолавҳада нозирлар ЙТҲга “ҳайдовчининг эътиборсизлиги”, “пиёдани ўтказиб юбормагани” сабаб бўлганини айтган, яъни одатдагидек инфратузилмадаги камчиликлар кўрсатилмай, жавобгарлик ҳайдовчига юкланган. Бу вақтда ЙҲХБ ходимларининг орқасида кўчанинг ўртасига етиб келган пиёдани машиналар ўтказмаётганини кўриш мумкин.

Нима учун ЙҲХБ ва ҳокимият чорраҳалар ва ўтиш жойларида оғир ЙТҲлар содир бўлганидан кейин ҳам уларни қайта ташкил этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти?.. Ўзбекистон ЙҲХХ ва унинг бўлинмалари узоқ йиллар давомида “ҳурматли, азиз ҳайдовчилар”га эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ҳақидаги чақириқлар, варақалар тарқатиш ва шаҳарлар бўйлаб пачоқланган машиналар ортилган “автокарвонлар”ни олиб юриш натижа бермаслигини тушуниб етиши керак эди”, деб ёзган Gazeta.uz.

Нашрга кўра, ЙТҲларни камайтириш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаштириш ва жазонинг муқаррарлиги, қатъийлигини таъминлаш керак.

Таъкидланишича, оғир оқибатли ЙТҲлар учун масъул шахслар жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ортидан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланган.

Жамоат фаоллари кўпдан буён мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.

Таҳлиллар пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда.

Тошкент вилоятидаги колониядан маҳкумнинг ўлиги чиқди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Фарғона шаҳрида яшовчи Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан жорий йил 26-28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.

Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатов 14 февраль куни миокрад инфарки ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.

Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.

Маълум бўлишича, колония маъмурияти маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаган.

Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!” деб ёзди ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов.

Марҳумнинг онаси Нигора Қамбаровага кўра, Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби бўлган, бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган ва унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган.

Аёл безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғли шу йил августда манзил колонияга чиқишини ўйлаб, унга келин қидирганини ҳам айтган.

ИИВ ёки Бош прокуратура ҳозирча маҳкумнинг ўлими юзасидан муносабат билдирмаган.

2024 йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.

Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ўнга яқин ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ҳужжатлар имзоланиши жараёнидан лавҳа (president.uz фотоси)
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ҳужжатлар имзоланиши жараёнидан лавҳа (president.uz фотоси)

Ал-Кувайт шаҳрида 17 февраль куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ икки давлатнинг кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилишди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қайдича, икки давлат раҳбари музокаралар якунида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:

• Саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

• Ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга баённома;

• Меҳнат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

• “Ақлли” шаҳарларни барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

• Санъат ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

• Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

• Туризм соҳасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури;

• Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисида битим.

Кувайт амири таклифига кўра мазкур кўрфаз давлатига расмий ташриф билан борган президент Мирзиёев Ал-Кувайт шаҳридаги “Ал-Баян” саройида тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокаралар ўтказган.

Томонлар “яшил” энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларини амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаганлар.

Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилган.

Ўзбекистон президенти Кувайт амирига жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф қилган.

Энергетика корхоналари ходимлари намойишкорона қамоққа олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятида коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланиб электр ва газ корхоналарининг етти нафар ходими қамоққа олинди. Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигида вилоятда энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар ҳамда тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.

Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖлар ходимлари ва бошқа масъуллар қатнашган.

Таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган етти ходими айнан ушбу йиғилиш пайти намойишкорона қамоққа олинган.

Мамлакатда энергетик тақчиллик кузатилаётган вақтда, афтидан, “пиар юриш” ўлароқ амалга оширилган ҳибслар ижтимоий тармоқларда танқидга учради.

Иқтисодчи Отабек Бакиров буни “катта ўғриларни паналаш учун нафратни майда ўғриларга қаратиш” деб атади.

Бу пайтда бир тўп олигархлар субсидияланаётган миллиардлаб куб газ экспортини тўхтатмайди. Ўзи йўқ ва камайиб бораётган газга миллиард ва миллиард долларлик шиширилган лойиҳалар ясалаверади, орада бизнес ва аҳолини газдан узишни оқлаб чиқувчи карнайлар ишга туширилади”, деб ёзди О.Бакиров.

Davletov.uz канали ҳам “тарифлар муттасил ошиб турган пайтда газ ўғриларига нисбатан нафрат, қоралаш эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатини оқлаш” кучайишига эътибор қаратди.

Энергетика тизимининг репутацияси шу даражадаки, одамлар бу рақамларни шубҳа остига олади, ўмаришларга қарши оммавий курашларга ишонмайди. Заифга қонунни ишлатиб, ўзиникиларга кўз юмиляпти, деб ўйлашади. Бундай фикрлар осмондан тушгани йўқ”, деб ёзди Davletov.uz.

Президент Шавкат Мирзиёев Кувайтга йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (архив сурати)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни расмий ташриф билан Кувайтга жўнаб кетган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф Кувайт давлати амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, бир қатор ишбилармонлик ва маданият тадбирлари бўлиб ўтади”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистон президенти 17-18 февраль кунлари Кувайтга сафар қилиши ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди.

Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёевнинг Кувайт давлати амири билан бўлажак саммити кун тартибидан Ўзбекистон-Кувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, "яшил" энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Олий даражада икки томонлама музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутиляпти.

Ойлик маошлар ошишига оид маълумот рад этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ошиши ҳақида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик жорий йил 1 мартидан ва 1 августидан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 10 фоизга оширилиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ёлғонлигини урғулаган.

Иш ҳақи ва пенсиялар бўйича ҳар қандай расмий маълумотлар тегишли давлат органларининг расмий манбалари орқали эълон қилинади”, дейилган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раддияномасида.

Ўқитувчини урган аёл руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди

Видеодан скриншот
Видеодан скриншот

Сирдарё туманидаги 1-мактабда ўтган ҳафтада дарс вақтида синфхонага бостириб кириб, ўқитувчини ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарган Г. Х. исмли аёл руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мактаб синфхоналаридан бирига бостириб кирган аёл (ўқувчилардан бирининг онаси) ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчига қўл кўтараётгани акс этган видео тарқалган эди.

Вазирлик қайдича, ўқитувчига қўл кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига кўра маъмурий иш қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида кўриб чиқилган.

“Судга вилоят руҳий касалликлар шифохонаси томонидан берилган психиатрик экспертиза хулосаси тақдим этилган. Ушбу экспертиза хулосасида қайд этилишича, фуқаро Г. Х. ақлий заифлик енгил даражаси билан хасталанган ҳамда ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаган”, дейилган хабарномада.

Вазирлик Сирдарё туман суди фуқаро Г. Х. нинг умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниши юзасидан ҳукм чиқаргани ва айни пайтда у руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилганини қўшимча қилган.

Фарғонада уч болали онани ўлдирган шахс 17 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғонада уч фарзанднинг онаси бўлган аёлни ўлдирган 25 ёшли йигит суд ҳукми билан 17 йилга қамалди. Бу ҳақда Миллий ТВнинг “Миллар” дастурида берилган лавҳада сўз боради.

Жиноят ишлари материалларида айтилишича, судланувчи онлайн ўйинлар туфайли қарзга ботган ва яқинларидан олган пулларни вақтида қайтара олмаган. Шундан сўнг у ўзига яқин бўлган ҳудуддаги хонадонга ўғриликка тушган.

Хонадон бекаси бўлган аёл уйғониб кетиб, ўғрига қаршилик қилмоқчи бўлган, у эса аёлни “ўткир тиғли жисм билан” вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида ўлдирган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 3-қисми “в” банди (Босқинчилик) бўйича айбдор деб топиб, уни 17 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

АҚШда 65 ёшли ўзбекистонлик эркак жинсий жиноятда айбланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШнинг Мэриленд штатида 4 февраль куни муқаддам жинсий жиноят учун судланган ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинган. Бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) маълумот тарқатди.

Айни пайтда 65 ёшли Ислом Ғозиев иши ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик И. Ғозиев 2015 йил октябрида АҚШга қонуний йўллар билан кириб борган. Кейинроқ у мамлакат миграция тартибини бузган.

Бу Ғозиев томонидан АҚШ ҳудудида содир этилган илк жиноят эмас. 2024 йил августида у тўртинчи даражали жиноятда (жинсий жиноят) гумонланиб қўлга олинган эди. Ўша йил декабрида у айбдор деб топилиб, шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Февраль ойи бошида у яна шу каби жиноятда айбланиб, қўлга олинган.

ICEнинг Балтимордаги дала офиси директори в.б. Мэтью Эллистон “бу каби ҳибсга олишларнинг ҳар бири кўчаларимизда битта йиртқич ва бир муҳтамал қурбон камайганини англатади”, деб айтган.

ЕИ–Марказий Осиё илк саммити апрель ойи бошида Самарқандда бўлиб ўтади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи билан Марказий Осиёнинг илк саммитида иштирок этиш учун 3–4 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлишади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мезбонлик қиладиган мазкур саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари қатнашиши кутилмоқда. Аввалдан 2024 йилда ўтказилиши режаланган бу анжуман ЕИдаги сайловлар туфайли 2025 йилга кўчирилган эди.

Хабарномада саммит Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги геосиёсий манфаатларини намойиш этиш учун муҳим имконият экани урғуланган.

“Геосиёсий вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда, хусусан, Россиянинг Украинага қарши ноқонуний уруши ва Афғонистондаги воқеалар содир бўлаётган бир пайтда, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар йилдан йилга стратегик жиҳатдан янада муҳим аҳамият касб этмоқда”, дейилган хабарномада.

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта айни пайтда дунёда “тартибсизлик ва бўлиниш кучайган”ига эътибор қаратган.

“Европа Иттифоқи учун ягона тўғри йўл – мустаҳкам ҳамкорликлар ўрнатиш орқали тинчлик ва фаровонликни таъминлашдир. Кўп қутбли дунё шароитида янада фаол ва йўналтирилган ҳамкорлик зарур. Биринчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити халқаро ҳуқуққа тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий ниятимизни тасдиқлайди”, деган Кошта.

Кейинги йилларда ЕИ ва МО юқори лавозимли раҳбарлари ўртасида ўзаро алоқалар фаоллашганига гувоҳ бўлиш мумкин. 2022 йилнинг октябрь ойида Қозоғистонда ва 2023 йилнинг июнь ойида эса Қирғизистонда етакчилар учрашуви бўлиб ўтган. Бундан ташқари, бир қатор вазирлик даражасидаги муҳокамалар ҳам ўтказилган. Бундай учрашувларнинг сўнггиси 2023 йили Люксембургда ўтказилган бўлиб, унда ЕИ ва МО ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитаси қабул қилинган.

Президентлар саммити олдидан жорий йилнинг 4 мартида Ашхободда ЕИ ва МОнинг 20-вазирлар учрашуви бўлиб ўтиши, унда Ўзбекистондаги саммитга тайёргарлик масаласи муҳокама қилиниши кутиляпти.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқотда бўлгани ҳақида хабар қилган. Мулоқот чоғида, жумладан апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилаётган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар ҳам муҳокама қилинган эди.

Тошкентда ноқонуний диний жамоат тузишда гумонланган 17 киши ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахтида ноқонуний жамоат кўринишида йиғинлар ташкил этганликда гумонланган кишилар қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, қўлга олинган 17 кишилик гуруҳ ичида божхона идораларининг уч нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, “Сергели-авто” бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалар бор.

ДХХ иддаосича, қўлга олинганлар ичида бўлган Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари “динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган”.

У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда пул йиғиб, устозларга берган”, дейилган хабарномада.

Гуруҳ аъзоларининг 1989 йилда Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда Миср Араб Республикасида бўлган шахсдан Телеграм мессенжери орқали онлайн тарзда сабоқ олишгани, уларга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳам оффлайн тарзда диний маърузалар ўтгани айтилган.

Ҳозирда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳамда жамоат аъзоларига Миср давлатидан туриб, онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган хабарномада қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилингани қўшимча қилинган.

Аввалроқ Озодлик парламент қуйи палатасида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, тасдиқ учун Сенатга юборилгани ҳақида хабар қилганди. Диний соҳадаги концепция қабул қилинаётган бир пайтда фуқароларнинг ноқонуний жамоат тузганлик айблови билан қўлга олиниши жамоатчилик орасида қатор фаразлар урчишига йўл очди.

Ҳьюман Райтс Уотч халқаро ташкилотининг дунёда инсон ҳуқуқларининг аҳволига доир ўтган ойда ёйинлаган галдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда расмийлар диний жамоаларни рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилиш, собиқ диний маҳбусларни ўзбошимчалик билан назорат қилиш ва мусулмонларни экстремизм билан боғлиқ кенг ва ноаниқ айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортиш орқали дин эркинлигини чеклаётгани танқид қилинган эди.

Ўзбекистон қишки Осиё ўйинларида иккинчи бор олтин олди

Хитойда ўтаётган қишки Осиё ўйинларидан лавҳа (иллюстратив сурат)
Хитойда ўтаётган қишки Осиё ўйинларидан лавҳа (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Харбин шаҳрида ўтаётган қишки Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати қайдича, фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзолари Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш жуфтлиги 176,43 балл жамғариб, энг яхши натижани қайд этган ва олтин медалга сазовор бўлган.

Жуфтлик КХДР ва Япония вакилларини ортда қолдирган.

Россиялик спортчилар Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш 2024 йилдан буён халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашиб келади.

Ўзбекистон терма жамоаси қишки Осиё ўйинларида 26 йиллик танаффусдан сўнг иккинчи бор олтин медалга эга чиқмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳисобида ягона бўлган олтин медаль 1999 йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтган мусобақаларда Татьяна Малинина томонидан фигурали учиш мусобақаларида олинганди.

7-14 февраль кунлари Харбин шаҳрида ўтаётган IХ қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон термаси 6 спорт турида 24 нафар атлет билан иштирок этмоқда. Бу ҳам спорт тури, ҳам атлетлар сони бўйича Ўзбекистон делегацияси энг катта таркибда қатнашаётган қишки Осиё ўйинлари экани айтилмоқда.

Самарқандда автобус ағдарилиши оқибатида бир киши вафот этди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида ичида йўловчилари бўлган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради.

Gazeta.uz нашрининг вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса 11 февраль куни соат 7:00 ларда М-39 автомобиль йўлининг 1079-километрида содир бўлган.

Йўловчи ташувчи Zhongtong автобуси ҳаракатланиб келаётиб кўприк устида ЙТҲга учраган Cobalt билан тўқнашган.

Автобус енгил машинанинг ҳолатини инобатга олмай тезликни меъёридан ошириб келгани оқибатида тормозни кескин босгани ва ағдарилиб кетгани айтилмоқда.

Оқибатда бир йўловчи (68 ёшли эркак) тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилингани ҳолда, жабрланганлар бўйича маълумот берилмаган.

ЙТҲга учраган туристик автобус Самарқанддан Тошкентга бораётган бўлган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида автобус уриб кетиши оқибатида 3-синф ўқувчиси нобуд бўлганди.

Аввалроқ айнан Жомбой туманида Isuzi автобуси билан МАN юк автомашинаси тўқнашиши оқибатида автобус йўловчиларидан бири ҳалок бўлган эди.

Маҳалла раислари ваколат муддати беш йилга узайтирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилди.

Мамлакат президенти томонидан 11 февраль куни имзоланган ва 12 февраль куни кучга кирган қонун билан ана шу муддат белгиланмоқда.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилган.

Қайд этилишича, қонун амалга киритилгунга қадар сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатини 3 йиллик муддат тугагунга қадар амалга оширади.

Миллий қонунчиликда раисликка номзодларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш, олий маълумотлилик, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаш, ташкилотчилик қобилияти, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибаси, ҳаётий тажриба ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш каби талаблар қўйилган.

Озодлик аввалроқ маҳалла раислари сайловига ҳокимиятнинг аралашуви ҳолатларини таҳлил қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG