Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Ўзбекистонда узоқ муддатга хорижга кетган фуқаролар милиция рўйхатига киритилмоқда


Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан бири ёнида турган милиция ходимлари.
Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан бири ёнида турган милиция ходимлари.

Ўзбекистонда доимий яшаш жойидан бошқа давлатларга узоқ муддатга кетган шахслар аниқланиб, ички ишлар органларининг рўйхатига киритилаяпти. Тошкентда нотариал идораларнинг найранглари фош этилди. Самарқандлик пенсионерлар почта бўлимидаги ноҳақликдан шикоят қилмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

ИИВ: Антиреррор тадбирида қидирувдаги 500 га яқин шахс ушланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб “Тозалаш-Антитеррор” тадбири ўтказмоқда (“Постда”, 11 март). Тезкор-қидирув тадбирлари давомида жиноят содир этиб қидирувда юрган 500 га яқин шахс ушланган, бедарак йўқолган 50 дан ортиқ киши топилган. Шунингдек, ноқонуний қурол ва ўқ-дори, тақиқланган диний адабиёт ва гиёҳвандлик моддалари сақлаётган фуқаролар аниқланган. Қайд этилишича, текширув гуруҳлари ўта муҳим объектлар, кўп қаватли уйлар, хонадонлар, корхоналар, меҳмонхоналар ва ётоқхоналарни ўрганиб, турли ҳуқуқбузарликларни аниқламоқда. “Профилактик ҳисобда турган фуқаролар, махсус ҳисобда турган диний-экстремистик оқим аъзолари ва муқаддам судланган шахслар маъмурий назоратга олинмоқда. Доимий яшаш жойидан бошқа давлатларга узоқ муддатга кетган шахслар аниқланиб, ички ишлар органларининг рўйхат ҳисобига киритилмоқда”, дея маълум қилади ИИВ вакили Фурқатжон Ғайбуллаев.

Нотариусларнинг қинғир ишлари қораланди

Тошкент шаҳридаги айрим нотариуслар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига давлат ишониб топширган ваколатларини даромад манбаига айлантириб олган (“Жамият”, 10 март). Мақола муаллифи Ж.Ниёзов ўзи дуч келган ҳолатлар асосида нотариал идоралардаги қонунбузарликлар, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, оддий одамларни чув тушираётган нотариусларнинг хилма-хил найранглари ҳақида сўз юритган. Масалан, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 11-сонли давлат нотариал идорасида турар-жойдан текинга фойдаланиш шартномасини тузиш жараёнида кўплаб фуқаролардан қонунан белгиланган 22 минг сўм ўрнига 160 минг сўмдан ундирилган. “Мавзу юзасидан жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиб кўрдим. Бунинг учун юртдошларимиз фаол бўлган ижтимоий тармоқларда нотариал идорадаги қандай қонунбузарлик ва қинғирликларга дуч келишгани, шунингдек, ижара, текин фойдаланиш шартномаларини расмийлаштирганлик ва бошқа турдаги нотариал ҳаракатлар учун нотариусларга қанча пул тўлашганини суриштириб кўрдим. Фуқаролар манфаатини ҳимоя қиладиган идора томонидан таланганлар оз эмас экан”, дея хулоса қилади муаллиф.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мақола чоп этилганидан кейин муаллиф Ж.Ниёзовга адлия идораси вакиллари босим ўтказган. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали маълум қилган.

Самарқандда почта бўлими пенсия пулидан 2-3 минг сўмдан ушлаб қолмоқда

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 1-сонли почта бўлими ҳар бир нафақахўрнинг пенсиясидан 2-3 минг сўмдан ушлаб қолмоқда (“Даракчи”, 16 март). “Агар почтачи масофа босиб хонадонларга юрганда ҳам буни тушуниш мумкин эди, аммо ҳам ўзимиз бориб оламиз, ҳам ушлаб қолинади”, деган шу туманлик пенсионер Ойша Бектемирова. Қашқадарёлик Алишер Эшмуродов эса рафиқаси пенсия оладиган почта бўлими олисда экани, аёлини яқинроқдаги почта бўлимига бириктиришларини сўраб вилоят ва туман мутасаддиларига қилган мурожаатлари инобатга олинмаётганидан арз қилган.

Ўзбек нашрларида коррупция муаммоси муҳокама қилинмоқда

Сўнгги вақтларда мамлакатда коррупция мавзуси фаол муҳокама этилаётганига ишора қилган Кun.uz сайти Kommersant.uz интернет нашрига асосланган ҳолда иқтисодчи эксперт Юлий Юсуповнинг Ўзбекистондаги мазкур иллат сабабларига оид фикрларини эълон қилди (Элтуз нашри, 16 март).

Экспертнинг фикрича, коррупциянинг биринчи сабаби фуқароларнинг бизнес юритиши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун турли хил рухсатларни бериш борасида давлат органлари ва мулозимларнинг кенг ваколатларидир. Бу ҳолатда, аввало, таъмагирлик ва пора олиш учун имконият ҳам кенгаяди.

“Масалан, нақд пулларни бериш борасида маъмурий тўсиқлар тижорат банклари, банк ишчилари, савдо ташкилотларига пулларни нақдлаштиришда “шапка” олиш учун қулай шароитдир”, дейилади мақолада.

Унда ёзилишича, давлат ва мулозимларнинг бозор механизмлари ишига турли усулда аралашуви ҳам коррупциянинг илдизига сув қуяди. Нархларни бошқариш, фоиз ставкаларини белгилаш, алмашув курси, захираларни марказдан тақсимлаш, айрим корхоналарга турлича имтиёзлар бериш кабилар шулар жумласидандир.

Муаллиф юқори солиқ ва божхона тўловлари яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қулай шароит яратишини таъкидлар экан, шу пайтгача ҳукумат ва маҳаллий матбуотнинг оғиз кўпиртириб айтаётган бир мақтовини йўққа чиқаради.

Мақолада келтирилган рақамларга таянилса, мамлакатда солиқ юки жуда оғир экан, у коррупция урчишига йўналтирилган экан.

“Ўзбекистон иқтисодиётига солиқ юки дунёдаги ривожланаётган мамлакатлардаги энг юқорилардан биридир. У ялпи ички маҳсулотнинг 30-35 фоизини ташкил этади… Йилига аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори 2000 долларни ташкил этадиган мамлакатлар учун солиқ юкининг 15-20 фоиз бўлиши мақбулдир. Божхона тўловлари даражаси бўйича ҳам биз дунёдаги энг юқори ўринларда турамиз”, дейди Ю.Юсупов.

XS
SM
MD
LG