Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Ўзбекистонликлар айрим давлат ташкилотлари “ишонч телефони” фаолиятидан норози


Ўзбекистонликлар мамлакатдаги айрим давлат ташкилотлари ишонч телефонларига боғланиш учун бир неча соат вақт сарфлашга тўғри келаётганидан шикоят қилишмоқда. Сурхондарё вилоятида тупроқ ҳолатини яхшилаш бўйича зудлик билан чоралар кўриш лозимлиги эслатилди. Тошкентда милицияга ёлғон хабар берган коллеж ўқувчиси устидан жиноий иш қўзғатилди.

________________________________________________________________

Ишонч телефонлари ишончни оқламаяпти

Ўзбекистондаги айрим давлат ташкилотлари ишонч телефонларига боғланиш учун бир неча соат вақт сарфлашга тўғри келмоқда, мутасаддилар билан боғланиб муддао айтилганидан кейин ҳам масалани ҳал этиш пайсалга солинмоқда (“Даракчи”, 23 март). Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Зафар Турсунов чорвачилик учун кредит олишда сансалорликка дуч келгани боис Марказий банк ва “Агробанк”нинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, 2-3 соатда зўрға боғланган ҳамда вазият юзасидан арз қилган. “Аммо мана шу кунгача ҳам бирор натижа йўқ. Агар ишонч телефонлари қайд этилган мурожаатларни ўрганмас экан, нега уларни ташкил этишган? Ишонч телефонларини шунчаки “бажарилди” мазмунида ташкил этишнинг нима кераги бор?” дейди фуқаро З.Турсунов. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Ҳасан Ниёзов эса Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг ишонч телефони фаолиятидаги сансалорлик ва сохтакорликдан норози эканини билдирган.

Мутахассис: Сурхондарё вилоятида тупроқ ҳолатини яхшилаш бўйича зудлик билан чоралар кўриш керак

Сўнгги 25-30 йилда Сурхондарё вилояти тупроғи таркибидаги чиринди миқдори 0,35 фоизга камайганига қарамай, алмашлаб экиш усули қўлланилмасдан ерга асосан пахта ва ғалла экилмоқда (“Жамият”, 17 март). Термиз давлат университети тадқиқотчиси Сайфулла Турсуновга кўра, вилоятда тупроқ шўрланишининг олдини олиш учун ҳам зудлик билан чоралар кўриш талаб этилади, акс ҳолда ер бедаво бўлган иккиламчи шўрланиш касалига чалинади. “Инсон қулликда яшай олмагани каби она табиатни ҳам қулдек ишлатиш, ундан нооқилона фойдаланиш мумкин эмас. Тупроқ одамлар ўйлаганидек оёқ босиб юриладиган механик таянч нуқтаси эмас, балки инсон учун ҳаёт манбаидир”, дейди тадқиқотчи С.Турсунов.

“Телефоним ўғирланди” дея ёлғон хабар берган коллеж ўқувчисига жиноий иш очилди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги коллежларидан бирида таҳсил олаётган Н.К.га нисбатан ёлғон хабар бергани учун жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Чилонзор туман ИИБ раҳбари Абдумажид Шермуҳаммедов “Постда” нашри орқали маълум қилади. 16 ёшли ўсмир қиз ИИБга номаълум шахс унга тегишли қимматбаҳо телефон ва заргарлик буюмларини тортиб олгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган. 22 кун давом этган қидирув-суриштирувлардан кейин жабрланувчининг ўзи айбдор бўлиб чиққан. Маълум бўлишича, уяли телефон ва заргарлик буюмларини ўсмир қизнинг ўзи Олой бозорида сотиб, кийим-бош харид қилган. “Биргина ножўя хатти-ҳаракати билан у бутун ҳаётини издан чиқарди”, деб хабар беради “Постда” газетаси.

XS
SM
MD
LG