Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:15

OzodDayjest: Биолог олим коронавирусга қарши кураш доирасида тўйларни тақиқлашни таклиф этди


Ўзбекистонда кейинги ойдан бензин нархи ошишига оид овозаларга ойдинлик киритилди. Хитойда фаолият юритаётган олим ўзбек расмийларидан карантиндагиларнинг барчаси зудлик билан тестдан ўтказишни сўради. Конституцияга зид тизимдан воз кечишга ИИВнинг кўзи қиймаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

______________________________________________________________

Ўзбекистонда 1 апрелдан бензин нархи ошиши ҳақидаги овозаларга ойдинлик киритилди


Ўзбекистонда 1 апрелдан коронавирус сабаб бензин нархи ошади деган овоза тарқалди (“Даракчи”, 19 март). Газетага кўра, жаҳон бозорида нефть нархи пастга шўнғиётган бир пайтда бензин ошиши ғалати ҳолатдир. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти вакили 1 апрелдан бензин нархи ошиши ҳақидаги хабарни асоссиз, деб атаган. Қайд этилишича, жаҳон энергия бозорида нарх пасаяётгани сабаб Ўзбекистонда биржа орқали сотилаётган бензин баҳоси арзонлашиши кутилмоқда.

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, 2020 йил 1 апрелидан бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ учун 350 сўм, сиқилган газ учун 500 сўм акция солиғи олиниши белгиланган. Ушбу омил ҳам нарх-навога таъсир этиши мумкин.

Биолог олим Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1000 дан ошишини тахмин қилди


Айни пайтда Хитойда илмий тадқиқот олиб бораётган биолог олим Бахтиёр Шералиев Ўзбекистон ҳукуматидан карантиндаги фуқароларнинг барчасидан зудлик билан коронавирусга тест олишни сўради. Олимга кўра, вирус симптомлари кузатилишини кутиб туриш ҳолатни баттар қийинлаштиради. “Бу ҳозир ҳукуматдан қўшимча 100 минг ёки 1 миллион доллар сарфланишини талаб қилар, лекин шу усул қўлланмаса, эртага энг камида 10 миллион доллар сарфлаши аниқ”, деб ёзди Б.Шералиев Телеграмдаги шахсий саҳифасида. Айни пайтда биолог олим мамлакатда тўйларни тақиқлаш, иккиламчи эҳтиёж учун бозорлар, дам олиш жойларини ёпиш ҳамда миграцияни кескин чеклашни таклиф этган. Б. Шералиев Ўзбекистонда СOVID-19 вирусини юқтирганлар минимум 500, максимум эса 1000 га етишини тахмин қилган.

Прописка тизими бекор бўлмайди, аксинча қоидалар янада оғирлашади


Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги пропискани соддалаштиришга оид қарор лойиҳасини эълон қилди (www.xabar.uz, 16 март). Ушбу қарор лойиҳасидан кўринадики, прописка бўйича деярли ҳеч қандай енгилликлар берилмайди, аксинча, олдингига қараганда айрим оғирлаштирувчи бандлар таклиф этилган.

“Ички ишлар вазири ўринбосари ваъда қилганидек, прописка тизими бекор қилиниб, унинг ўрнига рўйхатга олиш тизимига ўтилмайдиган бўлди. Прописка тизими яна сақлаб қолинади! Қойил, баракалла! СССРдан қолган Конституцияга зид тизимдан воз кечишга кўзлари қиймаяпти мутасаддиларнинг”, деб ёзади ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев.

Лойиҳага кўра, пропискаси йўқ фуқаролар умумий мулк сотиб ололмайди, яъни 2-3 киши бирлашиб уй сотиб олиш тақиқланади. Бу эса Конституциядаги мулкдор бўлиш ҳуқуқининг бузилишидир.

Айни пайтда айрим хорижий давлат фуқаролари Ўзбекистонда 30 кунгача виза олмасдан юриши мумкин, лекин Ўзбекистон фуқаролари Тошкентда 10 кундан ортиқ рўйхатдан ўтмасдан юра олмайди. Янги лойиҳада мазкур ҳолат ҳам ўзгаришсиз сақлаб қолинмоқда.

Қонун лойиҳасида биргина енгиллик кўзда тутилган: у Тошкент пропискасига эга бўлмаганларнинг иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилишидир.

Ўзбекистондаги прописка тизими халқаро ҳамжамият ва миллий зиёлилар томонидан аксилконституциявий хатти-ҳаракат сифатида қораланади.

XS
SM
MD
LG