Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:13

Матбуот шарҳи: Ўзбекистонда картошка танқислигига расмий муносабат билдирилди


Ўзбек матбуотида Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги муносабати билан бу арбоб даврида содир бўлган ижобий ва салбий жиҳатлар қаламга олинди. “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси мутасаддиси мамлакатда бу йил картошка нега танқис эканига ойдинлик киритди. Сирдарёда милиция тезкор ходими 30 литр бензин эвазига жиноятни яширди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

“Шароф Рашидов мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўйган”

Cовет Иттифоқи даврида Ўзбекистонни 24 йил давомида бошқарган давлат арбоби Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи нишонланмоқда (“Ҳуррият”, 12 апрель). Шу муносабат билан эълон қилинган мақолада совет замонида “шарофрашидовчилик” деган ёрлиқ билан уюштирилган кампания асоссиз экани ва бу қатағон тўлқини миллатнинг етук фарзандларини йўқ қилишга қаратилгани таъкидланади. Қайд этилишича, ҳамма нарса, ҳатто игна олиш учун ҳам Марказнинг рухсати талаб этилган замонларда Шароф Рашидов жуда катта ишларни амалга оширган. Айни чоқда, мақолада Шароф Рашидовнинг миллий масалада қусурлари ҳам бўлгани, ўз халқи манфаатларига жабр қилиб бўлса-да, Марказ билан муросага боргани айтилади. Мақолада Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг “Биз бугун тўлиқ ишонч билан айта оламизки, Шароф Рашидов мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўя олган арбоблардан эди” деган фикри келтирилади.

Мутасадди: Касаллик теккани боис бу йил Ўзбекистонда картошка танқис

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раис ўринбосари Нодирбек Раҳбаров мамлакатда бу йил картошка нега танқис эканига ойдинлик киритди (“Оила даврасида”, 13 апрель). “Ўтган йили республикамиз далаларида кутилгандан анча кам картошка ҳосили йиғиб олинди. Буни иссиқ об-ҳаво таъсири туфайли картошкага касаллик теккани ва сабзавотларнинг зарарланиши билан изоҳлаш мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда картошка маҳсулоти танқислиги рўй берди” деган озиқ-овқат захирасига масъул ташкилот вакили. Аҳоли эҳтиёжини қондириш учун эса четдан картошка келтирилган. Жорий йил 31 мартига қадар 4,9 миллион долларлик 14 минг 851 тонна картошка импорт қилинган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил бозорларда картошка нархи кескин ошиб кетгани боис фуқароларда турли савол ва эътирозлар пайдо бўлган эди.

Сирдарёда милиция офицери... 12 минг сўм пора сўради

Сирдарё вилояти Боёвут тумани ИИБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими тезкор вакили, лейтенант Дилшод Комилов жиноятни ҳисобга олишни қасддан яшириш ва пора олиш жиноятларида айбланди (“Постда”, 8 апрель). Маиший масаладаги келишмовчилик боис фуқаро ИИБга мурожаат этади. Тезкор вакил Д.Комилов эса жиноятни ҳисобга олмаслик эвазига айбдор фуқародан 50 литр бензин талаб қилади. Савдолашувдан кейин фуқаро 30 литр бензин қуйиб беради. Милиция зобити, шунингдек, фуқародан уяли телефони ҳисобига 12 минг сўм ташлаб беришни ҳам талаб қилган. Фуқаро эса тезкор вакил Д.Комиловнинг ҳар бир гапини диктофонга ёзиб олган ва ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган. “Арзимаган манфаатдорлик эвазига хизмат мавқеини ер билан битта қилган” милиция тезкор вакилига тегишли жазо тайинланган.

XS
SM
MD
LG