Ўзбекистонликлар асосан нимадан ўлим топаётгани маълум бўлди. Чинозда яна бир “Аҳмадбой” қўлга олинди. Ўзбек қизлари хорижликларга турмушга чиқишига романтик орзулар сабаб ўлароқ кўрсатилди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
_____________________________________________________________
Ўзбекистонда одамлар кўпроқ нимадан вафот этиши маълум бўлди
Ўзбекистонда қайд этилаётган ўлим ҳолатларининг 63,8 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот нашрлари орқали хабар берган. Шунингдек, ўсимталар (9 фоиз), нафас олиш аъзолари касалликлари (5,1), бахтсиз ҳодисалар (4,3 фоиз) ҳамда юқумли касалликлар (1,4 фоиз) ўлимларга олиб келмоқда. Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-март ойларида мамлакатда 37,1 минг киши вафот этган. Бир ёшгача вафот этган чақалоқлар сони 1,6 минг нафарни ташкил қилган. Статистика идорасига кўра, мамлакат доимий аҳолиси сони жорий йил 1 апрелда 33 миллион 375,8 минг кишига етган. Шу тариқа йил бошидан буён аҳоли 120,3 минг кишига ёки 0,4 фоизга ўсган.
Чиноздан чиққан “янги Аҳмадбой” ҳам жиноий жавобгарликка тортилди
Молиявий пирамида ташкил қилишда айбланиб ҳибсга олинган чинозлик Аҳмадбой Турсунбоев жиноий иши ҳали якунига етмай туриб ушбу ҳудуддан унинг яна бир издоши чиқди (“Ҳуқуқ”, 2019 йил 16-сон). Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чиноз туман бўлими бошлиғи Азаматхон Сайдавутовга кўра, янги Аҳмадбой ҳам фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан олаверган. Аҳмадбойнинг издоши шу тариқа қисқа муддатда 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм йиғишга муваффақ бўлган. Йиғилган маблағни эса у “Samara Group” ва “Elegant Stroy” ширкатлари орқали легаллаштиришга уринган. Қолган пулларга эса кўчмас мулк объектлари харид қилган. Қайд этилишича, Аҳмадбойнинг издоши салкам 350 нафар шахсдан пул ва қимматбаҳо буюмлар олган. Фирибгарлик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби қатор жиноятларда айбланган “янги Аҳмадбой”га нисбатан тегишли жазо тайинлангани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Ўзбек қизлари романтик орзулар сабаб ажнабийларга турмушга чиқаётгани айтилди
Ўзбек қизлари хорижликларга романтик орзулар сабаб турмушга чиқмоқда (“Даракчи”, 25 апрель). Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси вакили Озода Исломова маълум қилган. “Улар чет элда яшасам, ҳеч нарсага зориқмайман, кинолардагидек романтик ҳаётга эга бўламан, деб ўйлаган. Лекин реал ҳаётда бунинг мутлақо акси бўлиб чиққан”, дейди О. Исломова. Қўмита вакили қизларнинг аксари моддий етишмовчилик сабаб ана шундай таваккал қарор қабул қилаётгани фактига эътибор қаратмаган.
Қайд этилишича, ўзбек қизларининг Туркия, БАА, Жанубий Корея, Хитой каби мамлакатларга турмушга чиқиши кўп кузатилмоқда. Хитой, Озарбойжон, Россия каби мамлакатларга турмушга чиққан ўзбек аёллари эса жисмоний ва руҳий зўравонлик қурбони бўлмоқда. Таъкидланишича, ажнабийларга турмушга чиқаётганлар орасида Наманган вилояти вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Хотин-қизлар қўмитаси аввалроқ чет элга келин бўлиб кетаётганларнинг рўйхати тузилиши ҳақида маълум қилган эди.