Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

OzodDayjest: Вазирлик ўқитувчилар кўча тозалаб, металлолом йиғаётганини тан олди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари бундан буён ўқитувчилар ҳашарга жалб қилинмаслигини айтмоқда. Давлат тилини билмаганларни ишга қабул қилмаслик таклиф этилди. Россияда мелисага пора беришга уринган ўзбекистонлик Бухорода жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Халқ таълими вазирлиги: Энди ўқитувчилар ҳашар ишларига мажбурланмайди

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар хизмат вазифасига кирмайдиган турли юмушларни қилишга мажбурланаётганини тан олди (“Оила даврасида”, 29 июнь). “Оила даврасида” газетаси 2017 йил 18 май сонида ўқитувчилар металлом йиғиш, кўча тозалаш ва бошқа ҳашар ишларига мажбурланаётгани, бу эса таълим сифатига салбий таъсир этаётганини танқид қилган. Орадан бир ой ўтиб, Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил қилиш бош бошқармаси бошлиғи Мақсуджон Юлдашев танқидий мақола юзасидан жавоб бериб, кўрсатилган ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ҳудудий бошқармаларга топшириқлар берилганини маълум қилган. “Жавобдан мутасаддилар мақолада келтириб ўтилган салбий ҳолатлар ҳақиқатлигини тан олгани аён. Шу ўринда кишини бир оғриқли савол ўйлантиради: шу пайтгача бундай адолатсизликлар борлигини билган, уларга панжа орасидан қараб, ўз тизими ходимлари манфаатларини ҳимоя қилмаган Халқ таълими вазирлиги бу муаммоларга барҳам берилишига эриша олармикан?” дея савол қўяди газета.

Давлат тилини билмаганлар ишга қабул қилинмасин!

Ўзбек тилига қонунан давлат тили мақоми берилганига салкам 30 йил бўлса-да, бу борада қатор муаммолар кузатилмоқда (“Жамият”, 23 июнь). Кундалик ҳаётда, оммавий ахборот воситалари ҳамда рекламаларда, шунингдек, таржималарда ўзбек тили қоидалари бузилаётгани кўп учрайди. Ҳаммасидан ҳам расмий ҳужжатлар адабий тил меъёрларига зид равишда тайёрланаётгани вазиятнинг нақадар жиддий эканини кўрсатади. Мақола муаллифи – Тошкент давлат юридик университети доценти Гулнора Ғуломовага кўра, ўзбек тили адабий меъёрларига риоя қилишни назорат қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитасини тиклаш, шунингдек, олий таълим муассасалари ўқув режасига соҳа тилининг ёзма кўникмаларини модул сифатида киритиш лозим. Қайд этилишича, ишга қабул қилишда номзоднинг она тилини билиш даражасини қатъий текшириш, давлат тилини мукаммал билмаганларни ишга олмаслик керак.

Россияда “ГАИ”га пора беришга уринган ўзбекистонлик йигит Бухорода жавобгарликка тортилди

Россия Федерациясининг Олтой ўлкасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига пора беришга уринган ўзбекистонлик йигит Бухорода жиноий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 29 июнь). Олтой ўлкасида киракашлик билан шуғулланган ўзбекистонликни йўл ҳаракати хизмати ходими хавфсизлик камарини тақмасдан юргани боис жаримага тортмоқчи бўлган. Ўзбекистон ватандоши эса 500 рубль пора эвазига жарима ёзмасликни илтимос қилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими эса бу ҳақда ваколатли органга хабар берган. Ўзбекистонлик йигитга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. У Россияни тарк этиб, Ўзбекистонга келган. Россия ваколатли органлари илтимосига кўра Ўзбекистон ватандоши ўз мамлакатида қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди ҳукмига кўра унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG