Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:54

OzodDayjest: Матбуот Тошкентни “дорихона наркоманияси” забт этганини ёзмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги яширин наркомания фош этилди. Темир йўл кассаларидаги найранглар юзасидан норозилик билдирилди. Журналист Карим Баҳриев ўзбек журналистикаси мақомини ошириш йўллари бўйича қарашлари билан ўртоқлашди.

________________________________________________

Тошкентни дорихона наркоманияси забт этгани фош этилди

Тошкент – кайфу сафода, шаҳарни “дорихона наркоманияси” забт этган (www.gazeta.uz, 27 июнь). Журналист Никита Макаренко суриштирувлардан сўнг ана шундай хулосага келган. Қайд этилишича, “Лирика” ва “Регапен” савдо белгилари остида сотилувчи эпилепсияга қарши прегабалин препарати, “Анданте” ёки “Селофен” номи билан танилган “Залеплон” уйқу дориси ҳамда худди шу номдаги таъсир қилувчи моддага эга “Тропикамид” кўз томчилари Тошкентдаги энг оммабоп дорихона наркотиклари ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига кўра, Прегабалин, Тропикамид ва Залеплон препаратлари фақат шифокор рецепти асосида сотилиши керак. Аммо амалда уларни катталар, ёшлар ва ҳатто мактаб ўқувчилари рецептсиз сотиб олмоқда ва оммавий равишда истеъмол қилмоқда.

“Одам учинчи-тўртинчи қабул қилишдаёқ Прегабалинга ўрганиб қолади. Кунига тўртта таблеткадан бошлаб, охири 14 тагача кўпайтиришади. Мен таблеткалар учун кунига 200 минг сўмдан сарфлардим. Тропикамиднинг бир флакони 70 минг сўм туради. Дорихона наркоманияси ўзига тўқ одамлар орасида тарқалган. Жуда кўп пул керак”, деган кўп йиллик тажрибага эга собиқ наркоман.

Темир йўл кассаларидаги найранг танқид қилинди

“Ўзбекистон темир йўллари” тизимидаги кассалардан арзон чипта олиш мушкул, сотувчилар фақат қиммат классга чипта қолганини айтади (“XXI аср”, 2019 йил 24-сон). Ҳолбуки, компания расмий сайти орқали текшириб кўрсангиз, сотилмаган чипталар кўп эканига амин бўласиз. Қайд этилишича, Тошкент темир йўл вокзалидаги кассирларга ҳамроҳингиз билан ёнма-ён жойга чипта беришини сўрангиз, улар қўрслик қилади. Поезд юргач эса, вагон кузатувчилари фалон минг сўм эвазига бизнес классга ўтказиб қўйишни таклиф этади. “Кимни алдаяпмиз: халқними ё Ҳақними? Давлатга хиёнат дегани шу эмасми аслида! Устига-устак турли важ-корсонларни кўрсатиб, темир йўлларимиз зарарга ишлаяпти деб, ҳар йили нарх-навони кўтариб ҳам қўямиз”, деб ёзади муаллиф.

Таниқли қаламкаш ўзбек журналистикаси мақомини ошириш йўлини айтди

Таниқли журналист Карим Баҳриев ўзбек журналистикаси мақомини ошириш йўлларини айтди (“Оила даврасида”, 27 июнь). Унга кўра, ОАВга доир қонунларнинг ижросига эришиш, мустақил ва ҳалол суд тизимини барпо этиш, ОАВ бизнесидаги чекловларни либераллаштириш, халқаро ташкилотларни Ўзбекистонга қайтариш ва сўз эркинлиги билан бирга сўз айтганларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш лозим. Ҳозир эса миллий журналистика иссиқ-совуқ сув ёки қайнона-келин муаммосини ёзиш даражасида қолмоқда. “Тоталитар жамиятда демократик матбуот бўлмайди, худди шунингдек, демократик жамиятда матбуот ибтидоий қолишининг иложи йўқ. Жамият демократлашмасдан туриб, унинг ичидаги матбуот демократлаша олмайди”, деб ҳисоблайди К. Баҳриев.

XS
SM
MD
LG