Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:22

OzodDayjest: Қашқадарёлик йигит ўзига турмушга чиқишга кўнмаган қизни пичоқлади


Шаҳрисабзлик йигит турмушга чиқиш таклифини рад этган қиздан ўч олди. Туябўғиз дам олиш масканида тўппончадан икки бор ўқ узилди. Андижонда тўрт кишини ўлдирган йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

_____________________________________________________________

Шаҳрисабзлик ошиқ йигит совчисини қайтарган қиздан ўч олди

​Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида яшовчи 31 ёшли йигит узоқ қариндоши бўлган қизга кўнгил қўяди ва уникига совчи юборади (“Ҳуқуқ”, 2 август). Йигитнинг онаси қизникига нон ва ширинликлар олиб келади, аммо рад жавобини эшитади. Бундан жаҳли чиққан ошиқ йигит дастлаб қиздан онаси олиб борган нон ва ширинликларни қайтаришни талаб қилади. Қиз майда-чуйдани қайтариб беради. Йигит эса қизга: “Бошқага турмушга чиқсанг, ўлдираман!” дея таҳдид қилади. Кейинроқ йигит ишдан қайтаётган қизни йўлда калтаклаб, пичоқлайди. Қашқадарё вилоят прокуратураси катта терговчиси Умид Жаҳонгировга кўра, исми ошкор этилмаган йигит 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қизнинг ҳаёти эса сақлаб қолинган.

Тошкент денгизида 26 яшар йигит икки кишини тўппончадан отиб жароҳатлади

Туябўғиз сум омбори, яъни Тошкент денгизи дам олиш масканида тўппончадан ўқ отилди (“XXI аср”, 2 август). Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи 26 яшар йигит автотураргоҳ ишчилари билан жанжаллашиб қолган ва шахсий пневматик тўппончасидан ўқ отиб, икки кишини жароҳатлаган. Сўнг воқеа жойидан қочиб кетган. Газетага кўра, жарақ-жарақ фойда олаётган дам олиш маскани маъмурияти одамлар хавфсизлиги учун ҳам керакли чораларни кўриши лозим.

Қайд этилишича, Тошкент денгизи дам олиш масканида нафақат хавфсизликни таъминлаш, сифатли хизмат кўрсатиш борасида ҳам муаммолар талайгина. “Соҳил бўйида ит эгасини танимайди… Бир тарафда янтоқ ўсган, ўртада алмисоқдан қолган аттракцион йиқилай-йиқилай деб турибди, ярим-яланғоч семиз киши йиртиқ материаллар тутилган ювиниш хонасида чайинмоқда. Оёқ остида писта пўчоқ, музқаймоқ қоғозлари, чала ёнган ўтинлар”, деб ёзади газета. Юзлаб одам чўмилаётган сунъий кўл суви ҳам ифлосланиб, бўтана бўлиб кетган.

Хотини ва ўғлини ўлдирган йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшовчи, ҳали 30 га кирмаган Азизбек Абдуқаюмов тўрт инсонни ўлдиришда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси А.Тўраев “Даракчи” нашри орқали маълум қилади. Киракашлик ортидан кун кўрган А.Абдуқаюмов Хўжаобод туманида турмушидан ажраб бир қизи билан яшаётган Феруза исмли аёл билан шаръий никоҳ асосида оила қурган. Жуфтлик ўғил фарзанд кўргач, уларнинг муносабати совуқлашган. Оилавий жанжалларнинг бирида жаҳл отига минган А.Абдуқаюмов дастлаб Ферузани бўғизлаган, кейин воқеага гувоҳ бўлиб қолган қайинсинглиси Наргизани, кейин хотинининг биринчи турмушидан туғилган қизи Гулчиройни ва ниҳоят бешикда ётган ўғли Муҳаммадалини ўлдирган. Сўнг жасадларни бир хонага тўплаб, ёқиб юборган. Очиқ суд мажлисида қотилликда айбланган А.Абдуқаюмов ғазаб устида нима қилганини англолмагани ва қилмишидан афсусда эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG