Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

Олийгоҳдаги битта ўрин учун 11,5 абитуриент


Ўзбекистон олийгоҳларига бу йил 663 мингдан кўпроқ абитуриент ҳужжат топширди. Ўзбекистонда биринчи ярим йиллик якунлари бўйича камчиликларга йўл қўйган айрим ҳокимликлар танқидга учради. Ўзбек нашрлари мамлакат аҳолисининг ҳайвонларга муносабати ҳамон ачинарли аҳволдалиги ёзмоқда.

Бу йилги имтиҳонда бир ўрин учун 11,5 абитуриент курашади

Жорий йил Ўзбекистон олий ўқув юртларига 663,2 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширди, бу битта ўрин учун 11,5 номзод кураш олиб боради деганидир (“Оила даврасида”, 28 июль). Давлат тест марказига кўра, энг кўп абитуриент Термиз давлат университетига (37,6 минг) ҳужжат топширган. Бир ўринга энг катта танлов эса Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида қайд этилди – 24,8 киши. Ўтган йили Ўзбекистон ОЎЮларига 606 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган ва бир ўрин учун 10,45 номзод кураш олиб борган.

Бир неча вилоят иқтисодий кўрсаткичлар боис танқидга учради

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича айрим вилоятларда камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар тарқатди. Масалан, Навоий вилоятидаги айрим туманларда хориж сармоясини жалб этиш борасида, Қашқадарёда енгил саноат, қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш борасидаги камчиликлар танқид қилинди. Шунингдек, Сурхондарёда 874, Жиззахда 689 та кичик бизнес субъекти, Наманганда 700 зиёд корхона фаолияти тўхтаган. Вилоят ҳокимлари ўтказган йиғилишларда камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилинган.

Ўзбекистонликларнинг ҳайвонларга муносабати ачинарли деб баҳоланди

Ўзбекистон аҳолисининг ҳайвонларга муносабати ҳамон ачинарли аҳволда (“Ҳуррият”, 27 июль). Негаки, жиноят ва маъмурий кодексларда асосан давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказганлик учун жазо белгиланган, аммо бошқа жониворлар муҳофазаси кўзда тутилмаган. Газетага кўра, ҳайвонларга бесабаб зарар етказган, уларни ўлдирган фуқароларга нисбатан маъмурий ва жиноий жазо қўллаш, ички ишлар тизимида экологик профилактика нозирлари штатини жорий этиш вақти келди. Қолаверса, аҳолига биоэтика масалаларини тушунтириш, ҳайвонларга тенг ҳуқуқли жонзот сифатида қараш, ҳайвонлар учун бошпаналар ташкил этиш тавсия этилган.

XS
SM
MD
LG