Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:41

OzodDayjest: Кирилл - асосий, лотин иккинчи алифбо?


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев президентга йўллаган мактубида она тилига эътибор сусайиб кетганидан ташвиш билдирди. Матбуот агентлиги раҳбари тарбияга “салбий таъсир”ли нашрларга қарши аёвсиз уруш эълон қилди. Прокуратура президент виртуал қабулхонасига келган мурожаатларга бепарволик билан ёндошаётган мансабдорларни жазоламоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеаларга эътибор қаратди.

_____________________________________________________________

Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев Президент Шавкат Мирзиёевга: Ўзбек тили ҳакка чўқигандек чучмал тилга айланаётганидан хавотирдамиз

Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб ўзбек тилига эътибор сусайиб кетганидан хавотир билдирди (“Китоб дунёси”, 9 август). “Кўча-кўйдаги пешлавҳаларга қарасангиз, Ўзбекистонда эмас, ажнабий юртда юргандексиз. Унда-бунда кўзга ташланадиган “Дорихона” ёки “Миллий таомлар” деган ёзувларгина қаерда эканингизни ёдга солади. Очиғи, она тилимизнинг мав­қеи ва келажаги билан боғлиқ хавотирли мулоҳазалар бисёр. Биз бугун ёшу каттадан инглиз тилини билишни талаб қиляпмиз-у, ўзбек тилига бепарвомиз. Ҳакка чўқигандек чучмал тил ва ранго-ранг шеваю лаҳжалар расмий-норасмий барча жабҳа-жараёнларга сингиб боряпти” дейилади мактубда. Она тили мавқеини кўтариш учун эса хорижий ва миллий тажриба асосида “Ўзбек тили жамияти” тузиш лозимлиги таъкидланади.

Мактубда, шунингдек, “ўта муҳим ва ғоят оғриқли муаммо” сифатида алифбо масаласига эътибор қаратилган. Қайд этилишича, лотин алифбоси ўзбек тили табиатига унчалик мувофиқ эмас ва шу боис мана, учинчи ўн йиллик тўлиб боряптики, кўпчилик ҳануз бу ёзувга мослаша олмаётир. Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев Президент Шавкат Мирзиёевга фурсат ўтмасидан кириллни – асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштиришни таклиф этади.

Матбуот агентлиги раҳбари тарбияга салбий таъсир кўрсатадиган хусусий нашрларга қарши аёвсиз уруш эълон қилди

Яқинда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори этиб тайинланган Лазиз Тангриев “Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз” номли мурожаат билан чиқди. Бир қатор матбуот нашрларида чоп этилган мурожаатга кўра, агентлик маънавиятга зарба бераётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситаларига қарши муросасиз уруш эълон қилган. “Энди уларни “қонунни бузманг” деган юмшоқ ва сип-силлиқ тақдимномалар юбориб, огоҳлантириш эмас, балки қилаётган номаъқулчиликларини кўрсатиб, халқимиз, жамоатчилик олдида изза қилиш фурсати етди”, деб ҳисоблайди агентлик раҳбари Л.Тангриев.

Президент виртуал қабулхонасига келган мурожаатларга бепарво расмийлар жазоланмоқда

Прокуратура идоралари Президент виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни кўриб чиқишга бепарволик қилаётган мансабдорларни жазолашда давом этмоқда. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабари қилади. Масалан, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳокимлиги 23 нафар фуқаронинг мурожаатларини кўриб чиқишни кечиктирган. Бахт шаҳри ва Сирдарё тумани ҳокимлиги томонидан ҳам бу каби қонунбузарликларга йўл қўйилган. Қайд этилишича, зикр этилган ҳудудлар ҳоким ўринбосарлари маъмурий жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG