Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:26

OzodDayjest: Ўзбекистондаги юзлаб тарихий обида кўнгилдагидек муҳофаза этилмаяпти


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги 260 га яқин тарихий обидага жиддий зарар етказилган. “Агробанк”даги коррупция занжири фош этилди. Китоб туманида юз берган ёнғинда икки қизалоқ нобуд бўлди.

_____________________________________________________________

Маданият вазири: Ўзбекистондаги кўплаб тарихий обидаларга жиддий зарар етказилган

Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги тарихий обидалар кўнгилдагидек муҳофаза этилмаётир (“Оила даврасида”, 11 октябрь). Бу ҳақда Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев маълум қилган. “Довруғи етти иқлимга етган ана шу бойликларни етарлича асраб-авайлай олмаяпмиз. Сабаби – эътиборсизлик, лоқайдлик. Айниқса, бу борада Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳудудий бошқармалари ишида ташаббускорлик, замон билан ҳамқадамлик, силжиш умуман сезилмаяпти” деган Б.Сайфуллаев. Вазирга кўра, мамлакат бўйича 259 та объект жиддий тарзда шикастланган. Биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ана шундай объектларнинг 19 таси бузиб юборилган. Самарқанддаги Бибихоним мақбараси таъмири ҳам чўзилиб кетган. Ваҳоланки, таъмирга 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Фарғона водийсидаги Мингтепа археологик ёдгорлиги кўр-кўрона хусусий тадбиркорга бериб юборилган.

“Агробанк”нинг туман филиалидан республика бошқарувига қадар боғланган коррупция фош қилинди

“Агробанк”нинг туман филиалида очилган порахўрлик занжири республика бошқарувига бориб уланган экан (“Ҳуқуқ”, 11 октябрь). Фарғона вилояти Сўх туманида фаолият юритувчи тадбиркор И.Аловуддинов “Агробанк”нинг туман филиалига кредит сўраб мурожаат қилган. Филиал раҳбари ўринбосари Ш.Ҳалимов тадбиркордан 1500 доллар талаб қилган. Пора устида ушланган туман филиали раҳбари ўринбосари бу пулдан банкнинг Фарғона вилоят бошқармаси кредит бўлими бошлиғига ҳам улуш берилиши кўзда тутилганини маълум қилган. Вилоят бошқармаси кредит бўлими бошлиғи С.Қўлдошев ҳам такси ҳайдовчилари орқали 1000 долларни олганда ушлаган. Ўз навбатида, С.Қўлдошев порани вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари талабига кўра олгани ва жиноятни очишда ёрдам беришини маълум қилган. “Агробанк”нинг вилоят бошқармаси раҳбари ўринбосари Х.Мамадалиев бўлим бошлиғи С.Қўлдошевдан 1000 доллар пора олаётганда ушланган. Ўз навбатида, Х.Мамадалиев кредит ажратиш масаласида банкнинг республика бошқаруви кредитлаш департаменти бош мутахассиси О.Юсупов билан гаплашганини айтган. О.Юсупов ҳам киракашлар орқали юборилган 1300 доллар порани олаётганда Тошкентда ушланган.

Қашқадарёда газ плитасидан чиққан ёнғинда икки қизча нобуд бўлди

Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Истиқлол” маҳалласи 38-уйда 8 октябрь куни соат 10:04 ларда газ плитасининг носозлиги сабабли ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши юз берган. “Даракчи” нашрининг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, рўй берган ёнғин оқибатида хонадон эгасининг 2 ва 5 ёшли набиралари вафот этган, уй эгасининг келини эса 40-45 фоиз термик куйиш жароҳати билан туман шифохонасига ётқизилган. Ушбу ҳолат юзасидан терговолди текширувлар олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини газ воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирган. Мамлакатда газ билан боғлиқ фожиалар куз-қиш мавсумида кўпроқ кузатилади.

XS
SM
MD
LG