Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:20

OzodDayjest: “Миллий тикланиш” партияси раиси Евроосиё иқтисодий иттифоқини “иккинчи СССР” деб атади


Евроосиё иқтисодий иттифоқи логоси (иллюстратив сурат).
Евроосиё иқтисодий иттифоқи логоси (иллюстратив сурат).

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши миллий суверенитетга таҳдид ўлароқ баҳоланди. Буйраги трансплантация қилинган беморлар соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси ёнида намойиш ўтказди. Расмийларга аутизмга чалинган болаларга эътибор қаратиш лозимлиги эслатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистоннинг Кремль етакчилигидаги тузилмага қўшилиши “ниҳоятда қалтис қадам” деб баҳоланди


“Маъно” тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори, сиёсатшунос Бахтиёр Эргашев Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишини миллий суверенитетга таҳдид, деб баҳолади (“Ёшлар овози”, 9 октябрь).

“Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш де-факто Ўзбекистон ташқи сиёсатида шу кунгача устувор бўлиб келган муҳим тамойилнинг завол топишига олиб келади. Гап шундаки, Ўзбекистон дунёдаги улкан ва қудратли давлатлар – АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамиша масофа сақлаб келган. На у томон, на бу томонга ён босган. Бундай оқилона сиёсат ташқи муносабатларнинг бошқа субъектлари томонидан ҳурмат қилинган ва қадрланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш эса ўз-ўзидан муайян томонга оғишни англатади. Бу эса сиёсий имижимизга путур етказиши мумкин”, деган сиёсатшунос.

Экспертга кўра, Марказий Осиёда ҳар жиҳатдан марказий ўрин тутадиган Ўзбекистондек давлатнинг Россия етакчилигидаги геосиёсий тузилмага қўшилиши ниҳоятда қалтис қадам ҳисобланади.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ҳам Kun.uz нашрига ЕОИИ борасида танқидий мулоҳаза билдирган.

“Евроосиё иқтисодий иттифоқи – номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот. Буни бугун ҳеч кимдан яшириб бўлмайди… Буни кескинроқ тарзда иккинчи СССР деса ҳам бўлади”, деган партия етакчиси.

Доридан аҳволи оғирлашган ўнлаб бемор соғлиқни сақлаш вазирлигига “юриш” қилди


Буйраги трансплантация қилинган беморлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят билан борди (www.togri.uz, 3 октябрь). Бир муддат аввал вазирлик беморларга одатда текин бериладиган “Pangraf” дорисини “Poligraf”га алиштирган. Аммо янги дорини ичган 20 нафардан ортиқ беморнинг аҳволи оғирлашган. Мамлакатнинг турли вилоятларидан норози бўлиб келган беморлар “Poligraf” дориси салбий таъсир қилаётганидан арз қилган. Йиғилганлар, шунингдек, текин дори вақтида берилмаётганидан ҳам ташвиш билдирганлар.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев вазиятни ўрганиш учун вақт кераклигини айтган.

Беморларга кўра, трансплантациядан сўнг умрининг сўнгигача ичиладиган дорини уч кун ичмаслик инсон ҳаётини хавф остида қолдиради. Доимий ичиладиган дорининг бир йилда уч марта ўзгартириш эса саратонга олиб келади.

Ҳукуматга аутизмга чалинган болаларга эътибор қаратиш лозимлиги эслатилди


Ўзбекистонда кенг жамоатчилик болалардаги аутизм хасталиги ҳақида ҳатто эшитмаган (UzAnalytics нашри, 2 октябрь). “Статистик маълумотлар йўқ. Республика болалар ижтимоий мослашув маркази рўйхатига 400 аутист бола киритилган, лекин шахсан ўзим аутист фарзанди бор 1000 га яқин оилани биламан. Аслида улар бундан ҳам кўп, аммо ота-оналар бу каби фарзандларини бекитиб юради. Энг муҳими, “аутизм” синдромига ташхис қўйиб берадиган мутахассислар деярли йўқ”, дейди тошкентлик мутахассис Фарҳод Ортиқбоев. Аутизмга чалинган болалар махсус мактабларни битиргандан сўнг ҳатто университетларга ҳам кира олмайди. Ф.Ортиқбоевга кўра, бу камситишдан бошқа нарса эмас.

“Давлат даражасида кўп ишлар қилиниши керак. Мутахассислар Ўзбекистонда асосан ота-оналар фарзандлари инклюзияси учун курашаётгани ҳақидаги фикрда якдилдир. Ҳукумат уларнинг овозини эшитиши зарур”, дейилади мақолада.

XS
SM
MD
LG