Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:00

Катта харажат билан тўй қилган оила “кафангадо” бўлди


Бухорода пахта ўғрилиги билан боғлиқ жиноятлар фош этилди. Катта харажат билан тўй қилган оила уйини сотишга мажбур бўлди. Масъуллар истеъмолчиларни сут маҳсулотларини сотиб олишда хушёрликка чақирмоқда.

________________________________________________________________

Бухорода пахта ўғрилари ушланди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида пахта ўғрилиги билан боғлиқ икки жиноят фош этилди (“Постда”, 8 октябрь). Шу туманнинг Искогаре қишлоғида яшовчи уч нафар фуқаро “Аббос Абдураҳмон Баҳриддин” фермер хўжалигига қарашли бир тонна пахтани тунда “Форд” русумли автомашинада ўғирлаб кетаётганда ушланган. Шу каби жиноят Жўнав қишлоғида ҳам қайд этилган. Хабарга кўра, пахта ўғрилиги ички ишлар ва маҳалла вакиллари жонбозлиги туфайли фош этилган.

Тўй туфайли уйини сотганлар

Тошкентда катта харажат билан қизини узатган эр-хотин тўйдан кейин уйини сотиб, ижарада яшамоқда (“Ҳуррият”, 12 октябрь). Тўй эгалари келинга мебель олиш учун банкдан каттагина кредит олган, аммо уни тўлай олмай, яшаб турган уйини сотишга мажбур бўлган. “Тўй қилиб, яшаб турган бошпанасидан айрилган кишиларни бу ўринда айблашимиз балки унчалик тўғри эмасдир. Аммо баланд дорга осилиб, манманлик касалига чалиниш туфайли кафангадо бўлишни асло-асло оқлаб бўлмайди”, деб ёзади газета. Муаллифга кўра, тўйларни ўтказишда маҳалла фуқаролар йиғини ташаббусни қўлга олиши, маҳалла раислари тўйдан аввал тўй эгасининг режа ва мўлжалини батафсил билиши лозим.

Тошкентда муддати ўтган сут маҳсулотлари сотиш ҳолатларига санитария-эпидемиология хизмати муносабат билдирди

Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларидаги савдо шахобчаларида сифатсиз ёки муддати ўтган сут маҳсулотларини сотиш ҳолатлари кузатилди (“Оила даврасида”, 13 октябрь). Бу борада суриштирув ўтказган газета мухбирига кўра, сифатсиз ёки муддати ўтган сут маҳсулотлари сотиш ўндан зиёд дўконда қайд этилган. “Бугунги кунда назорат мувофиқлаштирувчи кенгаш рухсати билан амалга оширилади. Бу дегани назорат ходими исталган жойга бориб, текширув ўтказиш ваколатига эга эмас. Бундай текширувларни 4 йилда бир мартада амалга ошириш белгиланган”, деди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази вакили Қамариддин Боқиев. Овқатланиш гигииенасига масъул ходим бу борада истеъмолчиларни ҳушёрликка чақирган. Хабарга кўра, республика божхона идоралари 2016 йилнинг биринчи ярмида 437 миллион сўмдан зиёд сут ва сут маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйган.

XS
SM
MD
LG