Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:56

OzodDayjest: Қишлоқларда сомсахона бор, кутубхона йўқ


Бандликка кўмаклашиш марказлари хўжакўрсинга ишлаётгани танқид қилинди. Самарқанднинг Каттақўрғонида айрим раҳбарлар аҳоли мурожаатини эътиборсиз қолдирмоқда. Ўзбекистондаги қишлоқларда чойхонаю сомсахоналар бор, лекин кутубхоналар йўқ.

_____________________________________________________________

Бандликка кўмаклашиш марказлари хўжакўрсинга фаолият юритмоқда

Ўзбекистондаги бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятидан аҳоли қониқмаяпти (“Даракчи”, 2 ноябрь). Газета ўтказган ижтимоий сўров чоғида кўпчилик бундай марказлар хўжакўрсинга фаолият юритаётганини танқид қилган. Бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти “статистикадан бошқасига ярамайди”, дея баҳоланган. Қолаверса, мазкур марказлар таклиф этаётган иш ўринлари маоши жуда камлиги иш излаётганларга маъқул келмаётир. Масалан, ўрта махсус маълумотлиларга таклиф этилаётган иш ўринлари учун ойлик маош миқдори 600 минг сўмга ҳам бормайди. Шу боис ишсизлар бандликка кўмаклашиш марказлари таклиф этаётган ўринларни рад этиб, бошқа давлатлардан иш изламоқда.

Самарқандда раҳбарлар халқ мурожаатига эътиборсизлик ва сансалорликка йўл қўймоқда

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги айрим мутасадди ташкилот раҳбарлари халқ мурожаатига эътиборсизлик ва сансалорликка йўл қўймоқда (“Жамият”, 27 октябрь). Масалан, Сиплон қишлоғида яшовчи Дилшода Содиқованинг 2017 йил 22 мартда рўйхатга олинган ёки Чиғатой маҳалласида яшовчи Абдумалик Муродуллаевнинг 17 апрелда рўйхатга олинган мурожаатига ярим йилдан ошса-да, жавоб берилмаган. “Мурожаатларга юзаки қараш, унинг туб моҳияти билан қизиқмаслик, муаммоларнинг ечимини излаш ўрнига уни яшириш каби ҳолатларга қандай баҳо беришни билмайсан киши... Бугун айрим мутасадди раҳбарлар фуқароларнинг муаммолари юзасидан шахсий жавобгарликни унутиб қўяётгани ҳам сир эмас. Бундай раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмас экан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ғояларини амалда рўёбга чиқариш қийин бўлиб қолаверади”, дейди Ўзбекистон президентининг Каттақўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Аслиддин Муродов.

Президент фармойиши бажарилмаяпти: қишлоқларда сомсахона бор-у, лекин кутубхона йўқ

Ўзбекистон президенти китобхонлик маданиятини ошириш бўйича фармойиш эълон қилганига 10 ойдан ошган бўлса-да, қишлоқ ва маҳаллаларда ҳамон кутубхоналар очилгани йўқ (“XXI аср”, 2 ноябрь). Президент кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қарор ҳам имзолаган. “Ижрога бевосита масъул ташкилот ва муассасалар, маҳаллий ўзини ўзи бошқараш органлари, сиёсий партиялар, кўп сонли депутатлар, кенг жамоатчилик бу ишга етарли даражада киришмаётгани кишида ташвиш туғдиради”, деб ёзади Либерал-демократик партия газетаси. Қайд этилишича, қишлоқларда ошхонаю чойхона, сомсахонаю сартарошхона бор, аммо кутубхона анқонинг уруғи бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG