Линклар

 
OzodDayjest: Фарғонада норасида қизини фоҳишаликка мажбурлаган аёл қамалди
Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:48

OzodDayjest: Фарғонада норасида қизини фоҳишаликка мажбурлаган аёл қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Олий Мажлис депутати санитарияга оид 200 та ҳужжатнинг бор-йўғи 8 таси давлат тилида эканини танқид қилди. Бешариқда вояга етмаган қизини фоҳишаликка мажбурлаган аёл 10 ярим йилга қамалди. Қуйичирчиқликлар чорвага ҳам бериш мумкин бўлмаган сувни истеъмол қилмоқда.

_____________________________________________________________

Депутат: Санитарияга оид 200 та ҳужжатнинг бор-йўғи 8 таси давлат тилида қабул қилинган

Ўзбекистонда санитарияга оид 200 та ҳужжатнинг бор-йўғи 8 таси давлат тилида қабул қилинган (“XXI аср”, 1 ноябрь). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бу ҳақда маълум қилар экан, давлат тилида қабул қилинмаган тартиб-қоидаларни бузганлик учун жисмоний ёки юридик шахсларнинг жаримага тортилиши қанчалик асосли эканини савол остига олади. Мазкур масалада у Адлия вазирлигига депутатлик сўрови юборган. Вазирлик аксар ҳужжатлар давлат тилида қабул қилинмагани фактини тан олган. Шундан кейин ўша ҳужжатларнинг амалда бўлиши қанчалик тўғрилиги юзасидан Конституциявий судга мурожаат йўлланган. Депутатга кўра, агар Конституциявий суд давлат тилида бўлмаган ҳужжатларнинг амал қилишини қонунга зид деб топса, шу вақтга қадар ўша ҳужжатлар талаби асосида жаримага тортилганлар ноҳақ жазоланган бўлиб чиқади.

14 ёшли қизини фоҳишаликка мажбурлаган аёл 10,6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 39 ёшли Ф.Д. мудҳиш жиноятда айбдор деб топилди (“Даракчи”, 1 ноябрь). Исми ошкор этилмаган аёл 2017 йил июнь, август ва сентябрь ойлари давомида 14 ёшли қизини турли эркаклар билан жинсий яқинликка мажбурлаган. Вояга етмаган қизини фоҳишаликка мажбурлаш ортидан ҳар гал 30 минг сўмдан даромад олган. Туман шифохонасидаги текширув чоғи қизча 17-18 ҳафталик ҳомиладор экани аниқланган ва акушер-гинеколог тавсия қилган дори асосида ҳомила туширилган. Психологик-психиатрия экспертизаси хулосасида қайд этилишича, онаси томонидан жинсий алоқага мажбурланган 14 ёшли қиз ақлий заифлиги сабабли ўзига нисбатан қилинган жинсий тажовузларнинг моҳиятини тушунмаган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси Беҳзод Эргашевга кўра, қизчанинг онаси Ф.Д. 10,6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қизчанинг номусига теккан шахслар ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Қуйичирчиқ аҳолиси чорвага ҳам бериш мумкин бўлмаган сувни истеъмол қилмоқда

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани М.Отажонов маҳалласида яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви тақчиллигидан азият чекмоқда (“Жамият”, 26 октябрь). Кўп сонли аҳоли қўлбола қудуқдан сув олиб ичади. Аммо қудуқ сувига оқова сув қўшилиб кетгани боис аҳоли орасида ички касалликлар кўпаймоқда. Болаларда эса гижжа кенг тарқалган. Ифлосланган сувни қайнатиб ҳам ичиш мумкин эмас. Қайд этилишича, қуйичирчиқликлар истеъмол қилаётган сувдан намуна олиб мутахассисларга текширтилганида, улар “сувда зарарли микроб кўп, уни ҳатто чорвага ҳам бериш мумкин эмас”, дея хулоса берган. Маҳаллий аҳоли сув нархи сут билан тенглашиб қолгани, тоза сув сотиб олишга оддий оилаларнинг қурби етмаслигидан шикоят қилган. “Нега минглаб аҳоли зарарли сувни ичяпти-ю, ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ?!” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

XS
SM
MD
LG