Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:24

OzodDayjest: Тошкентда милиция зобити айбсиз ватандошни машинасига наша ташлаб қаматтирди


Наша кўчати (иллюстратив сурат).
Наша кўчати (иллюстратив сурат).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фарзандининг таълим олишига бепарво ота-оналарга жазони кучайтирмоқчи. Янгийўл тумани ИИБ тезкор вакили икки ўзбекистонликни сохта айблов билан қаматтириб юборгани фош этилди. ИИВ вакили “самосуд” ҳолати кўпаяётганига муносабат билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Қонунчиликка фарзанди ўқишига бепарво ота-оналарни қамаш жазоси киритилиши таклиф этилаяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фарзандининг таълим олишига бепарво бўлган ота-оналарга жазони кучайтиришни таклиф этмоқда (“XXI аср”, 16 ноябрь). Ҳозирда бундай ҳуқуқбузарликда айбланган ота-оналарга жарима кўзда тутилган. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини 15 суткагача қамоқ жазоси билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Депутат Одинахон Жамолдиновага кўра, бу келгусида ота-оналарнинг фарзанди олдидаги масъулияти ошишига хизмат қилади. Қайд этилишича, 2017 йилнинг биргина сентябрь ойида республика бўйича 14 мингга яқин ўқувчи сабабсиз дарс қолдирган. 263 нафар мактаб ва 1000 нафардан зиёд коллеж ўқувчиси чет элга чиқиб кетган.

Тошкент вилоятида милиция тезкор вакили айбсиз ватандошларга туҳмат қилиб қаматтиргани аниқланди

Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБ тезкор вакили, капитан Азиз Юнусов икки ўзбекистонликни сохта айблов билан қаматтириб юборгани фош этилди (“Постда”, 11 ноябрь). Тезкор вакил А.Юнусов гиёҳвандлик воситасини сақлаш бўйича жиноий иш очишга қарор қилади ва бу йўлда шу туманда яшовчи Ю.Зиёда ва Б.Матлуба исмли аёллар билан тил бириктиради. Милиция офицери гугурт қутисига солинган гиёҳвандлик воситасини икки аёлга беради. Йўловчи қиёфасида шу туманда яшовчи Фахриддин Абдуваҳобовнинг машинасига чиққан аёллар қутини машинага ташлаб қўйишади. Аввалдан тузилган режага кўра, тезкор вакил А.Юнусов Ф.Абдуваҳобовга тегишли машинани “Регистон” постида тўхтатади ва ундан наркотик модда “топади”. Ф.Абдуваҳобов айбсизлигини ҳар қанча такрорламасин, унга қарши жиноий иш очилади ва унга суд томонидан жазо тайинланади. Маълум вақт ўтганидан кейин виждон азобида қийналган Б.Матлуба милиция вакили билан бирга жиноий ишни уюштиришганини прокуратурага маълум қилади. Тергов жараёнида милиция капитани А.Юнусов аввал ҳам бошқа бир ватандошни туҳмат билан қаматтириб юборгани аниқланади. Унга 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангани хабар қилинган.

ИИВ вакили: Фарғонада “самосуд” қилган шахсларнинг жиноий иши судга топширилди

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник А.Алламурадов мамлакатда “самосуд” – ватандошларнинг ўзбошимчалик билан жазога тортилиши ҳолати кўпайиб бораётганини салбий баҳолади (“Даракчи”, 16 ноябрь). ИИВ вакилига кўра, айби бор ёки йўқлигини билмасдан, ўзбошимчалик билан шахсларни жазолаш ҳаракатлари Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра таъқиб этилади. ИИВ вакили “самосуд” қилаётганлар жазосиз қолмаслигига мисол сифатида бир неча ой аввал Фарғона шаҳрида юз берган воқеани келтирган. Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда тўрт-беш нафар йигит бошқа бир йигитни гейликда айблаб жазолаётгани акс этган видео тарқалган эди. Подполковник А.Алламуродовга кўра, ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга очилган тергов яқинда якунланган ва жиноий иш судга топширилган. ИИВ вакили инсон таҳқирлаган акс этган видеоларни тарқатувчилар ҳам жазоланишини эслатиб ўтган.

XS
SM
MD
LG