Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:05

OzodDayjest: Хоразмлик аёл эрини ҳовлига кўмиб, устида тўй қилди


Урганчда эрини ўлдириб, ҳовлисига кўмиб юборган аёл 13 йилга қамалди. Прокуратура “Лирика”га қарши курашни кучайтирмоқда. Ўзбекистонда жами жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Икки йил аввал “чет элга ишлагани кетган” эркак хотини томонидан ўлдириб юборилгани аниқланди

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшовчи аёл эрини ўлдириб, ҳовлига кўмгани фош қилинди (“Даракчи”, 23 ноябрь). Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси Улуғбек Бактурдиевга кўра, жиноят асли 2015 йилнинг 2 ноябрида рўй берган ва орадан икки йил ўтганидан кейингина очилди. Исми ошкор этилмаган аёл маст ҳолдаги эри билан жанжаллашиб қолган ва уни болта билан уриб ўлдирган. Кейин жасадни ҳовлига кўмган, устидан бетон ётқиздириб, тандир қурдирган. Яқинларига эса эри чет элга ишлагани кетганини айтган. Шу тариқа аёл эри дафн этилган ҳовлида икки қизига тўй қилган. Орадан икки йил ўтса-да, акасидан дарак йўқлигидан шубҳаланган марҳумнинг синглиси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Тергов-суриштирув жараёнида қотилликни марҳумнинг хотини амалга оширгани ва бу ишдан қизлари ҳам хабардор бўлгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди қотил аёлга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Прокуратура “лирика”чи жиноий гуруҳни ушлади

Прокуратура идоралари “Лирика” ва “Трамадол” каби психофаол дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашни кучайтирмоқда (“Ҳуқуқ”, 23 ноябрь). Беш нафар ўзбекистонлик мазкур дори воситаларини қўшни давлатлардан айланма йўллари билан олиб келиб, ҳар бир қутисини 50-100 доллардан сотиб келгани аниқланган. Харидор топишда гуруҳга Тошкентдаги дорихоналардан бирида ишловчи аёл ёрдам берган. Прокуратура вакиллари жиноий гуруҳдан 331,3 миллион сўмлик “Лирика” ва “Трамадол” дориларини олиб қўйган ва уларга иш қўзғатган. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мазкур дори воситалари фақат шифокор рецепти билан белгиланган жойларда сотилади. Аммо мўмай даромад топиш мақсадида уларни ноқонуний сотувчи гуруҳлар ҳам мавжуд. Ушбу дори воситаларини доимий истеъмол қилган одам наркотик моддалар каби уларга буткул қарам бўлиб қолади.

ИИВ нашри: 10 ой ичида 22 минг нафар ёшлар жиноятга қўл ургани ташвишланарлидир

Жорий йилнинг 10 ойи ичида Ўзбекистонда 22 минг нафар ёшлар жиноятга қўл урган (“Постда”, 18 ноябрь). Бу мамлакат бўйича қайд этилган жами жиноятларнинг учдан бири демакдир. Ички ишлар вазирлиги нашри бу ҳолни, хусусан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан эса 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилгани ташвишланарли дея баҳолаган. Қайд этилишича, ишсизликни бартараф этмай туриб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Таҳлиллар жиноят содир этган шахсларнинг ҳар тўрттадан биттаси ишсиз эканини кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG