Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:56

Олмалиқда шифокорлар масъулиятсизлиги туфайли эгизак туққан аёл оламдан ўтди


Ўзбекистон бўйича ёнғинларда ҳар йили 140 нафардан ортиқ инсон дунёдан кўз юммоқда. Ота-онасини қариялар уйига “сургун” қилган фарзандлар инсофга чақирилди. Эгизак туққан аёлнинг вафотига сабаб бўлган шифокорлар маҳкамага тортилди.

________________________________________________________________

Ўзбекистон бўйича ёнғинларда ҳар йили 140 нафардан ортиқ инсон дунёдан кўз юмади

Ўзбекистон бўйича ҳар йили рўй бераётган 13 мингдан ортиқ ёнғин оқибатида 500 нафардан ортиқ фуқаро жароҳат олиб, 140 нафардан зиёд фуқаро дунёдан кўз юммоқда (“Постда”, 19 ноябрь). Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси вакили Мирюсуф Ғуломовга кўра, ёнғинлардан кўриладиган моддий зарар бир неча миллиард сўмдан ошади. Ёнғинларнинг аксари электр симлари ва кабелларидаги қисқа туташувлар натижасида юзага келаётир.

Ота-онасини қариялар уйига “сургун” қилган фарзандлар инсофга чақирилди

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида фарзандсиз қариялар билан бирга, ўғил-қизлари оқибатсизлик қилган қариялар ҳам бор (“Оила даврасида”, 24 ноябрь). Пансионат ходими Ойгул Муҳаммадиева бу даргоҳдаги қариялар уйда фарзандлар ва неваралар даврасида яшашни орзу қилишини айтган. “Фарзанд номига номуносиб кимсалар кексайиб, мурувват ва қадрга муҳтож бўлиб қолган ота-онани қариялар уйи каби маҳзун гўшаларга “сургун” қилишдан олдин бу ишнинг оқибатини чуқурроқ ўйлаб кўришса, унинг дунёга келишига сабабчи бўлган мўътабар инсонлар жигаргўшалари қилмишидан азият чекиб ўтирмаган бўлармиди?..” дея ноқобил фарзандларни инсофга чақиради муаллиф.

Олмалиқ туғруқ комплексида шифокорларнинг масъулиятсизлиги сабабли эгизак туққан аёл вафот этди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри туғруқхонасида эгизак фарзанд дунё келтирган аёл вафот этди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, воқеа 2015 йил 18 январда рўй берган. Тошкент вилояти прокуратураси марҳуманинг онаси Муҳаббат Шодиеванинг аризасига биноан мазкур ҳолатни текшириб, аёлнинг вафотига шифокорларнинг масъулиятсизлиги ва совуққонлиги билан қарагани сабаб бўлганини аниқлаган. Ушбу ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар туғруқ комплекси бош шифокори ўринбосари Б.А., шифокорлар Н.М., З.С. ва И.А.лар Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбланиб, жазога тортилган.

Профессор Эркин Юсупов: Ўзбекистонда фан доктори илмий даражасини бериш тартиби талабга жавоб бермайди

Ўзбекистонда айни пайтда амалга бўлган фан доктори илмий даражасини бериш тартиби талабга жавоб бермайди, деб ҳисоблайди Тошкент давлат аграр университети профессори Эркин Юсупов (“Ҳуррият”, 23 ноябрь). Профессорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси қарори билан тасдиқланган тартиб диссертациялар сифати, илмий аҳамиятини ошириш талабига мувофиқ эмас. Масалан, мазкур тартибга кўра, доктор илмий даражасига даъвогар хорижий мамлакатда 2 та мақола чиқариши керак. Профессор Э. Юсуповга кўра эса, хорижда мақола чиқариш учун 500-3000 АҚШ долларилик тўловни чекка қишлоқдан ёки оддий оиладан чиққан иқтидорли мутахассис амалга ошира олмайди. “Яна фаннинг куни иқтидорли ва интеллектуал салоҳиятли ёш мутахассисларга эмас, балки таниш-билиши бор ёки молиявий имконияти мавжуд бўлган, фанга қизиқиши бўлмаган фуқаролар учун қўл келмайдими, деган шубҳага асос бўлади”, деб ёзади муаллиф.

XS
SM
MD
LG