Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Тошкентлик хўранда куйдиргидан вафот этди


Ўзбекистон пойтахтида куйдирги касаллиги қайд этилди. Сурхондарёда қадимий суратлар йўқолиш хавфи остида қолмоқда. Наманганда уч асрни кўрган онахон истиқомат қилади.

________________________________________________________________

Тошкентдаги умумий овқатланиш масканларида заҳарланиш кўп қайд этилмоқда

Тошкентдаги ўлимга олиб келган заҳарланиш ҳолати қайд этилди (“Даракчи”, 1 декабрь). Хусусан, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Эзгу таом” ошхонасида овқатланиб, тоби қочган фуқаро куйдирги касаллиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Санитария-гигиена қоидалари муттасил бузиб келинган ошхона расман ёпилганидан кейин ҳам унинг раҳбарлари хўрандаларга яширин хизмат кўрсатишга уринган. Шунингдек, Миробод туманида жойлашган “Амарафуд” умумий овқатланиш шахобчасида тайёрланган сендвичдан 9 киши, Чилонзор туманидаги “Свит-чикен-фуд” кафесида тайёрланган жўжа гўштидан 3 киши заҳарланган. Қолаверса, Тошкент бўйича беш нафар бола “Тўхтаниёз ота” фирмаси ишлаб чиқарган сосискадан заҳарлангани аниқланган. Мазкур фирма раҳбари Мухтор Тўхтаниёзов заҳарланишга сосискага натрий нитрит моддаси кўпроқ қўшилгани сабаб бўлганини айтган.

Мутахассис: Зараутсойдаги 4000 йиллик қоятош суратларини қутқариб қолиш керак

Сурхондарё вилоятининг Зараутсой дараси ва қоятошларидаги қадимий суратлар йўқолиш хавфи остида қолмоқда (“Ҳуррият”, 30 ноябрь). “Фалокат кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Бу ноёб санъатнинг биздан мадад сўраётганига ярим асрдан ошди”, дейди Шеробод туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Мансур Бодиев. 1976 йили камарда 88 та сурат рўйхатга олинган бўлса, 2001 йилга келиб унинг 40 таси қолган. “Ноёб тасвирларнинг йўқолиб кетишига асосан инсон омили сабаб бўлмоқда. Бу ерга келаётган “ёввойи сайёҳлар” қадимий суратлар устига ёзиб, чизиб, учли буюм билан тирнаб, ўзларидан “дастхат” қолдиришмоқда”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, Зараутсой дарасидаги суратлар 4000 йиллик тарихга эга бўлиб, уларнинг энг қадимийси юқори палеолит даврига хосдир.

118 ёшли Саъдияхон момо – дунёнинг энг кекса аёлларидан бири

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Ибрат маҳалласида 118 ёшли Саъдияхон Иномова истиқомат қилади. “Даракчи” нашрига кўра, уч асрни кўрган онахон дунёнинг энг кекса аёлларидан биридир. 1897 йилда туғилган Саъдияхон Иномова 4 қиз ва 4 ўғилни вояга етказган. Унинг набираю чеваралари эса бир маҳалла. Саъдияхон момо 64 нафар набира, 80 нафар чевара, 90 нафар эвара ва 2 нафар бегонанинг бувиси саналади. Қайд этилишича, онахон бутун умр “Сен бермагин бировга озор, сенга ҳам озор бергувчилар бор” деган ҳикматга риоя қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG