Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Вилоятларда кўмир нархи 6 бараварга қимматлади


Ўзбекистон вилоятларида кўмир нархи 150 мингдан 900 минг сўмга кўтарилди. Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан бири подвалидан илонлар ини топилди. Ўзбек олимлари ихтироси қоғоз нархини арзонлаштириши мумкин.

________________________________________________________________

Вилоятларда кўмир чайқовчилар қўлига ўтиб кетмоқда

Ҳаво ҳарорати пасайиши билан вилоятларда кўмирнинг қадри олтинга тенглашмоқда, талаб кучли эканидан фойдаланиб чайқовчилар кўмирни ўзи истаган нархда пулламоқда (“Оила даврасида”, 15 декабрь). “Ўзбеккўмир” ширкатининг Маҳсулот сотиш ва маркетинг бўйича директори Носир Умаровга кўра, жорий куз-қиш мавсумида Молия вазирлиги томонидан бир тонна кўмир баҳоси 146 минг 400 сўм этиб белгиланган. Вилоят бозорларида эса кўмир илиқ кунларда 700-750 минг сўмдан сотилмоқда. Совуқ тушиши билан қаттиқ ёқилғининг тоннаси 900 минг сўмга кўтарилмоқда. “Хўш, кўмирни бу нархда сотаётган ким? Олибсотарми ёки тадбиркор? Нима учун у қаттиқ ёқилғини истаган нархда эмин-эркин сотиб юрибди? Нега унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти? Ёки бунда биз билмайдиган бошқа бирор сабаб борми?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

Тошкентдаги кўп қаватли уй ертўласи илонлар маконига айланган

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Фазогир маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро Озода Диёрованинг уйидан икки бора илон чиқди (“Ҳуррият”, 14 декабрь). Норасида фарзандини катта қилаётган аёл ҳожатхонадан чиққан илонларни ўлдиришга муваффақ бўлган. Хавфли жониворлар кўп қаватли уйнинг сув босган ертўласига ин қурган. “Ертўлага кирарканмиз, бир қарашдаёқ муаммонинг моҳиятини англадик. Ҳаммаёқ захлаб кетган. Узун ва қоронғи йўлаклардан юрарканмиз, ахлату балчиққа дуч келамиз... Бундай аҳволни кўриб, бу манзилга ҳадемай тимсоҳлар ҳам “ташриф буюрса” ажаб эмас деган фикрга келдик!” дея киноя қилади газета. Ўрганиш жараёнида кўп қаватли уйнинг иситиш тизими ҳам яхши ишламаслиги аниқланган.

Ўзбекистонда олимлар қоғоз тайёрлашнинг янги усулини яратди

Ўзбекистонлик олимлар қоғоз тайёрлашнинг янги таркибини яратди. Мазкур ихтиро целлюлоза қоғоз саноатида ишлатилади. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари Республика интеллектуал мулк агентлигига асосланиб хабар берган. Ихтиронинг асосий вазифаси сифат кўрсаткичлари юқори бўлган қоғоз тайёрлаш учун таркиб ишлаб чиқиш ва олинаётган қоғоз нархини арзонлаштиришдан иборат. Мазкур янги усул учун ҳаммуаллифлар – М. Муродов, Б. Ҳодиев, С. Туробжонов, Г. Раҳмонбердиев, Ю. Содиқов ва М. Касимовларга патент берилган.

XS
SM
MD
LG