Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:58

OzodDayjest: Андижон ҳокими 800 миллион сўмлик машина харид қилгани эътирозларга сабаб бўлди


Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Бухоро шаҳридаги тарихий обидалар ташландиқ аҳволда қолгани айтилмоқда. Андижон ҳокимининг “TAHOE” автомобилини харид қилгани ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди. Самарқандда шифокор айби билан она ва унинг қорнидаги эгизаклар нобуд бўлди.

________________________________________________

Бухородаги тарихий обидалар ташландиқ аҳволда қолгани фош қилинди


Бухоро шаҳридаги маданий мерос объектларини муҳофаза этиш борасида бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди (“Инсон ва қонун”, 4 февраль). Бу ҳақда шаҳар адлия бўлими бошлиғи Абдураҳимхўжа Бафоев маълум қилади. Хусусан, Абдулазизхон (XVII аср), Тош Сарой (XVIII), Чуқур (XIX) мадрасалари, Намозгоҳ мажмуаси ҳамда XIX асрда қурилган Мулла Пайравий масжидини муҳофаза этиш билан боғлиқ жиддий қонунбузарликлар қайд этилди. XIX асрда қурилган Хўжа Порсо мадрасаси ҳовлиси ҳам ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Саховатпеша тадбиркорлар томонидан тарихий обидаларни обод қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам “ўзлаштирилган”. Қайд этилишича, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлган вилоят Маданий мерос бошқармаси ижтимоий тармоқларда бировлар қилган савобли ишни “биз амалга оширдик” дея мақтанган.

Андижон вилояти ҳокими “TAHOE” автомобили хариди учун танқидларга нишон бўлди


Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов нархи салкам 800 миллион сўм турадиган “TAHOE” хизмат автомобилини харид қилгани ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди (www.xabar.uz, 5 февраль). Янги автомашинага 60 001 ААА давлат рақами қадалганини кўриш мумкин.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Мирзоҳид Ботиров ушбу ҳолатга изоҳ берган. Котибга кўра, ҳокимнинг хизмат машинаси техник носозлиги сабаб ўша кунлари “UzAuto Motors” балансидаги “TAHOE”дан вақтинча фойдаланиб турган. Аммо мазкур изоҳ “ўта ишончсиз, ҳатто кулгили” деб баҳоланган.

“Биринчидан, вилоят ҳокимининг хизмат машинаси ростанам техник носоз бўлса, ҳокимликда фойдаланишга бошқа машина йўқмиди?

Иккинчидан, “UzAuto Motors” – Андижон вилояти ҳокимлигининг “шахсий томорқаси” эмас, шу маънода ўз балансидаги қимматбаҳо машинани вақтинча фойдаланиб туриш учун ҳокимга қўшқўллаб топширганига ишониш қийин”, деб ёзади Хabar.uz нашри.

Уч жоннинг ўлимига сабаб бўлган шифокор ахлоқ тузатиш жазоси билан қутулди


Самарқанд вилояти Нарпай тумани тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи А.Х. устидан суд жараёни якунланди (“Даракчи”, 6 февраль). Шифокор уч жоннинг ўлимига сабабчи бўлган.

2019 йилнинг 21 апрелида туман тиббиёт бирлашмасига ҳомиладор ҳолатдаги Н.Б. исмли аёл келтирилган. Беморни қабул қилиб олган акушер-гинеколог А.Х. уни жиддий текширмаган, беш кун давомида бирор бир муолажа ўтказмаган. Аёл вақтида даволанмагани оқибатида унинг қорнидаги эгизаклар нобуд бўлган. Шифокорнинг масъулиятсизлиги сабаб аёлнинг ўзи ҳам кўп қон йўқотиб вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ҳам аёлнинг ўлимига шифокорнинг даволаш стандартларига риоя қилмагани сабаб бўлган, деган хулосани берган. Жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани суди раиси Илҳом Қорабоевга кўра, судланувчи бир йил муддатга акушер-гинеколог шифокори лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган, ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизини ушлаш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG