Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

Бухорода расмийларни гаровга олган “кароматгўй” табиб қамалди


Андижонда оналар ва болалар ўлимига сабабчи бўлган шифокорлар жавобгарликка тортилди. Ички ишлар вазири Сурхондарёда жиноятларни яшириш ҳануз давом этаётганини танқид қилди. Бухорода тракторчидан чиққан “кароматгўй” табиб милиционерлар ва солиқчиларни калтаклатди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

________________________________________________________________

Андижонда шифокорлар совуққонлиги туфайли оналар ва болалар нобуд бўлди

Андижон вилоятида 2016 йилда бир неча бор оналар ўлими қайд этилди (“Ҳуқуқ”, 2 март). Масалан, Жалақудуқ туманида яшаган Нилуфар Исоқова, Андижон туманида яшаган Наргиза Эргашева, Андижон шаҳрида яшаган Шоҳида Ходжаева туғруқ мажмуаси ходимларининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши оқибатида туғиш жараёнида оламдан ўтган. Оналар ўлими бўйича 7 нафар тиббиёт ходими жиноий жавобгарликка тортилган, 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, яна 6 нафарига интизомий жазо қўлланган. Қайд этилишича, бирламчи тиббиёт муассасаларида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмаслиги, патронаж тизими йўлга қўйилмагани оналар ва болалар ўлимига сабаб бўлган. 2016 йилда Андижон вилоятида 66831 та туғруқ кузатилган бўлса, улардан 60534 таси тиббий назоратга олинган, холос.

ИИВ вазири: Сурхондарёда жиноятларни яшириш ҳануз давом этмоқда

Сурхондарё вилоятида жиноятчиликка қарши кураш ишлари талабга жавоб бермайди (“Постда”, 25 февраль). Бу ҳақда вилоятда ўтган Бош прокурор И.Абдуллаев ва Ички ишлар вазири А.Азизов иштирокидаги йиғилишда маълум қилинган. Ички ишлар вазирига кўра, Сурхондарёда жиноятларни фош этиш кўрсаткичлари тобора пасайиб бормоқда, тергов сифатсиз олиб борилаётгани боис кўплаб жиноят ишлари қўшимча терговга қайтарилмоқда. Энг ачинарлиси, ҳануз жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳоллари давом этаётир. Вазир А.Азизов жиноятларни тергов қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг сабабларини ўрганиш лозимлигини уқтирган.

Бухоролик сохта табиб ҳокимга тутуруқсиз талаблар қўйди

Бухоро вилояти Олот тумани Буржоқ қишлоғида яшаган Қаҳрамон Пўлатов сохта табиблик ортидан 2 миллиард сўмдан ошиқ даромад қилгани аниқланди. Бухоро вилояти прокуратураси вакили Ботир Султоновнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, аввал тракторчилик билан шуғулланган Қ.Пўлатов ўзини кароматгўй, авлиёсифат табиб деб атаб, дев ва парилар ёрдамида ҳар қандай касални даволаши ҳақида овоза тарқатган. Сохта табибнинг ҳузурига Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ҳамда Туркманистон ва Қозоғистондан кунига 130 нафар атрофида бемор келган. 2016 йилнинг 16 майида туман ИИБ, солиқ идораси ҳамда давлат санитария ва эпидемиология хизмати вакиллари Қ.Пўлатовнинг уйига текширув учун боради. Сохта табиб уйидаги беморлар билан биргаликда ҳокимият вакилларини калтаклашади ва уларни гаровга олишади. Қайд этилишича, қуюшқондан чиқиб кетган табиб воқеа жойига етиб келган туман ҳокимига ҳам тутуриқсиз талаблар қўяди. Ҳокимият вакиллари гаровдан қандай озод этилганига оид тафсилотлар очиқланмаган. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди сохта табиб Қ.Пўлатовни 8 йилга, унинг ўғли В.Пўлатовни эса 7 йилга озодликдан маҳрум этган.

Матбуот: Ёғингарчилик кунлари йўллар... кўлларга айланмоқда!

Тошкентда ёғингарчилик кўп бўлган кунларда йўлларда кичик кўллар пайдо бўлиб, қатновга халақит бермоқда, оқибатда узундан-узоқ тирбандликлар юзага келмоқда (“Жамият”, 24 февраль). Профессор Абдуборий Шоҳидов йўллар ўз дренаж тизимига эга бўлиши, яъни ёмғир ва қор сувлари оқиб чиқиб кетиши лозимлигини айтган. “Нега йўлларимиз табиатнинг озгинаси хархашасига ҳам дош беролмаяпти? Нима учун иш чала-ёрти қолиб кетяпти? Ёки йўллар тез-тез таъмирталаб бўлиб қолишидан кимдир манфаатдорми?” дея саволлар қўяди газета.

XS
SM
MD
LG