Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:59

Мирзиёев келишига уйини сариққа бўяшдан бош тортган сирдарёлик жаримага тортилди


Мирзаобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи билан Исроил Ризаев (ўнгдан биринчи) ўртасидаги тортишув.
Мирзаобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи билан Исроил Ризаев (ўнгдан биринчи) ўртасидаги тортишув.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, сирдарёлик Исроил Ризаев президент Шавкат Мирзиёевнинг келишига катта йўл четидаги уйини сариқ рангга бўямагани учун туман Мажбурий ижро бюроси томонидан қарийб уч миллион сўмга жаримага тортилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Исроил Ризаевнинг айтишича, туман милиция бошлиғининг ўзи девор ва том бўяш ишларига бош-қош бўлган ва у уйининг бир томонини ранглашдан бош тортгани учун МИБни чақиртириб, ҳуқуқ фаолига электр пулини тўламаган, деб жарима солдирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига сафари 4 апрелда кутилган эди.

Аммо, вилоят ҳокимлигидан Озодлик радиосига билдирилишича, президент сафари номаълум муддатга қолдирилган.

Президентнинг вилоятга бориши олдидан, бутун республикада бўлгани каби, Сирдарёда ҳам ободончилик ишлари авж олган, президент ўтиши эҳтимоли бўлган катта йўл бўйидаги уйлар девори ва томининг кўча томонини бир хил рангга бўятиш ишлари олиб борилган.

Президент ўтиши эҳтимоли бўлган кўчадаги уйлар ана шундай шошма-шошарлик билан бўялди
Президент ўтиши эҳтимоли бўлган кўчадаги уйлар ана шундай шошма-шошарлик билан бўялди

Сирдарё вилоят, Мирзаобод туманида яшайдиган, “Эзгулик” жамияти фаоли Исроил Ризаевнинг Озодликка айтишича, унинг уйи ҳам катта йўлнинг бўйида жойлашгани сабаб сариқ рангга бўяш буюрилган, аммо у бунга қарши чиққан:

- Бутун уйимнинг атрофини тўқ сариқ рангга бўятамиз дейишди. Мен уларга айтдим, бу менинг уйим, бу менинг шахсий мулким, мен сариқ рангга бўятишни истамайман, десам, сен бунга мажбурсан деяпти. Қизиғи шундаки, бу ишларнинг тепасида туман ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Абдуллаев турибди. Мен унга , яқинда милиция ҳақида Қонун қабул қилинди, бу иш сизнинг вазифангизга кирмайдику, десам, бизга ҳоким топшириқ берган, бу сиёсат, дейди. Президент келиб-кетганидан сўнг хоҳлаган рангингга бўяйверасан, ҳозир кўча томон ҳаммаси бир хил рангда бўлиш керак, деяпти, дейди ҳуқуқ фаоли.

Исроил Ризаевнинг айтишича, у қаршилигини давом эттиравергач, милиция бошлиғи туман Мажбурий ижро бюросидан вакил чақиртириб, уни жазолашни буюрган:

- Милиция бошлиғи чақиргандан кейин МИБдан Абдусамат Қаҳрамонов деган ходим етиб келди. Менга светга қарзинг бор деб, уч миллион сўм жарима ёзиб ташлади. Мен, бироз қарзим борлигини, лекин мен ва ўғлим тўлаган пулларнинг ҳаммасини квитанцияси борлиги, бу баҳсталаб масала эканини айтсам ҳам, таппа ўша ернинг ўзида жарима қиляпти. Лекин, бу менинг қаршилигим учун ўша жойнинг ўзида берилган жазо эканлигини англаб бўлган эдим, - дейди Исроил Ризаев.

Мирзаобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи МИБ ходимини чақиртиргани
Мирзаобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи МИБ ходимини чақиртиргани

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, унинг уйининг дарвозаси ҳам қўпориб ташланган:

“Дарвозамиз умумий кўринишни бузиб турибди экан, кўчириб ичкарига олиб кириб қўйишди. Мени “инсоф”га келтиргани маҳалла оқсоқоларини ишга солишди. Кейин боре, нима қилсаларинг қилинглар, дедим. Ўзлари ранг пуркагич билан бўяб кетишди. Кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас бу. Президентнинг келишига уйимнинг ярмини сариққа, томимни кўкка бўятишимнинг менга нима кераги бор?”, дейди Исроил Ризаев.

Мирзаобод туман ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Абдуллаев Озодлик саволларига жавоб бераркан, шу можарода иштирок этганини тан олди, лекин унинг топшириғи билан Исроил Ризаев жарима қилинганини инкор қилди:

“Сизга нотўғри тушунтиришибди. Жарима қилингани тўғри, лекин нима учун? Жаримаси электр энергияни истеъмол қилган, лекин ҳақини тўламагани учун. Уни мен бошида туриб жарима қилмаганман, уни МИБ жарима қилган”, деди Элёр Абдуллаев.

Озодликнинг “уйларни бўятиш жараёнида чиққан можаро сабаб, сиз МИБни чақиртирганган экансиз", деган саволини эшитгандан сўнг Элёр Абдуллаев алоқани узиб қўйди.

Мирзаобод туман Мажбурий ижро бюросининг ўзини таништирмаган ходими Исроил Ризаев билан боғлиқ можародан хабари йўқлигини айтди.

Озодликнинг Исроил Ризаевни жаримага тортган МИБ ходими Абдусамат Қаҳрамоновни топишга қилган ҳаракати натижа бермади.

Ўзбекистонда Президент, Бош вазирнинг вилоятларга ташрифидан олдин объектларни чиройли кўрсатиш мақсадида кўзбўямачилик қилиш ҳолатлари учраб туради.

30 март куни Жиззах вилоятига борган президент Шавкат Мирзиëевга президент топшириғига мувофиқ қурилган “Зарбдор текстил” МЧЖ га гўё иш бошлагандек қилиб кўрсатилган ва ишчилар ролини коллеж ўқувчилари ўйнаб берган эди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи олдидан жиззахликлар уйларининг шиферларини тунукага алмаштириб, уни қизилга бўяшга мажбурланган эди. Бельгиядан келтириб, кўчаларга ўтқазилган гул ва дарахтлар қурий бошлагач, кўчатларнинг ҳар бирига биттадан одам бириктирилганди.

2017 йилнинг апрелида бир-биридан мустақил тингловчилар президентнинг Жиззах вилоятига сафаридан олдин кўчаларда йиллардан буён қилинмаган ободонлаштириш ишлари зудлик билан бошлаб юборилганини Озодликка хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG