4 апрель куни Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизматининг бу ҳақдаги хабарига илова қилинган суратларда маросимда Мактабгача тарбия вазирлиги раҳбари Агриппина Шин, вазирликнинг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳнозахон Шавкатовна Мирзиёева (Ўзбекистон президентининг қизи), бошқа расмийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этганини кўриш мумкин.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизматига кўра, мазкур муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.
“Нукус шаҳридаги реабилитация-таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3909-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилди. Ушбу мактабгача таълим муассасаси 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган”, дейилади Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Айтилишича, Нукус шаҳрида реабилитация-таълим муассасасининг қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан тўлиқ амалга оширилган.
Майдони 3 447 кв. метр бўлган икки қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2та физиотерапия хонаси, 2та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.
“Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан республика Президентининг ташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди. Бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга қўшила олмас эдилар. Кўп тарбияланувчилар ҳаётининг асосий қисмини уй деворлари ортида ўтказардилар. Шунингдек, биз Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошламоқдамиз. Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга. Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик”, - деган Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланадилар, куннинг иккинчи яримда эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтадилар, деб хабар қилди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.
Президентнинг кенжа қизи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг Ўзбекистонда янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигидаги лавозими ўтган йилнинг январида эълон қилинган эди.
Вазирлик сайтига жойлаштирилган расмий маълумотга кўра, Шаҳноза Шавкатовна Мирзиёева Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосаридир.
Ушбу бошқарма давлат, нодавлат ва муқобил кўринишдаги болалар боғчалари фаолиятини ташкил этиш билан шуғулланиши ёзилган.
Шаҳноза Мирзиёева дастлаб 2017 йил, 19 декабрь куни президент Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазир Агрепина Шиннинг ёнида ўтирганди.
Шаҳнозанинг эри, Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров "қайнотасининг тансоқчиси", деган маълумотлар мавжуд.